Савол-жавоб
САВОЛ: Ассалому алайкум. Мени сизларга берадиган бир қанча саволларим бор эди. Мактабимиз директорининг менинг қаршилигимга қарамасдан ўзимнинг дарс соатларимни бошқа кишига бериб юборди. Сабаби дарс соатим кўп экан. Бу вазиятда у хақлими? Умумий қонунчиликка асосан иш соати қанча? Мен қандай тартибда ўз хуқуқларимни химоя қиламан? Мактабимизда низоларни қанча айтсам хам эшитиб кўриб чиқишмаяпти. Судга эса бож тўлашга имконим йўқ. Йўналиш берсангиз. Олдиндан рахмат!
ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом.
Сизга бирин-кетин тегишли асосларни келтириб, жавобларимизни бериб ўтамиз.
Мехнат кодекси 115-моддасида иш вақтининг нормал муддати белгиланган.
Унга кўра ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Кейинги масала, директор бу вазиятда мехнат шартларини ўзгартиришга хақли эдими?
МК 89-моддасида иш берувчининг ходим розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириш ҳуқуқи белгиланган.
Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар учун (аёллар киради бу тоифага) меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олади.
Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Юқоридаги асослар бўлганда, директор хақли бўлар эди.
Меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг ва бошқа норматив ҳужжатларнинг қоидаларини, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд шартларни ўзгартириш тўғрисидаги меҳнат шартномаси мажбуриятларини қўлланиш масалаларига доир меҳнат низолари ходимнинг танлашига мувофиқ меҳнат низолари комиссиясида ёки судда кўрилади.
Мехнат кодекси 269-моддасига кўра меҳнат низолари қуйидаги ҳолларда бевосита туман (шаҳар) судларида кўриб чиқилади:
1) агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса;
2) улар меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисида, меҳнат шартномасини бекор қилиш вақти ва асослари таърифини ўзгартириш тўғрисида, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлашга доир бўлса;
3) улар ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг тўланиши ҳақида бўлса;
4) улар меҳнат вазифаларини бажараётганда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни (шу жумладан маънавий зарарни) ёки унинг мол-мулкига етказилган зарарни иш берувчи томонидан тўланиши ҳақида бўлса;
5) улар ушбу Кодекс 78-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақида бўлса;
6) улар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан олдиндан келишиб ҳал этилган масалалар юзасидан келиб чиққан бўлса.
Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган меҳнат низоларидан бошқа низолар ҳам ходимнинг хоҳишига кўра бевосита туман (шаҳар) судларида кўрилади.
Мансабдор шахслар томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш тўғрисидаги меҳнат низолари, агар мансабдор шахс етказган зарар иқтисодий низони кўриб чиқиш пайтида аниқланган бўлса, иқтисодий судлар томонидан ҳам кўриб чиқилади.
Меҳнат низоси меҳнат низолари комиссиясида кўрилмаган деган важ билан ходимнинг аризасини кўриб чиқишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, сиз бу вазиятда меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ойда судга даъво киритишингиз керак. Муддати ўтиб кетиши мумкин. Тезроқ даъво киритишингиз керак.
Яна, МК 277-моддасига мувофиқ ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар.