ИФОДА КОМПАНИЯСИ ДУНЁГА МАШҲУР ЕТАКЧИ ХАЛҚАРО КОМПАНИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ
Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш учун нафақат экин парвариши ва кимёвий ишловларга эътибор бериш керак, балки, сифатли уруғни танлаш ҳам муваффақиятга эришишда жуда муҳим саналади. Шу боис “Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖ Испаниянинг дунёга машҳур “Semillas Fito” уруғчилик компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида учрашув ташкил этилди. Тадбирда Ифода компанияси Маркетинг бўлими бошлиғи М. Седат Колжуоғлу ва “Semillas Fito” компаниясининг Ўрта Осиёдаги вакили Азиз Маҳкамов ўзаро келишув масалаларини муҳокама қилишди.
Бундан кўзланган асосий мақсад Ифода компанияси “Fito” компанияси билан биргаликда Ўзбекистонда деҳқончилик, хусусан, сабзавотчилик йўналишини ривожлантириш, деҳқон ва фермерларни сифатли уруғ билан таъминлаш, қолаверса, тажрибали мутахассис-агрономларни жалб қилган ҳолда биргаликда экин парваришини олиб бориш ва натижада сифатли, серҳосил маҳсулот етиштиришдир.
Таъкидлаш керак, “Semillas Fito” уруғчилик компанияси, асосан, сабзавот (помидор, қалампир, бақлажон, қовун, тарвуз, бодринг ва дуккаклилар, шунингдек, яшил ловия ва ширин маккажўхори) ҳамда дала экинлари (маккажўхори, кунгабоқар, ем-хашак ва оқ жўхори) уруғларини етиштириб келади. Компания 1880 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг маҳсулотлари дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида сотилади. Ҳозирда “Fito” генетик наслчилик, сабзавот ва дала экинларининг уруғларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги етакчи халқаро компаниялардан бирига айланди.
– Ўзбекистонда 2011 йилдан бери фаолиятимизни олиб боряпмиз, – дейди “Semillas Fito” компаниясининг Ўрта Осиёдаги вакили А. Маҳкамов. – Сўнгги пайтларда мижозларимиз, деҳқон ва миришкорлардан кўплаб саволлар, турли таклифлар тушаётганди: касаллик ва зараркунандаларга қарши қандай курашиш, қайси кимёвий воситаларни ишлатиш керак? Ўғитлаш жараёни қандай бўлади ва ҳоказо. Ифода компаниясини анча йиллардан бери билганим, унинг мутахассислари малакали эканлигини эшитганим учун бу компания билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Биргаликда қишлоқ хўжалиги ривожида катта ютуқларга эришишимизга ишонаман.
Учрашув мобайнида томонларнинг ҳамкорлик масалалари, келгусидаги режалари муҳокама қилинди. Тадбир сўнггида келишув шартномаларига имзо қўйилди.