December 14, 2020

ИФОДА КОМПАНИЯСИ НЕГИЗИДА «NIPPON - IFODA» ЎЗБЕК-ЯПОН ҚЎШМА КОРХОНАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

“Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖ фаолияти, унинг маҳсулотларига хорижлик мутахассислар, йирик компаниялар қизиқиш билдирмоқда. Шу пайтгача қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатган бўлса, Туркия, Эрон, Франция, Италия мутахассислари ҳам компания истиқболига ишонч билан қараган. Яқинда Испаниянинг “Semillas Fito” компанияси билан ҳамкорлик шартномаларини тузишди. Энди эса, кунчиқар юрт – Япониянинг йирик, дунёга машҳур компанияларидан бири, автомобиль, кўчмас мулк, меҳмонхона ва бошқа соҳаларда бизнес билан шуғулланувчи “Balcom Co. Ltd” япон хусусий холдинги билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишди.

Ўзаро манфаатли бўлган шартнома шартларига кўра, “Balсom Co., Ltd” компанияси “Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖга тўғридан-тўғри 10 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади. Инвестиция доирасида бир қанча лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Хусусан:

- “Ифода” негизида «NIPPON - IFODA» ўзбек-япон қўшма корхонаси ташкил этилади.

- Компаниянинг ишлаб чиқариш ва савдо фаолияти янги босқичга кўтарилади, янги инновацион технологиялар жорий этилади, компанияда ребрендинг амалга оширилади;

- Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг барчаси япон технологиясига мослаштирилиб, япон сифати жорий этилади ва натижада маҳсулотларнинг сифат даражаси юқори босқичга кўтарилади;

- Компаниянинг экспорт салоҳияти кўтарилиб, қўшни давлатларга маҳсулот экспорт қилиш режалари амалга оширилиши учун янги имкониятлар яратилади.

Ўрни келганда айтиш керак, бугун Ўзбекистонда “Ифода” сўзини эшитмаган фермер, у ишлаб чиқарган маҳсулот қўлланилмаган ер майдони бўлмаса керак. Гапимиз бироз бўрттирилган туйилиши мумкин-у, бироқ рақамлар ҳам сўзимизни исботлайди: Юртимиз бўйлаб 30 минг нафардан зиёд фермерлар билан ҳамкор компаниянинг жойларда 100 га яқин савдо филиаллари бор. Ҳозирда “Ифода” логотипи туширилган препаратлар қўлланиладиган ер майдонлари ҳажми 2,5 млн. гектардан ортиқ. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 минг тоннага яқин.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажриба орттириб келаётган “Ifoda Agro Kimyo Himoya” МЧЖ хорижий инвестицияларни жалб қилиб, чет эллик ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли бўлган иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўз фаолиятини янада кенгайтириш, шу орқали экспорт салоҳиятини ошириб, дунё бозорига чиқиш ва албатта юртимиз иқтисодига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.