Япониянинг машҳур компанияси Ўзбекистондаги йирик кимёвий ишлаб чиқарувчи компания – "Ifoda Agro Kimyo Himoya" МЧЖнинг 10 млн. АҚШ долларлик акцияларини сотиб олди
Кунчиқар юрт – Япония мамлакатининг машҳур, энг йирик компанияларидан бири бўлган “Balсom Co., Ltd” Ўзбекистонда экинларни ҳимоя қилиш воситалари ва минерал ўғитлар бозори кундан кунга ривожланиб келаётганлигини, умуман, қишлоқ хўжалигининг келгуси истиқболини кўзлаб, мазкур соҳага инвестиция киритишга қарор қилди. Албатта, бу борада ўсимликларни ҳимоя қилишга қаратилган кимёвий воситалар ва ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни етказиб бериш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган “Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖ билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишилди ва шу мақсадда бир неча бор онлайн учрашувлар ташкил этилди.
Ўзаро бўлиб ўтган музокаралар натижасида “Balсom Co., Ltd” компанияси “Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖга тўғридан-тўғри 10 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишига келишиб олинди.
Мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
- “Ifoda Agro Kimyo Himoya” компанияси негизида «NIPPON - IFODA» ўзбек-япон қўшма корхонаси ташкил этилади;
- Компаниянинг ишлаб чиқариш ва савдо фаолияти янги босқичга кўтарилади, янги инновацион технологиялар жорий этилади, компанияда ребрендинг амалга оширилади;
- Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг барчаси япон технологиясига мослаштирилиб, япон сифати жорий этилади ва натижада маҳсулотларнинг сифат даражаси юқори босқичга кўтарилади;
- Компаниянинг экспорт салоҳияти кўтарилиб, қўшни давлатларга маҳсулот экспорт қилиш режалари амалга оширилиши учун янги имкониятлар яратилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “Ifoda Agro Kimyo Himoya” компанияси хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли бўлган иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб, янада кенгайтириш, шу орқали экспорт салоҳиятини ошириб, дунё бозорига чиқиш борасидаги фаолиятини мунтазам ривожлантириб бормоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керак, “Balсom Co., Ltd.” компанияси 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда автомобиль, мотоцикл, авто ва мото эҳтиёт қисмларни таъмирлаш, сотиш, импорт ва экспорт қилиш, кўчмас мулк савдоси ҳамда умумий овқатланиш соҳалар бўйича кўплаб давлатлар, хусусан, Япония, Хитой, Сингапур ҳамда Ўзбекистон мамлакатларида бизнес юритиб келади.