June 12, 2023

Азизбек Норов, "ЭЙНШТЕЙН ЖУМБОҒИ" (ҳикоя)

@akademnashr

1

Декабрнинг асов шамоли тун бағрида жин чалгандай ўзини ҳар ёнга уради. Совуқдан жунжиккан иморатларни қуршаб олиб, бўридай увиллайди. Иморатлар эса унинг таъқибидан чўчигандай бағридаги дарчаларнинг чироқларини ўчирган, туннинг бир парчаси бўлишга интилади. Бироқ бу бинолар биқинидаги кўринишидан ғариб, бир турткиданоқ тўкилиб тушадигандек ва ўз турқи-тароватидан уялиб ўша турткига муштоқдек таассурот уйғотадиган икки қаватли коттежнинг пастки қаватидаги деразадан заифгина ёруғлик милтиллайди.

Токчага айниб қолмасин учун оғзи очиб қўйилган қатиқ, димиқиб қолган кечаги ёвғон, анча кун туриб қолган сабзавотлар ислари омихта бўлиб, хонада бадбўй ҳид осилиб қолганди. Камбағал одамларнинг бор бойлиги кўз олдида турганидек, турли бўёқлар чапланган стол (у ҳар гал тамадди қилганида бамисоли ранглар жилосидан илҳомланган рассомдек столга тикилишни канда қилмасди), спиртли ичимликлар жойлаш учун мўлжалланган темир қути (у стул вазифасини ўтарди), увадаси чиқиб кетган кўрпа-ёстиқ тўшалган темир каравот, қурум ва ёғ-мой босиб қолган газ плитаси (унга табиий газ келмай қўйганига анча бўлган, фақатгина бозордан арзон-гаровга сотиб олинган қўлбола электр плитани кўтариб туришга ярарди, холос) каталакдай хонанинг ўзида жойлашганди. Сувоқлари кўчиб кетган деворга омонатгина суянган бир кимса қадди букилиб, эриган шамдек шумшайиб ўтирарди. Унинг нигоҳи бир нуқтада – жаҳоний физик олим Альберт Эйнштейннинг тилини кўрсатиб тушган машҳур суратида маъно-мазмунсиз ва шуурсиз қотиб қолганди. Олим ҳам унинг ҳолидан кулиб ўтиргандай эди гўё. Изғирин шамол деразанинг салқи бўлиб қолган ойнасини бетиним шапатилар, ёриқ жойларига тиқиб қўйилган пахтани итарганча тўғри унинг ажин босган юзига уриларди. Ёши қирқ бешдан ошиб қолган бўлса-да, сочлари қордек оппоқ эди... Самонинг пар ёстиғи тешилгандай лайлакқор ёғарди. Бу кун эски яраси янгиланди. У изтироб тўла кўзларини юмиб олди. Ўшанда ҳам шундай лайлакқор ёғарди...

2

... Ички телефондан котибанинг майин овози эшитилди:

– Хайрли кун, Азим ака. Биринчи қор билан. Раҳбаримиз сизни сўраяпти.

Азим «Истиқлолбанк» хусусий банкининг бошқарувчиси эшигини журъатсизгина тақиллатаркан, миясида минг хил ўй чарх урар эди. «Нима гап бўлиши мумкин?» У ичкарида узоғи билан ўн дақиқача бўлди. Ўз хонасига келибоқ уйга қўнғироқ қилди:

– Малика, бир хушхабарим бор. Қани, унинг нималигини топ-чи, – деди хотинига дабдурустдан.

– Хушхабар? Нима бўлиши мумкин?.. Айтаверинг-да. Биласиз-у, топишмоқларга тишим ўтмайди... Барибир тополмадим. Ўзингиз айта қолинг, Азим ака.

– Биласанми, мени кредит бўлими раҳбари этиб тайинлашди...

Маликанинг юраги ҳаприқиб кетди. Ўзини булутдек енгил ҳис этди. Оёқлари ердан узилгандай бўлди. Руҳи олис-олисларга парвоз айлади. Хотиралар эпкини эсди, улар мусиқий сонаталарга айланиб, уни аллалай бошлаганидан эрига тузук-қуруқ жавоб қайтаролмади, ўз хаёллари билан ёлғиз қолиш учун телефонни ўчириб қўйди... Азим билан у севишиб турмуш қурганди. Бошида ота-онаси йигит эрта етим қолиб, меҳрибонлик уйида улғайгани боис ўйланиб қолишганди. Бир томондан, анча қаршилик қилишди, қизларини бу муродидан қайтаришга жонларини жабборга бериб тиришишди, бошқа томондан эса иккиланишарди. Иккиланишда ҳар икки йўлга майл, мойиллик бўлади. Онасининг сўзи билан айтганда: «Бунақа оилапарвар йигитлар ҳозирги замонда анқонинг уруғи». Хуллас, ҳамсоя-халқ, қариндош-уруғ ва таниш-билишларнинг олдида хоҳиш-иродаларини мустаҳкам қилиб уларнинг оила қуришларига монелик қилишмади. Пировардида икки ёшнинг орзу-аъмоли ушалгандек бўлди.

Янги лавозимни «ювиш» учун Азим бухгалтерия бўлимининг барча ходимларини уйига, кечки зиёфатга таклиф этди. Зиёфат зиёфатдай бўлди. Ҳар ҳолда, уззукун таъби тирриқ, айниқса, ҳамкасблар даврасида янада тундлашиб оладиган бош бухгалтер Рустам Раҳимовичнинг қулфи дили очилганидан, бир марта ўйин-кулги авжига чиққанида семиз-гўштдор бармоқларини кўтариб рақсга тушганидан зиёфат кўнгилдагидек ўтди деса бўларди. Барча қадаҳ сўзлари Азимнинг шарафига янграганидан эса унинг истиқболи порлоқ бўлиши тайиндек эди. Модомики, даврадагиларнинг ҳеч бири бунга эътироз билдирмаган бўларди.

Азим меҳмонларни кузатиб қўйиб, улар билан хайрхўшлашди. Уйга қайтиб кирганида Малика газетага ўралган ўнтача сомсани қўлига тутқазиб, уларни кекса қўшниси Салим бобога элтиб беришни тайинлади. Жуда толиққанди. Кўзига момиққина ёстиғидан ўзга ҳеч нарса кўринмас, айни дам ундан қадрли нарсаси йўқдек туюлди. Шу боисдан ҳозир кекса қўшниси билан эзмаланиб ўтиришга сира хоҳиши йўқ эди. Улардан бир қават юқорида турувчи Салим бобонинг уйида йўқлиги эса айни муддао бўлди. Ё кекса қўшниси ҳар доимги одатига кўра эртароқ ухлаб қолган, ё жиянлари ўзлари билан олиб кетишган. Азим шу гапларни хаёлидан ўтказганча ортга қайтиб ошхонадаги столга сомсани қўяркан, ёғ босиб қолган газетадаги «Эйнштейн жумбоғи» деб номланган сарлавҳага кўзи тушди. Диққати жам бўлди. Энгашди. Қизиқсиниб уни ўқий бошлади:

«ЭЙНШТЕЙН ЖУМБОҒИ»

«Айтишларича, буюк физик Альберт Эйнштейн болалик чоғларида мантиқий бир топишмоқ ўйлаб топган. Сўнг ўзига ассистент танлашда ҳам номзодларга айнан шу топишмоқни бериб, уларнинг мантиқий фикрлашини текшириб кўрган экан. Унинг ёрдамида оддий инсонлардан интеллектуал элитани ажратиб олиш мумкин. Одатда, 98 фоиз киши бу топишмоқни ечишга қодир эмас. Агар ўзингизни сайёрамизнинг қолган икки фоиз аҳолиси сафига қўшишни истасангиз, топишмоқ жавобини топишга уриниб кўринг. Ушбу жумбоқнинг бир нечта вариантлари мавжуд. Қуйида эса эътиборингизга «Life» журналининг 1962 йилнинг 17 декабрдаги сонида илк бор нашр этилган вариантини ҳавола этамиз:

1. Бешта уй бор. Уларнинг барчаси турли рангда.

2. Ҳар бир уйда бир нафар одам яшайди. Уларнинг миллати ҳар хил: япон, украин, испан, инглиз, норвегиялик.

3. Ҳар бир одам маълум бир ичкилик ичади, маълум бир савдо белгисидаги тамаки чекади ва маълум бир жониворни боқади.

4. Беш кишининг бирортаси ҳам бир хил ичимлик ичмайди, ҳеч ким бир хил савдо белгиси остидаги тамаки чекмайди ва ҳеч ким бир хил жонивор боқмайди.

Савол: Улардан қайси бири сув ичади? Ким зебра боқади?..»

Вой! – Малика Азимни кўриб чўчиб кетди. Сўнг қўллари билан катта очилган оғзини беркитди. Гўё ўзга бир оламдан қайтиб келгандай Азим учиб тушди.

– Нега бақирасан? – қошлари ғижимланган матодек чимирилди.

– Сизни Салим бобоникида деб ўйлабман...

– Уйида йўқ экан, – хотинининг гапини кесди Азим.

Малика ошхона остонасида бурчакка суяб қўйилган полювгичдай қаққайиб эрини бироз кузатиб турди, сўнг тезда бу ҳолидан безиб қолди:

– Сизни билмадим-у, мен жуда толиқдим... ётаман, – Малика Салим бобога аталган сомсаларни идишга жойлаб қўйди.

Азимнинг лабидан кўчган табассуми хотинини ётоқхонагача кузатиб қўйиб, тағин кўзларини газетага тикди:

«... Ёрдам керакми? Унда эътибор беринг:

1. Инглиз қизил уйда яшайди. 2. Испан ит боқади. 3. Украиналик чой ичади. 4. Яшил уй оқ уйдан чапда жойлашган. 5. Яшил уй эгаси қаҳва ичади. 6. «Old Gold» чекувчи киши шиллиққурт боқади. 7. Ўртадаги уйда яшовчи киши сут ичади. 8. Сариқ уйда яшовчи киши «Kool» чекади. 9. Норвегиялик биринчи уйда туради. 10. «Chesterfield» чекувчи одам тулки боқувчи киши олдида яшайди. 11. От боқадиган одам «Kool» чекадиган киши олдида истиқомат қилади. 12. «Lucky Strike» тамакисини чекувчи киши апельсинли шарбат ичади. 13. Норвегиялик ҳаворанг уйда яшайди. 14. Япон «Parliament» чекади. 15. «Old Gold» чекувчи одам сув ичадиган кишига қўшни туради.

Хўш натижа қандай? Яна ўйлаб кўринг.

1-, 2-, 3-, 4-, 5-уйнинг ранги қанақа? Унда қайси миллат вакили туради? У қандай ичимлик ичади? Қандай маркали сигарет чекади? Қайси жониворни боқади?»

«... – Сен вундеркиндлар ҳақида эшитганмисан?! Гапиииир!

– Йўқ... – йиғламсиради бола.

– Билишинг керак, болам. Эшитяпсанми, билишинг керак!

Майкачан, тепакал, майкасидан қорни дўппайиб чиққан, жундор эркак беш-олти яшар боланинг юзига шапатилади.

– Йиғлама, йиғлама дедим!.. Вундеркинд бўлишинг керак, болам! Қара, – у, одатда, болали оилаларда учраб турадиган тартибсизлик, яъни ҳар ёнда ўйинчоқлардай сочилиб ётган китобларни кўрсатди. – Қара дедим... Ўзи нари борса бир қоровулман... шундай бўлса ҳамки, қўлимга пул тушдими, уйга китоб ташийман, сенга... сен «катта» одам бўлишинг керак, пулдор... Мени... Бизни бу жарликдан қутқаришинг зарур! Йўқса, бу лаънати ҳаёт, касалликдай ёпишиб олган йўқчилик бизни хароб қилади, ўз домига тортаверади, болам. Азим, сен «катта» одам бўлишинг керак, вундеркинд бўласан...

Азим отасининг ҳамма гапининг ҳам мағзини чақолмас, бироқ отасининг бор умиди эканлигини фаҳмларди.

– ... Сен менинг нажоткоримсан! Умидимсан...

Отаси тескари ўгирилиб, дераза рахига кучсиз мушт туширди. Сўнг бошини хам қилиб, кенг елкалари силкиниб-силкиниб қўйди. Азимнинг кўзи жиққа ёшга тўлди...»

« ... – Отинг нима сенинг, «гений» бола?

– Меникими?

– Сеники, албатта, ўзимникини биламан.

Мактаб директори билан унинг ўринбосари кулиб юборишди.

– Азим... – қимтинибгина жавоб берди у.

– Яхши, Азимбой. Ҳамманинг оғзида сен, ўқитувчиларинг алқаб чарчамайди. Айтишларича «гений» эмишсан. Шунга... танишиб қўяйлик дедик. Кун келиб сен «катта» одам бўласан. Шунда танимай қолмайсанми?

Улар тағин кулишди. Бу кулгидан директор хонасининг шифти ўпирилиб тушадигандек туюлди. Ҳар ҳолда, Азим шу ўйда шифтга чўчиб тикилди, сўнг ер чизди...»

Олийгоҳда уни ҳамма «тирик энциклопедия» деса, банкда «даҳо» деб аташ оммалашди, бора-бора бу унинг лақабига айланди. Алалхусус, болалик йилларида газеталарда бериб бориладиган кроссворд, сканворд каби бошқотирмаларни узоғи билан беш дақиқада ечиб ташлар, жумбоқли саволларни қийинчиликсиз топарди... Ёши улғайгач, йиллар давомида орттирилган лақабларига муносиб бўлди. Гарчи юрак хуружидан эрта қазо қилган отасини йўқчилик гирдобидан халос этолмаган эрса-да, ўзини қутқара олди. Аммо оғиз тўлдириб бахтлиман демоққа журъати етмасди...

Ана шу хотира этюдлари бамисоли кино тасмасидек хаёлидан лип-лип ўтаркан, ўзини «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга қодирдек ҳис қилди. Тун ярмидан оғганига қарамай, қўлига қалам олиб, енгини шимарди. Қулай ўтириб олиб топишмоқни ечишга киришиб кетди.

– Ухламайсизми? – Ётоқхонадан хотинининг бироз энтикувчан чорлов, ноз-ишва аралаш овози эшитилди.

– Ухлайвер. Бироздан сўнг ётаман.

Малика мусаффо тонгдек покиза, шудринг инган гулдек бахтиёр эди. Эрининг шу тахлит ўтиришини ҳавас билан кузатиб турди-да, кейинроқ ухламоқчи бўлган эридан андак оғринса ҳам, ҳиссиётни қўзғатиб юборувчи атири ифорини таратиб, келиб Азимнинг елкасидан қучди, тим қора сочларидан ўпиб қўйди.

– Чалғитасан-да... – энтикди Азим ётоқхонага йўл олган хотинини кузатиб.

3

Соат тунги уч. Азим столга мук тушган ҳолда «Эйнштейн жумбоғи»ни топишга уринарди. Аммо ҳадеганда омади келавермади. Одатда, бир ишга қўл урса, гўё у чайналган кассетадай то уни якунига етказмагунича миясида ғужғон айланаверарди. Алалхусус, бу дамларда мағрурлик ҳисси бутун қалб қўрига сингиб, ўй-хаёлларини чилвир каби танғиб ташларди. Мана, навбатдаги қоғозни ҳам астойдил ғижимлаб ахлат қутисига улоқтирди. «Ўхшамаяпти, – хитоб қилди у асабийлашиб бошини қашларкан. – Шунчалик мушкул бўлади деб сира ўйламагандим». Боз устига, «дом» биқинида ғуж бўлволган дайди итларнинг бетиним улиши, қарама-қаршисидаги соатнинг мудраб, бир текисда хуррак отаётгани – чиқчиқлаши, баъзан итларнинг улиши тиниб, соат чиқчиқламай қўйгандай туюлганда орага чўккан жимлик ҳам ғашига тегарди. Сўнг барчасига қўл силтади-да, ўрнига чўзилди. Бироқ қандайдир ғалати ва нотаниш, нафсиламрини айтганда, қачонлардир таниш, аммо айни фурсат унутилган ҳис ич-этини сичқондек кемирарди. У ёққа ағанади, бу ёққа ағанади. Ғужанак бўлиб ётди. Тўлғонди. «Уфф» тортди. Саноқ сонларни йўқлади... қўйлар отари гув этиб ўтди... аммо излаганини тополмади. Ўрнидан туриб, тағин жумбоқни ечишга уриниб кўрмоқчи бўлди.

Малика субҳи содиқда уйғонганида ёнида эрини кўрмади. Бўлим раҳбари лавозимидаги биринчи иш куни бўлгани боис эртароқ тургандир деган ўйда ошхонага кириб қўлларига сиёҳ томган, сочлари паталак бўлиб кетган, нигоҳлари зўриққан ва бедор, кўзлар қонталаш, майкачан Азимни бир нималар ёзаётган ҳолда учратди. Столнинг теварак-атрофини дон чўқиётган жўжалардай ғижимланган қоғозлар босиб кетганди.

Ажабланган Маликанинг баногоҳ кулгиси қистади:

– Ҳа, раҳбарларга ҳам осонмас экан-да.

Азимнинг қовоғи кўпчиган хамирдай осилди:

– Гапни қисқа қил-да, ошхонага йўрғала. Тезроқ нонушта тайёрла, бўлмаса... – гапини чала қолдириб нигоҳини яна газетага тикди-да, эшитилар-эшитилмас «кечикаман» деб гапини якунлаб қўйди.

– Тинчликми, Азим ака?

– Ишинг бўлмасин! Сенга нима дедим. Тезда нонушта тайёрла. Ишга кеч қоламан, – бу гал ростакамига уришиб берди.

Малика эрига ажабланиб қаради, эри унга ҳеч қачон бу қадар қўрс-қўпол муомала қилмаганидан бироз довдиради, эшик бўсағасида худди суратга тушаётгандек қотиб қолди, сўнг лом-мим демай оғир қадамлар билан ошхонага йўналди. Нонушта тайёрлашга уринаркан, ҳаракатлари жуда секинлашиб кетди, гўё вақт тўхтаб қолганди. У Азимнинг феъл-атворидан мутлақо бехабар эканлигини ўйлаб сиқилди. Қулоғи шанғиллай бошлади. Айни шу дамда бутун уй, ўзи, эри, ошхона, ҳатто ошхона буюмлари ҳам алаҳсираётгандай туюлди.

Азим эснаганча нонушта қилди.

Малика эрини кузатгани эшик олдига келди. Шошилиб пойабзалини кияётган Азим шу дамда хотинига боққанида унинг ёш болага ўхшаб аразлаган нигоҳида «мендан кечирим сўраб, юзимдан ўпиб қўй» деган сўзларни уққан бўларди. Боқмади...

– Яхши боринг, Аз... – Маликанинг гапи чала қолди. Азим лом-мим демасдан эшикни «қарсиллатиб» ёпиб кетди.

У пиқиллаб йиғлаб юборди...

... – Бугун соат 10:00 да бўлим ходимлари билан илк мажлисингиз бор. Тушликдан сўнг соат иккида эса «Ҳамкор-инвест» фирмасининг вакиллари билан учрашишингиз лозим, – дея ўткир атир ҳидига бурканиб котибаси кириб келди.

Бироз ўтиб иш столига ўндан ортиқ папкадаги ҳужжатларни қўйиб кетди. Азим қўл учида бироз ишлаган бўлди. Аммо эринчоғлиги тутиб ишлагиси келмади. Унинг камдан-кам ҳолларда ишдан бош тортиши эди. «Ғайратли йигит, меҳнатдан қочмайди. Менимча, кредит бўлимини ишонсак бўлади... тортади», – деганди ўшанда банк бошқарувчиси ўринбосарига. Кеча ярим тундан бери кўнглини ғаш қилаётган «Эйнштейн жумбоғи»ни хаёлидан қанчалик чиқаришга уринмасин, бунинг уддасидан чиқолмади. Қўйнидан тартиб билан букланган газетани чиқариб, яна топишмоқни ечишга киришди. «Бу гал албатта топишмоқнинг жавобини топаман», – деб умид қилган бўлди. Гўёки тополмаса, иззат-нафсининг бурни ерга ишқалган, ғурури хўрлангандай туюлди. Танасидаги бутун томирларда иссиқ қон эмас, совуқ манманлик ирмоқлари оқаётганини ўзи ҳали англаб етмаганди.

Аввалига котибаси соат 10:00 да ходимлар билан мажлиси борлигини эслатди, соат иккига яқин эса «Ҳамкор-инвест» фирмасининг вакиллари билан учрашуви борлигини яна бир бор ёдига солиб хизмат бурчини ўтади. Солишга солдию балога қолди-да бечора. Икки ҳолатда ҳам Азим: «Тинч қўйинг мени!» – дея уришиб берди. Котиба жойига келиб ўтираркан, ўпкаси тўлиб кела бошлади. Одатда, мудом: «Аёл бу – мўъжиза! Уларни эъзозлаш керак», – дейдиган Азим туш маҳалигача иккита аёлни бесабаб йиғлашга мажбур қилгани парвойига келмасди. Зеро, ўй-хаёлларини забт этган худбинлик чилвирлари таранг тортилганди. Унинг қиёфасида бошқача Азим намоён бўлаётгандек эди гўё.

4

Бир ҳафта давомида узлуксиз «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга ҳаракат қилди. Лекин ҳар сафар унинг бу уринишлари зое кетарди. Шу кўйда бир ойни ҳам ўтказди. Унинг наздида, бамисоли тақвим жадвалидан қайсидир ой варағини бир зумда юлиб олгандай ўтди бу кунлар. Азим инсон учун даҳшатли ҳолат – вақтни ҳис этолмай қолганди. Ўтган бир ой давомида хотинига умуман эътибор бермай қўйди. Худди уйда ўзи танҳо яшайдигандек. Хотини сал оғиз очадиган бўлса, жеркиб берарди, оғзидан яхши сўз чиқмайдиган бўлиб қолди, ҳатто ичиб келганида хотинини урадиган одат чиқарди. Аммо Малика сабрдан сарғайишни маъқул кўрди. Азим ишхонадаги ишларни ҳам унутди. Бутун кунни «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга сарфларди. Вақт ўтган сайин у қўполлашиб борар, асабийлик уни деярли ҳар дақиқада «йўқларди». Ташқи кўринишига эса чидаб бўлмасди. Соқоллари ўсиб, ёноқлари бўртиб чиққан, кўзлари киртайган, музейдаги скелетдай қоқсуяк бўлиб қолганди. Кўп ўйлайверганидан сочига оқ оралади. Ишда ҳам тушликка чиқмай «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишни маъқул кўрарди. Тушлик қилмагач, негадир тез-тез боши оғрийдиган бўлди. Аммо бора-бора организм ҳам бунга кўникди, чоғи, боши оғримай қўйди. Барибир ичини ит тирнарди. «Наҳотки, мен «Эйнштейн жумбоғи»ни ечолмасам?! Ахир ўта билимдон эдим-ку. Бунга нега тишим ўтмаяпти? Ақлим ўтмаслашиб қолдимикан ё? Битта Эйнштейннинг топишмоғини тополмасам, шунча ўқиганларим қаёққа кетди унда? Наҳотки, мен дунёдаги икки фоиз билимдон кишилар тоифасига мансуб бўлмасам? Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас. Нима учун унда одамлар мени «гений», «даҳо» деб атайдилар? Нега?!» Азим муваффақиятсизликка учраганида алам билан ҳар гал шу сўзларни хаёлидан ўтказар, жазавага тушар, асабийлашарди. Шу кунларда тез-тез отаси тушига кирадиган бўлди. Тушлари ҳам бир хил сценарийда кечармиш. Тун эмиш... отаси ундан ўн-ўн беш қадамча нарида эмиш. Ёнига борай деса, оёғи ўзига бўйсунмас, бақирай деса, овози чиқмасмиш. Қандайдир кўринмас ва бақувват қўл уни маҳкам тутиб турармиш. Бу қўллардан юлқиниб чиқай деса, улар гўё омбирдек янада қаттиқроқ сиқармиш... Кўп ўтмай уларнинг орасидаги масофа кенгайиб, ўртада кичкина сойлик пайдо бўлибди. Отаси ҳам оғиз очмас, фақатгина ўғлига ғамгин тикилармиш... мудом шу жойда уйғониб кетадиган бўлди. Сўнг ўз-ўзига гапирадиган одат чиқарди. Ҳадеб: «Бу худбинлик эмас, бу мағрурлик эмас», – дерди.

Паришон юраверганидан қўшниларининг берган саломини ҳам эшитмасди. Улар эса ортидан пичирлашиб қолишарди. Асаби рубоб торларидай таранглашаверса, балконга чиқиб чекадиган бўлди. Гарчи хотинига ёқмаса-да, чекишда ҳам, ичишда ҳам ас бўлиб олди.

Азим яримлаб қолган сигаретани кулдонга эзғилаб ўчирди. Чап кўзи кўкарган Малика балконга чиқиб эрига ҳадиксираб сўзлай бошлади:

– Азим ака... Азим ака, сизга нима бўляпти, ўзи? Авваллари унақа эмасдингиз-ку, қандай бахтли ҳаёт кечирардиг-а... Азим ака, сизни нима жин урди? Рўзғор ишларига ҳам эътибор бермай қўйдингиз. Мен билан-ку умуман ишингиз йўқ... Озиб кетганингизни қаранг... Меъёридан кўп чекяпсиз, ичяпсиз, ҳатто... менга қўл кўтаряпсиз ҳам...

Малика йиғламоқдан бери бўлиб эрининг ортидан қучди. Азим жаҳлини зўрға босиб турарди.

– Қўйинг шу топишмоқни... Шу топишмоқни ўйлаб топган Ньютоннинг уйи куйсин.

Азимнинг лабида заҳарханда табассум ўйнади:

– Бу топишмоқни Ньютон эмас, Альберт Эйнштейн ўйлаб топган, ғалча.

– Нима фарқи бор? Ахир бу бемаънилик-ку!

– Бемаънилик?

Азим ўзини тутиб туролмади, асаб торлари таранглашиб, «ғазаб» куйини ижро этди. Маликани тағин дўппослади. Бироқ саҳармардонда уйғонганида Малика ётоқхонада ҳам, ошхонада ҳам, умуман, уйда йўқ эди, унинг ортидан жавонлардаги кийим-кечаклари, майин нигоҳлари, ёқимли табассуми, хушбўй ифорлари ҳам эргашиб кетганди. «Ҳойнаҳой, онажонисиникига кетиб қолган бўлса керак, – ўйлади Азим. – Ўз кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр». У бу оилавий можарога жиддий эътибор қаратмади. «Қайси эр-хотин урушмай, тортишмай яшаяпти?» – деб қўйди ўз-ўзига тасалли бериб.

5

Шу аснода орадан яна бир ой ўтди. Танишлари унинг абгор аҳволига қараб туриб, инсон шунчалик ҳам ўзгариши мумкинми дея ишонгилари келмасди. Олдинги жасаддан асар ҳам йўқ. Эти устухонига ёпишиб қолганди.

Эрталаб ишга келганида янги котибаси унга хат борлигини айтди. Олдинги котибаси унинг қўполлиги ва жиззакилигига чидолмай ишдан бўшаб кетган эди. Мактубни очиб қараса, суддан экан. Турмуш ўртоғи ажрашиш тўғрисида судга ариза берибди. Ичидан зил кетди. Икки лунжига худди қизиб турган дазмол босилгандай бўлди. Карахт бўлди қолди.

Малика Азимни бир ой кутди. Азим уни қанчалик дўппосламасин, барибир, эрини севарди. Ўзгаришига умид қилди. Кечирим сўраб келишини кутди. Кўзларини деразада қолдириб, ўзи диванда ётганча шўрқиллагани-шўрқиллаган. Аммо эридан хат-хабар бўлавермагач, тақдирга тан бериб ажрашишга қарор қилди.

Азимнинг кўнгли бироз ийигандек бўлди. Хаёли жойига келди, карахтлик тарқади. «Эртагаёқ бориб Маликани онасиникидан олиб келаман. Бақамти ўтириб ҳаммасини келишиб оламиз. Менинг у билан ажрашиш ниятим йўқ. Менга нима бўляпти, ўзи?»

Бироқ эртага бунинг мавриди бўлмади. Ишхонага борганида бошлиғи бўшаш тўғрисида ариза ёзишни буюрди. У нима учун деб сўрамади. Сабаби ўзига беш қўлдай аён эди. Аксинча, ичида бошлиғига шу вақтгача думини тугиб юбормаганига таҳсин ўқиди, бошлиғи уч-тўрт бор тартибга чақирганида, дакки берганида юзига безбетлик ниқобини тақиб оладиган бўлди. Муҳим буйруқ ва қарорларни имзоламай қўйган, расмий ташкилотлардан келган мактубларни бир четга улоқтираверарди, оқибатда бўлим ишлари орқага кетиб қолди, мижоз ҳамда ҳамкор корхоналар билан эса умуман ишламай қўйди, ходимлар билан мажлис ўтказмаганига ҳам икки ойдан ошдиёв. Улар ўз билганларича иш юритишмоқда. Ойлик ҳисоботлар тайёрланмай қўйди. Қўполлиги туфайли деярли ҳар куни қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб ранжитарди. Сўнгги вақтларда эгнига ювилмаган кир-чир кийимларни илиб юрганидан улардан бадбўй ҳид тарқалаверар, котибаси исқирт бошлиғини кўрганида бурнини жийирар, унга яқин йўламасликка ҳаракат қиларди. Хўжалик ишлари мудиридан ҳар ҳафта шахсий манфаати учун боғлам-боғлам оқ қоғоз ва ён дафтарчалар олишдан чарчамасди. (Буларнинг бари «Эйнштейн жумбоғи»ни ечиш учун керак бўлган-да.) Ишдан бўшатиш учун бундан бошқа яна қандай сабаблар бўлиши керак? Хуллас, бошлиғи билдирган ишонч бошида чил-чил синди.

Азим лаш-лушларини йиғиб, индамай тўппа-тўғри уйига жўнади. Ойлар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Азим эса «Эйнштейн жумбоғи»ни ечмоққа уринишдан чарчамас, бироқ унинг тинимсиз меҳнати ҳеч самарасини бермасди. Баъзида у бир ҳафталар топишмоққа эътибор бермай юрди. Аммо бу жасорат кўпга чўзилмади. Жумбоқни ечишга бўлган бемаъни иштиёқ, худбин қайсарлик ва касаллик унга канадек ёпишиб олганди. Инсон бир нарсага шунчалик қаттиқ боғланиб қолиши мумкинлигига ҳайрон бўларди. «Рафиқамни эртага олиб келаман» деган сўзларининг охири йўқ эди. Азим дастлабки ойларда иш қидирмади. Йиғиб қўйганларини сарфлаб ётди. Одатда, 24 соат уйда бўлар, баъзида томоққа ул-бул ҳарид қилгани пастдаги дўконга тушиб чиқарди. Тилидан ва дилидан бир калом тушмасди: «Бу худбинлик эмас, бу мағрурлик эмас».

6

Бир куни Азим беҳуда исроф бўлган қоғозларни йиғиб ахлатга ташлаётганида уларнинг ичидан уч ой олдин суддан келган ажрим аризасини кўриб капалаги учди. Ўз қарорларини ўзгартириб келишлари учун суд томонидан ажратилган вақт ўз поёнига етганди. Эртага суд. Ҳар ҳолда, расмий хатда кўрсатилган сана эртага келади. Ё адашяптими? Эҳтимол. Ахир у вақтни ҳис этмай қўйганига анча бўлган-ку. Бироқ, одатда, кўнгил бир нохушликни сезганида унинг хатар борасидаги тасаввурлари рўёби шу қадар аниқ-тиниқлик касб этадики, алалоқибат улар ўртасида деярли фарқ учрамайди. Унинг ҳасратга лиммо-лим тахминини деворда осиғлиқ, асл қиёфасини йўқотган, четлари буришиб-тиришган йил тақвими ҳам тасдиқлаб турарди: эртага суд! Ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонни ифодаламайдиган, қатъий ва бирор-бир саволга «нон-насиба» қолдирмаган сўзлар бир-бири билан чаплашиб, гўё балиқдек қоғоз узра суза бошлади. Шу тобда Азимнинг кўзларини юпқа парда қоплагандай бўлди... Туни билан хотиралар лаззатидан энтикиб, намиққан киприклари қирғоқларига уйқу кемаси келмади, яқин йўламади ҳам.

Эртаси куни қоқ пешинда ўтган судда Маликага аризасини қайтариб олишини айтган барча гаплари ҳавога учди. Бироқ Азим бўш келмай судяга: «Ажрашмоқчи эмасман!» – деб оёқ тираб олмоқчи эди. Ҳар ҳолда, қайсарликда мулоҳаза нима қилсин. Аммо хотинининг нафрат тўла кўзларига боқиб туриб унда ўзига нисбатан ҳеч қандай меҳр учқунини кўрмади, у Малика қиёфасида ўзга инсон пайдо бўлганини фаҳмлаб қолди. Таассуфки, вақтни ортга қайтаришнинг имкони йўқ. Йўқса, дунё дунё бўлмасди, бани башар аллақачон охирзамонни ўз кўзи билан кўрган бўларди. У таслим бўлди. Икки томоннинг розилигига биноан уларни қонуний равишда ажратишди. Ўртада фарзанд бўлмагани ажримни осонлаштирди. Назарида, Маликасиз ҳаёти ранглидан оқ-қора тасвирли телевизорга айланиб қолгандай бўлди.

Кўпинча барча нарсани назоратимиз остига олишга уринамиз, фурсат бой берилса-да, гоҳида ҳаммасини ортга қайтаришга ҳақли ва қодирдек ҳис қиламиз. Бу алдамчи ҳиссиёт бўлиб, аламдан дийдаси оқариб, ўртанган кўнгилга таскин беради, холос. Нега деганда босиб ўтилган изларни кеча ёққан қор қоплаб кетганидай, ортга йўл доим ҳам бўлавермайди, қачонки масала хусусийликдан умумийликка кўчар экан, демакки, қаердадир хоҳиш-иродамиз билан бошқа шахснинг хоҳиш иродаси албатта тўқнашади, у билан ҳисоблашмай кўринг-чи.

7

Азимнинг қисмати тарҳини чизаётган тақдири азалнинг ҳеч кутилмаганда оқ рангли мўйқалами тугаб, қора ранглисига ўтганди гўё. У тақдирга, шўр пешонасига лаънатлар айтиб ичкиликка муккасидан кетди. Олти ой давомида аламини ичкиликдан олди. Кайфи тароқ кунлари уйдаги ҳамма жиҳозларни (улар ҳам саноқли ва ғариб кўринишга келиб қолганди), буюмларни синдирар, бироқ барча нарсани ҳар ёнга улоқтиришга борган қўллари «Эйнштейн жумбоғи» босилиб чиққан газетага келганда ғаройиб тезликда ўз кучини йўқотарди. Нари борса, бир ғижимлаб қўярди. Кейин эса худди дазмоллагандек газетани қўли билан оби-тобида текислаб чиқарди. Орадан анча вақт ўтиб ҳовури босилгач, яна Альберт Эйнштейннинг жумбоғи жавобини излай бошлади. Бир куни бош эгиб қайнонасининг уйига йўл олди. «Уйларини сотиб, бошқа шаҳарга кўчиб кетишган... айнан қаерга экани ҳеч кимга маълум эмас» – худди музейдаги антиқа экспонатга обдан разм солаётгандай синовчан боқаётган кўзларнинг андак пастки қисмида тўхтовсиз очилиб-ёпилаётган оғизлардан ўзига керакли шу сўзларни илиб олди. «Кимсиз? Исмингиз нима? Уларга қариндошмисиз? Нега уларни қидириб юрибсиз?» каби саволларни ҳавода муаллақ қолдириб келган йўлига равона бўлди. Азим бирин-кетин учраган руҳий зарбалардан сўнг гангиб юрди. Бошини қайга уришни билмасди. Бу орада йиғиб қўйган пулларининг ҳам таги кўриниб, даста-даста пуллар ҳам худди ўзига ўхшаб тирриқлашиб қолди. Азим дастлаб беш-олтита ташкилотларга иш сўраб борди. Иш берувчилар унинг соқолли юзига, тўзиган кийимлари, яғири чиқиб кетган шимига боқиб ҳайдаб солишди. Кейин у иштаҳасини пасайтириб мактаб, боғчаларнинг бухгалтер лавозимларига умид боғлади. Ташқи кўриниши берган илк таассуротни суҳбати билан тумандай тарқатса-да, бироқ таълим муассасаси раҳбарлари унинг иш фаолияти тўғрисидаги ҳужжат билан яқиндан танишганларида, қандай айб ила бўшатишганликлари маълум бўлгач, унга «сокрашения» келган дея оппа-осон ва сийқаси чиқиб кетган баҳона билан эшикларини ёпишди. Азим кетма-кет ёпилган эшиклардан энди бу ёғига ўз мутахассислиги бўйича ҳеч бир жойда қўним тополмаслигини англади. Кейинчалик пул топиш учун ҳар қандай ишга рози бўладиган бўлди. Мардикорлик қилди, қурилишларда ишлади. Ҳар қандай пулнинг иси таралган барча тешикка бурун тиқди. Тадбиркор қўшнисининг машинасини ижарага олиб, киракашлик қилишни бошлагунича ҳеч бир ишда қўним топмади. Аввалига ишлари бироз юришгандек бўлди. Наҳот, унинг келажак йўлини белгилаётган илоҳнинг қора мўйқалами ёзишдан тўхтаган бўлса? Бироқ. Юрса ҳам, турса ҳам нуқул хаёлида «Эйнштейн жумбоғи»ни ўйлайверганидан бир марта машинани йўл четидаги бетон тўсинга уриб олди. Бетон бетон-да! У машинанинг олд томон ўнг қанотига гўё қоғозни ғижимлагандай қаттиқ шикаст етказганди. Нима ҳам дерди: «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади». Уйини сотиб, пулнинг бир қисмини машинани таъмирлаш учун устахонага берди. Қолган пулга яқинларидан қарз-қавола қилиб олган пулларини қўшди-да, шаҳар чеккасидаги овлоқ бир жойдан кўримсизгина, шароитлари ўзига яраша бир хонали уй сотиб олди. Буни уй деб аташ бамисоли бир тавияни соҳибжамол деб атагандай гап. Кўпроқ кулбага ўхшаб кетарди. Шу тахлит йиллар ўтавергач, «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга бўлган истаги пасая борди. Азим шу йўсинда ўн олти йил киракашликда умргузаронлик қилганини ҳам пайқамай қолди. Ҳеч ким унинг қиёфасига боқиб, ёши қирқ бешда деб сира ўйламасди. Оппоқ сочлари, ажин болалаган юзлари, қартайиб қолган кўзларига боқиб, ҳеч иккиланмасдан олтмишни берса бўларди. Шу йиллар ичида онда-сонда тушига машҳур олим, физик, ихтирочи Альберт Эйнштейн кириб турарди. Сочлари оппоқ, нигоҳлари теран олим ҳар сафар Азимнинг устидан кулгани-кулган: «Эй нотавон банда, оддий бир топишмоқни ечаман деб умринг ўтди-ю, яна ўзингни «даҳо» деб ҳисоблашингга ўлайми?.. Бошдан баланд сакраб бўлмайди... Falle runter aus dem himmel und schleife deine kenntnisse ... – Эйнштейн гоҳ ўзбекча, гоҳ немисча сўзлар, яна тушунарсиз тилда алламбалолар дерди. – Шуни билиб қўйки, бу ақлинг билан ҳеч қачон топишмоғимни ечишга қурбинг етмайди. Жўжа улғайганида бургут эмас, товуқ бўлганидек, сен ҳам ҳеч қачон даҳо бўлолмайсан, аксинча, кексайганинг сари ақлий даражанг пасая боряпти. Тушундингми?! Ха-ха-ха!». Бу тушлардан сўнг оловга сув пуркалгандек Азимнинг иштиёқи гуриллаб ўт оларди. Ғазаби қайнаб, «топишмоқни албатта ечаман» дея ўзига ўзи ваъда берарди.

Апрелнинг ажойиб тонгларидан бирида истараси иссиқ журналист йигит Азимнинг машинасига ўтириб қолди. Йўл давомида суҳбатлашиб яхши чиқишиб қолишди. Журналист машинадан тушар чоғида Азимга газеталарининг янги сонини беришни унутмади. Азим уйга келгач, зерикарли кечки овқатдан сўнг телевизорда футбол кўрди. Кўп ўтмай унданам безиди. Дераза яқинига келиб, ташқарига қиё боқди. Кўзлари теварак-атрофни кўрмас, аксинча, улар ўй-хаёлларида чувалашиб ётарди. Безовта эди. Ич-ичидан аллақандай нохушликни сеза бошлади. Ўйлаб қараса, ҳаммаси жойида. Хавфсирашга ҳожат йўқ. Бироқ қандайдир дилхиралик юз берадигандай эди. Чувалашиб ётган хотиралари қармоғига машина хўжайинига ижара пулини тўлайдиган муддат яқинлашиб қолгани илиндию таъби янада хиралашди. Дераза олдида тик туришдан безиб, ёнбошлади-да, ҳалиги газетани кўздан кечира бошлади. Ўрта саҳифани очганида қўлидан газета шилқ этиб тушиб кетди. Кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, санчилган юрагининг оғриғидан букилиб қолди. Газетада орадан 16 йил ўтиб ўша «Эйнштейн жумбоғи» газетхонлар ҳукмига ҳавола этилганди. Орадан 16 йил ўтиб-а?! Азим бу топишмоқни ечмай, унутганига бир йилдан ошганди. Аммо гоҳида тунда сиқилган пайтлари топишмоқни ечиб кўришни канда қилмасди. Негаки бу нарса 16 йилдан буён такрорланавериб одат тусига кириб улгурганди. Азим чўнтагидан дағал ҳамёнини чиқарди. Ҳамён ҳаддан ташқари қўпол, беўхшов тикилган, эскириб кетганидан чирк бойлаганди. У ҳамёндан кўп йиллик ҳамроҳи – букланган газета қийқимини чиқарди. Газета парчаси аллақачонлар сарғайиб кетган, букланиб сийқаланган четлари кир мато билан елимлаб қўйилганди. Ундаги ҳарфларнинг ранги ўчган, қоғози ёйилиб кетганди.

– Энди менга эскиси керак эмас, – юзи ғамгин тус олиб, ҳаётини барбод қилган мақолани ахлат қутисига улоқтирди.

Газетада қайтадан босилган «Эйнштейн жумбоғи»ни ҳафсаласизлик билан еча бошлади. Бироқ қўл учида амалларни бажараркан, улар ўз-ўзидан осонгина ечила бошлади. Азим пешонасини тириштириб, энди астойдил киришди. Бироздан сўнг «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга муваффақ бўлди. «Нега жавоби тўғри чиқди?» Башарти бу саволни ўзига 16 йил аввал берганида, шубҳасиз, кулавериб ичаги узилган бўларди. Бироқ айни вақтда хурсанд бўлишдан кўра кўнгли маъюс тортиб қолди.

– Нега жавоби чиқди?.. Ёки орадан 16 йил ўтиб ақлли бўлиб қолдимми?.. Ҳеч нарсага тушунмаяпман, эй Худо!.. Ўзинг мени иймондан айирма... Асло бундай бўлиши мумкин эмас...

У тушунмовчилик чангалида аёвсиз ва бераҳмларча эзғиланарди. Саросимага тушиб, ишонқирамаган нигоҳда топишмоқнинг жавобини тағин текшириб чиқди. Йўқ, адашмабти. Ниҳоят, 16 йиллик изланишлардан сўнг «Эйнштейн жумбоғи»нинг жавобини топибди-да... Шундай экан, нега хурсанд бўлмаяпти. Қани ўша узоқ кутилган ҳаловат, мағрурлик нашидаси? Шу пайтда Альберт Эйнштейн машҳур тилини кўрсатиб тушган сурати ромидан оғиб ўтиб, тўппа-тўғри унинг қаршисига келди-да, Азимнинг бўйнидан бўғгандек бўлди, кўз олди қоронғилашди. Нафаси сиқилгандай оғзини каппа-каппа очди. Пешонасидан реза-реза бўлиб тер оқди. Барчаси шубҳали. 16 йил давомида эртанги кун билан яшаб келганига топишмоқни ечишга бўлган умидсиз мақсад сабаб бўлганди. Мана, топишмоқни ечди ҳам. Энди у нимани мақсад қилиб яшайди? Нимага интилади? 16 йилнинг деярли ҳар дақиқасида «Эйнштейн жумбоғи»нинг саволларига тикилавериб-тикилавериб унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳарфи ёд бўлиб кетганди. Тунда унинг уйқусини бузиб, топишмоқнинг исталган жойидаги сўз ёки қаторни сўранг, у бир зум ҳам талмовсирамай айтиб берган бўларди. Бу жумбоқ уни тунлари ҳам, тушларида ҳам таъқиб қиларди. Янги газетадаги топишмоқда эса бир сўз эриш, ўзгача туюлди. Югуриб бориб бироз олдин ахлат қутисига ташлаган 16 йиллик «қадрдони»ни қўлига олди ва янгиси билан солиштира бошлади. Барча саволлар тўғри. Лекин эски газетада топишмоқни ечишга кўмак берувчи сўзларнинг бири, яъни «Норвегиялик ҳаворанг уйда яшайди» деган сўз янги газетада «Норвегиялик ҳаворанг уй олдида яшайди» дея ёзилганди. «Нега булар бир-биридан фарқ қиляпти?» – хўрсинди у. Дам ўтмай боши деворга урилгандек бўлди. У ҳаммасини тушунди. Ҳамма, ҳаммасини! Аслида, ёрдамчи сўз «Норвегиялик ҳаворанг уй олдида яшайди» бўлган. Аммо эски газетада биргина «олди» сўзи тушиб қолиб катта хатога йўл қўйилган. Шунинг учун ҳам ҳар гал жавоб хато чиқаверган. Тўғри ҳам чиқмасди-да!.. Биргина «олди» сўзи эмас, Азимнинг 16 йиллик умри ҳам тушиб қолганди.

📘 AZIZBEK NOROV: «AZAL VA ABAD YO'LI»

Muqova: yumshoq

Hajmi: 224 bet

Narxi: 35 000 so‘m

Xarid: t.me/akademsavdo

📚 @akademnashr | #IZLAM