ЗАМИНИМИЗ ШИФОКОРЛАРИ
Инсон иситма қилса, бирор аъзоси оғриса ёки бетоб бўлиб қолса дарров шифокорга мурожаат қилади. Шифокор эса, ўз навбатида унга керакли муолажа ёки бирор дори рецептини ёзиб беради. Худди шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ана шундай табиблар борки, бугун дастурхонимизнинг тўкин, бозорларимиз мўл-кўл бўлиши, иқтисодиётимизнинг тараққий этишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улар агрономлар—заминимиз шифокорлари.
Ифода компаниясида бундай инсонлар талайгина. Шулардан икки нафари бугун Наманган вилоятида бир неча йиллардан бери фермер ва деҳқонларга фаол хизмат кўрсатиб, нафақат ҳосилдорлик, балки, уларнинг даромадларини ҳам оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Танишинг, Отабек Қудратов ва Орифжон Бозоров.
Отабек ака табиатан камтар, содда, гапни эмас, ишни кўп қиладиган инсон. Қарийб 28 йилдан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва парваришлашда катта тажриба орттирган. Ифода компаниясида 2017 йилдан бери самарали ишлаб келмоқда. Орифжон ака ҳам худди шундай меҳнатдан таб тортмайдиган, ҳар қайси вақтда мурожаат қилган фермерларга холис хизмат кўрсатадиган тажрибали агроном. У 20 йилдан бери шу соҳа ичида.
— Вилоятимизда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 11 та туман бўлса, деярли барча туманлардаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатамиз,— дейди О. Қудратов.—Шунингдек, ҳудудимизда мавжуд 5та кластер билан ҳам ҳамкорлик қилишга эришдик. Имкон қадар ҳар битта фермерга сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз билан доимий ҳамкорлик қилиб, барча агротехникаларини бамаслаҳат ўтказган хўжаликлар ҳосилдорлигини ошириб келмоқда. Масалан, бу мавсумда ғалладан 100 центнер атрофида буғдой олганлар кўп бўлди.
Айтиш керакки, ҳудуддаги “Мироншох” ф/х, “Умрзаков Жаҳонгир” ф/х, “Акрамжон Маматов” ф/х, “БотиржонБобурбек” ф/х, “Замин” ф/х, “Улуғбек” ф/х лари 90–100 центнердан ва яна бошқа кўплаб хўжаликлар 70–80 центнердан хирмон кўтаришди. Энди эса, пахтадан юқори ҳосил олиш учун биргаликда ҳаракат қилишмоқда. Албатта бу ердаги деҳқонларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Асосий муаммо баъзи жойларда, масалан, Косонсой, Чуст, Уйчи каби туманларларда сув танқислиги мавжуд. Бу ҳосилдорликнинг камайишига ўз таъсирини кўрсатади.
— Бундай ҳудуддлардаги фермерлар билан ҳам биргаликда ишлаймиз,— дейди агроном Орифжон Бозоров.— Бошидан барча агротехникаларни қўллаб, яхши парваришлаймиз, бироқ, ҳосил тугиш вақти келганда сувдан муаммо бўлиб, юқори ҳосил олишни имкони бўлмай қолади. Энди бу муаммони бартараф этиш мақсадида биз “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизимини таклиф этдик. Бир нечта фермерларнинг пахта майдонларида ўрнатдик. Ишонасизми, ҳосилдорлик кескин ўзгарди. Улар ҳам бундан ҳурсанд.
Ҳар қандай муаммонинг ўз ечими бўлади. Фақат буни излаш, ўрганиш, янгиликларни қабул қила олиш, энг муҳими соҳа мутахассисларига ишонч билдириш керак. Биргаликда юқори натижаларга эришиш мумкин. Заминиз шифокорларининг асл муддаоси ҳам шу, аслида.