Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси аҳолига мингдан ортиқ сайёр хизмат кўрсатди
НАМАНГАН (Turon24) – Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси жорий йилнинг тўққиз ойи давомида аҳолига 1081 маротаба сайёр хизмат кўрсатди. Бу ҳақда Turon24га Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Учқўрғон туманининг “Ёғду” маҳалласида яшовчи Муродулла Эгамбердиев 20 йилдан бери истиқомат қилаётган ҳовлисининг ҳужжатига эга эмас эди. Уйчи туманининг “Жийдакапа” маҳалласида истиқомат қилаётган Турсунхон ая Нажмиддинова ҳам 20 йил давомида 19 сотихдан иборат уй-жойининг ҳужжатини қўлга киритмаган. Шаҳноза Мамадаева эса шу пайтгача 11 ёшли фарзанди Нигора Ҳошимова учун туғилганлик гувоҳномасини ололмаган.
Уларнинг Давлат хизматлари марказига қилган мурожаати тезда кўриб чиқилиб, сайёр хизмат кўрсатилди ва муаммолари ҳал этилди. Шунингдек, Уйчидаги “Мега текстиль” хорижий корхонаси ва Учқўрғондаги “Ўзтекс” қўшма корхонаси мутасаддилари ҳам ўзларига тегишли йўналишлар бўйича сайёр хизматдан фойдаланди.
Маълумот учун: жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоятдаги давлат хизматлари марказларига жами 212 185 та мурожаат келиб тушди. 17 650 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.