“IFODA” КОМПАНИЯСИ ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ ТИЗИМИГА ҚАНДАЙ КИРИБ КЕЛДИ?
Хабарингиз бор, “IFODA” компанияси эндиликда фермер ва деҳқонларга ўғит ҳамда препаратлар билан биргаликда “IFODA DRIP” бренди остида томчилатиб суғориш тизимлари орқали ҳам хизмат кўрсатмоқда. Минерал ўғитлар ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилувчи препаратлар таъминотчиси бўлмиш компания кичик вақт оралиғида томчилатиб суғориш тизимини қўллаш орқали ҳам ўз мижозларига эга бўлди. Келинг, “IFODA DRIP” бренди яралишига нималар туртки бўлгани ҳамда қандай ташкил топгани борасида “Ифода Агро Кимё Ҳимоя” МЧЖ директори ўринбосари Фазлиддин Ибрагимов фикрлари билан танишамиз:
– Деҳқончиликда томчилатиб суғориш тизимини қўллаш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг долзарб масала ҳисобланади. Бунга сабаб, сув танқислиги туфайли экин майдонларига сув етишмаслигидир. Шунингдек, Исроил, Хитой, Туркия қишлоқ хўжалигини олиб қарайдиган бўлсак, томчилатиб суғориш тизими қўлланилган экин майдонларида анъанавий суғорилган ерларга қараганда бир неча баробар кўп ҳосилдорликка эришиляпти.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда шахсан президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан бу масала олға суриляпти. Мана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “IFODA” компанияси таъсисчилари ҳамда раҳбарияти “биз ҳам шу тизимга кирамиз” дея қарор қилишди. Томчилатиб суғориш тизимини ўрганиш ва уни амалда жорий қилиш учун Туркиядан ўзимизга ишончли ҳамкор топдик ва улар бизни туркиялик мутахассислар билан таъминлашмоқда.
Эндиликда биз “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизимимизни ўрнатган деҳқон ва фермер хўжаликларида ўз ўғитларимизни тавсия қилиш ҳамда уларни ерга қўллаб, қайси пайтда берилганда энг юқори натижага эришиш мумкинлигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлдик. Яқин бир-икки йил ичида профессионал тавсиянома ишлаб чиқиб, барча деҳқонларга тарқатиш ниятидамиз, – дейди директор ўринбосари Фазлиддин Ибрагимов.