Сенаторлар ва Адвокатлар палатаси раиси учрашуви бўлиб ўтди
Бугун, 25 март куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов, мазкур Қўмита раиси ўринбосари Шухрат Чўллиев ва Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров иштирокида шу кунларда оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига киритилаётган таҳририй ўзгартишлар бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув иштирокчилари юзага келган тушунмовчилик юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилишди.
Сенаторлар кириталаётган ўзгартиш адвокатлик фаолиятига бирон-бир янги чеклов киритаётганлигини англатмаслиги, балки, қонунчиликни замонавий технологиялар ривожига монанд равишда мослаштиришга қаратилганлиги, шу муносабат билан адвокатлик ҳамжамияти ва фуқароларда хавотир олишга ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини таъкидлашди. Бугунги кунда айнан шу ҳаракатлар учун прокурор санкцияси олиниши шартлиги амалдаги қонунда белгиланган ва ундан ташқари ҳудди шундай қоида Ўзбекистон судьяларига нисбатан ҳам белгиланганлиги таъкидланди. Шу билан бирга санкциялар босқичма-босқич прокуратура органларидан судларга ўтказилаётганлиги ҳам қайд этилди.
Ўз ўрнида, Адвокатлар палатаси раиси, тегишли қонун ҳужжатига кўра адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Палата билан ҳамкорликда ишлаш зарур бўлсада, айнан шу қонун лойиҳаси бўйича Палата жалб қилинмаганлиги бугунги кунда мамлакатдаги очиқлик сиёсати шароитида адвокатлар ҳамжамияти эътирозларига сабаб бўлаётганлигини таъкидлади.
Учрашувда юзага келган масалани тегишли идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилишга ҳамда адвокатура институтини ривожлантириш ва жамиятда адвокатлар мавқеини ошириш борасида ҳамкорлик қилишга келишилди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими