October 6, 2020

РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ - БИРГАЛИКДАГИ ҲАРАКАТДА

Ифода компаниясида бир гап бор: “Компания ютуғи фермерлар муваффақиятида” деймиз. Лекин фермерларнинг мана шундай муваффақиятга эришишларида яқиндан кўмак бериб келаётган, ўзининг беминнат ёрдамини аямайдиган ва шу орқали компаниямиз ютуғига ҳам муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган инсонлар бор. Булар агрономлар.

Ҳудудларда мана шундай агрономларни янада қўллаб-қувватлаш, улардаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, компаниянинг янги иш системаси билан таништириш мақсадида жойларда агрономлар билан учрашувлар ташкил этилди. Бу каби амалий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида бўлиб ўтди. Унда Ифода компаниясининг масъул раҳбар ходимлари, хорижлик мутахассислар агроном ва менежерларга компания таркибидаги ўзгаришлар, янгиликлар ва келгусидаги режалар бўйича батафсил маълумот беришди. Шунингдек, буғдой экиш мавсуми яқинлашаётганлиги боис, донни ерга дорилаб экиш ва бунинг аҳамияти нечоғли муҳимлиги ҳамда буларни фермер ва деҳқонларга тушунтириш зарурлиги бўйича амалий семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари агроном ва менежерлардаги мавжуд муаммолар, савдо алоқаларидаги камчиликлар ва бошқа масалалар ўртага ташланди. Бунда ҳар битта агроном ўз ҳудудидан келиб чиққан ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларига, қолаверса, қийнаб келаётган масалаларга жавоб олишди. Шу билан бирга компания тизимидаги янги система билан танишиб олишди.

Албатта, бу каби амалий учрашувлар нафақат компания ривожи, балки, агроном ва менежерлар фаолияти, уни яхшилаш, савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш, умуман, деҳқон ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни ҳар томонлама сифатли олиб бориш учун жудаям зарур. Айтиш мумкинки, биргаликдаги ҳаракат “Биргаликда етиштириш” учун муҳим омилдир.

Бу каби учрашувлар бошқа вилоятларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.