Адлия вазирлигида фуқаролик жамияти институтлари муаммолари танқидий муҳокама қилинди
Жорий йил 28 август куни адлия вазири Р. Давлетов ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фаоллари билан учрашди.
Учрашув аввалида адлия вазири Р. Давлетов яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, пандемия шароитида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги Фармони билан адлия органлари зиммасига нодавлат секторни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чораларни кўриш вазифаси юклатилганлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жамоатчилик эшитуви, мониторинги ва жамоатчилик экспертизасини ўтказиш нодавлат сектор орқали амалга оширилиши, бироқ, амалиётда бу турдаги жамоатчилик назорати шакллари етарлича амалга оширилмаётганлиги қайд этилди.
Жамоатчилик назорати шаклларидан, айниқса, “жамоатчилик эшитуви”нинг муҳим эканлиги, чунки мазкур назорат шакли давлат органлари ва мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун зарурлиги, шу сабабли жамоатчилик эшитувини янада кўчайтириш лозим эканлигини таъкидланди.
Жамоат фондларига ажратилган маблағларни ишлатиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, бугунги кунда жамиятнинг ҳавотирига сабаб бўлаётган талон-тарожликларни олдини олиш мақсадида умуман янги бўлган очиқлик стандартини жорий этиш лозимлиги вазирлик томонидан илгари сурилди.
Ушбу стандартда ҳомийлар ва учинчи шахслар маблағларини жалб қилувчи ва сарф қилувчи ҳар қандай давлат ёки нодавлат жамғармалари, нотижорат ташкилотлари ҳар бир ишлатилган маблағ бўйича жамият олдида аниқ, батафсил ва кенгайтирилган ҳисоботни даврий равишда бериб боришининг юқори талаблари белгиланиши лозим.
Тадбирда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фаолият камайганлиги, нодавлат сектор тизимидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти тўхтаб қолаётганлиги, ходимларнинг иш ҳақларини беришда муаммолар бўлаётганлиги, давлат грантлари, субсидия ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг харажатларига қўшилмаётганлиги каби муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раҳбари К. Абдуллаев ногиронлиги бўлган шахслар учун чет давлатдан олиб келинадиган инсонпарварлик юкларини расмийлаштиришда айрим муаммолар бўлаётганлигини, “Менга умр бахш эт” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Г. Искандарова эса болалар уйларининг 100 га яқин битирувчилари учун “Ёшлар маҳалласи” номли пилот лойиҳани амалга ошириш учун ер майдони ажратишда қийинчилик бўлаётганлигини айтиб ўтди.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раҳбари О. Исаков Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 августдаги қарори билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этиш белгиланган бўлсада, ушбу масала ҳалигача тўлиқ ўз ечимини топмаётганлигини баён қилди.
Таъкидланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида уларни республика бўйича таҳлил қилиш ва Ҳукуматга таклифлар киритиш, бу каби учрашувларни имкон қадар кўпроқ ўтказиб бориш, шунингдек ишчи гуруҳлар тузган ҳолда вазирлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари унификация қилиниб, ягона Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни якунланаётганлиги ва ушбу кодекс лойиҳаси нимаси билан муҳим ва аҳамиятли эканлигига тушунтириш берилди.
Учрашув давомида нодавлат сектор фаолиятига ноқонуний аралашиш ва уларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини аниқлаш бўйича доимий мониторинг олиб бориш, улар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликни жорий этиш, вазирлик ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида нодавлат сектор вакиллари учун ўқув курсларини ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими