Давлат органлари ва ташкилотлари ўз функцияларини волонтёрлик фаолияти орқали самарали ва тежамкор шаклда бажаришлари мумкин
Волонтёрлик фаолияти - жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолиятдир.
Волонтёрлик жамият ижтимоий соҳасининг ривожланишига таъсир кўрсатадиган мураккаб ва кўп қиррали ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Волонтёрлик тегишлича шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтиб, “ижтимоий иш” каби касбий фаолиятнинг вужудга келиши учун асос бўлди.
Волонтёрликнинг муҳимлиги – жамиятдаги ижтимоий кескинликни камайтириш ва долзарб ижтимоий муаммоларни енгиллаштиришдадир.
Бугунги кунда волонтёрлик ишлари бутун дунё бўйлаб жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бу ҳолат биринчи навбатда жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга боғлиқ бўлиб, бозор муносабатларининг шаклланишига ҳамда хусусий бизнесни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.
Давлатнинг волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаши нафақат муҳтожларга самарали ёрдам беришга, балки бутун жамият тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин.
Илмий тадқиқотларга кўра, волонтёрлик учун асосий сабаблар қуйидагилар:
– одамлар табиатан альтруистик (бу ахлоқий тамойил бўлиб, унга кўра бошқа одамларга яхшиликлар қилиш ва уларнинг манфаатлари ўз-ўзидан ва шахсий манфаатларидан кўра муҳимроқ кўриш) бўлиб, улар бошқаларга ёрдам бериш истаги билан ҳаракат қилади;
– одамлар хайрли иш қилишганда, ўзларини яхши (хотиржам) ҳис қилишади.
Бугунги бозор муносабатлари даврида ҳомийларни нафақат ахлоқий, балки маълум даражада фойда олиш ғояси ҳам қизиқтиради. Масалан, тижорат ташкилотлари ва сиёсий партиялар учун хайрли ишлар реклама ва яхши имиджга эга бўлиш учун жуда муҳим ҳисобланади.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, хайрли ишлар, волонтёрлик, хайрия фаолияти одамларни турли мақсадларга ундайди. Хайрия баъзиларда инсонларга нисбатан меҳр-шавқат уйғотса, бошқалар учун фойда келтирадиган фаолиятдир.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 80 дан ортиқ мамлакатларда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис, кўнгилиллар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда. Кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади, улар муайян товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради, давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади ва бу бюджет маблағларини иқтисод қилишга имкон беради. Кўнгиллилик, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига фаол киришиш жараёнларига кўмаклашишга, зарур иш тажрибасини тўплашга, меҳнат бозори талаблари бўйича малака ва кўникма ҳосил қилишга, ижтимоий муносабатларда уларнинг фаоллигини оширишга туртки беради.
Қайд этиш лозимки, хайрия соҳасида дунё миқёсида тадқиқотлар олиб борилади ва давлатларнинг рейтинглари эълон қилиб борилади. Хусусан, Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) – дунё мамлакатларининг ютуқларини аҳолининг хайрияга муносабати нуқтаи назаридан ўлчайдиган кўрсаткичдир. Жаҳон хайрия индекси 153 та мамлакатни ўз ичига олади ва бу мамлакатлар аҳолисининг хайрия соҳасида қанчалик фаол эканлигини кўрсатади.
Британия халқаро хайрия жамғармаси (Charities Aid Foundation) ташаббуси билан 2010 йилдан буён Гэллап институти (Gallup) методикаси ёрдамида жамоатчилик фикри натижалари юзасидан тадқиқот ўтказилади. Бугунги кунга қадар, жаҳон миқёсида хайрия соҳасида олиб борилган ишлар ҳақида аниқ маълумот берувчи ягона тадқиқот ҳисобланади.
Индексни тузишда учта асосий жиҳат ҳисобга олинади:
1) волонтёрлик фаолиятида иштирок этиш;
2) бегоналарга ёрдам бериш;
3)хайрия ташкилотларига пул маблағларини ўтказиш.
Жаҳон хайрия индексида мамлакатимиз 25 ўринни эгаллаган.
Фаол фуқаролар ва волонтёрлик гуруҳлари томонидан табий офатлар юз берганда, пандемия шароитида хайрия акциялари ўтказилиб, кўплаб эҳтиёжманд оилаларга хайрия маблағлари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон маҳсулотлари, гигиена воситалари ва бошқалар тарқатилаётганлиги эътиборга молик.
Мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Унга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти орқали кам таъминланганларга, ишсизлар, кўп болалилар, бошпанасизлар, қаровсиз қолганларга ёрдам кўрсатиш, беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, ёлғизларни, қарияларни ва бошқа ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлаш, табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий меросни, тарихий-маданий муҳитни, дафн этиш жойларини сақлаб қолиш, оммавий спорт, маданий ва бошқа жамоат тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа йўналишлар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
Қонуннинг қабул қилиниши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлар (волонтёр гуруҳлар, волонтёр ташкилотлар) билан ижтимоий шериклик тўғрисида шартномалар тузиш орқали волонтёрлар кучидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Адлия вазирлиги томонидан ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга волонтёрлар кучидан фойдаланган ҳолда хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси ва турли тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” (“Мы вместе!” “We are together!”) ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ўз уйларида турли хилдаги маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланадиган, бироқ уларни реализация қилишда қийинчиликларга учраётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг тайёрлаган маҳсулотларини реализация қилиш учун йирик савдо мажмуаларида бевосита Адлия вазирлигининг кўмагида имтиёзли асосда махсус савдо расталари ташкил қилиниб, ушбу савдо мажмуалари раҳбарлари билан ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли келишувлар имзоланди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “ECOBOZOR” савдо мажмуасида вазирлик томонидан илк маротаба Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар 1-республика савдо ярмаркаси ўтказиб келинмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграцияси
ва тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини эркин меҳнат қилиши ҳуқуқларини таъминлаш нафақат давлат органларининг, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам вазифаси ҳисобланади.
Шу боис, навбатдаги ярмарка жорий йилнинг сентябрь ойида “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида вазирлик ҳамда “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда ижтимоий шериклик асосида ўтказилиши режалаштирилди.
Вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз функцияларини волонтёрлик фаолияти орқали самарали ва тежамкор шаклда бажаришлари мумкин.
Бунда, волонтёрлик гуруҳлари, волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик тўғрисида шартномалардан кенгроқ фойдаланишлари лозим.
Волонтёрлар фаолиятидан фойдаланишда, амалга ошириладиган ишларнинг оғирлигига қараб волонтёрларни тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтказиш, режалаштирилган меҳнат тури бўйича тўлиқ маълумотларга эга бўлиши, меҳнат тури ва шарт-шароитдан келиб чиқиб махсус кийим-бош, бажараётган иш ҳажми ва кўламига қараб маош, шунингдек, тураржой, тиббий хизмат ва иссиқ овқат билан таъминлаш, меҳнат объектини танлашда хавфсизлик даражаси, ёшларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмаслик каби жиҳатлар эътиборга олиниши лозим.
Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқармаси бош маслаҳатчиси Зафар Мустафақулов