Бир шингил ташхис - Гулрангнинг “Гулқайчи” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)
Ассалому алайкум. Бугун “Академнашр”нинг “Излам” - ёш адиблар асарлари иккинчи тўплами доирасида нашр этилган китоблардан бири “Гулқайчи” билан танишамиз.
“Гулқайчи” китоби адабиётшунос Гулранг қаламига мансуб бўлиб, ундан муаллифнинг “Бугуннинг лирик кайфияти”, “Оғир карвон йўлларида”, “Азал ва Абад йўлидаги ёзувчи”, “Руҳпаз”, “Сурхоннинг икки оғиз сўзи”, “Ориповга ҳавас қилардим...”, “Оласойнинг олмаси”ни биласизми?”, “Замонамиз овораси”, “Илмга айланган олим”, “Шоирнинг “Излам”и” номли 10 та мақола ва адиблар Хуршид Абдурашид ва Суҳроб Зиё билан суҳбатлар ўрин олган.
Мақолаларда муаллиф асосан ўзига тенгдош шоир ва ёзувчиларнинг ижодини кенг қамровли таҳлил этади ҳамда уларнинг бадиий аҳамияти, ўқирманга берадиган таассуроти хусусида холис фикр юритган.
Айниқса, “Бугуннинг лирик кайфияти” мақоласида Гулранг 14 нафар шоир ижодини тадқиқ қилган. Уларнинг лирик кайфияти, қайси мавзуларда қалам тебратаётгани, бугунги замон шоирлари “ижтимоийлашаётгани”, “ўз сўзини қолдиришга ҳаракат қилаётгани”, умуман, адабиётимизда бекор юрмагани ҳақида самимий фикрларни келтирган.
Мақолада саналган қаламкашлар ижоди билан бир қадар таниш ўқирман сифатида айтишим мумкинки, муаллиф бу ижодкорларга холис ёндашган, уларнинг айтмоқчи бўлган гаплари, танлаётган усуллари, сўз танлашдаги маҳорати, ташбеҳлари, тушкунликка тушишлари, кучайиб бораётган (самимий) кинояни, норизоликни тушунтириб берган.
Албатта, бу мақола, аввало бир ўқирманнинг, сўнгра, адабиётшуноснинг фикрлари. Қувонарлиси, мақола билан танишган кишида шоирлар шеърларини ўқишга кучли истак пайдо бўлади.
Кейинги мақолалар ҳажм жиҳатидан кичик ва асосан бир ижодкорнинг ёзиқларига аталган.
Ёзувчи Шерзод Ортиқовнинг “Куз симфонияси” ҳикояларини тадқиқ қилар экан, Гулранг кўпроқ улардаги сўз қурилиши, айрим ортиқча жумлаларга эътибор қаратган. Лекин уларда тасвирланган кўнгил одами ҳолатлари, изтироблари, самимият муаллиф назаридан четда қолгандек.
А.Норовнинг “Азал ва Абад йўлларида” рамзий-фантастик қиссаси бўйича Гулрангнинг мулоҳазаларига ҳамфикрман.
Муаллифнинг “Руҳпаз”, “Сурхоннинг икки оғиз сўзи”, “Ориповга ҳавас қилардим...”, “Оласойнинг олмаси”ни биласизми?” мақолаларида ҳам кўпроқ урғу адибларнинг сўз ишлатиши, улардаги иборалар, битта шеър таҳлилига эътибор қаратилган.
“Замонамиз оввораси” мақоласи Саломат Вафонинг “Оворанинг кўздан кечирганлари” романи хусусида бўлиб, ушбу китобни ўқимаганим учун унинг таҳлилига тўхталмадим.
“Илмга айланган олим” ва “Шоирнинг “Излам”и” мақолалари академик Наим Каримов ҳамда шоир Фахриёрнинг ижодига айрим чизгиларни берган. Ҳар икки мақолада муаллиф самимийлик ва холислик чегараси туриб, ўз таассуротларини, хулосаларини баён этган. Н.Каримовга бағишланган мақола янада кенгроқ ёзилса ҳам, ўқувчига қизиқ ва фойдали бўлади, деб ўйладим.
Хулоса ўрнида айтаманки, бугунги кун ёш, истеъдодли ижодкорлари орасида жиддий адабиётшунос ҳам бор. Унинг букблогерлардан фарқи чуқур таҳлили, таққослаши, холислиги, танқидни ҳам, самимий мақтовни ўз ўрнида айтиши, деб ўйлайман. Мақолаларда бугунги кунда ижтимоий тармоқ ривожлангани, ўқирманлар узун матнлардан қочиши эътиборга олинган. Шу боис, уларнинг асосий қисми 4-5 бетни ташкил этган.
“Бугун ким ёзяпти?”, “ёзувчи ва шоирлар борми?”, “ўзбек адабиётида Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Маликдан кейин бирор ёзувчи чиқдими?” каби саволларни берувчиларга шу китоб билан танишишни таклиф этаман.
Гулрангнинг кейинги ижодига омад тилаб, сўнгги йилларда залворли ижод этаётган бошқа адибларимиз асарларини ҳам таҳлил этишига, тарғиб қилишига тилакдошман. Зотан бугун миллий адабиётимиз “рекламаси” жуда-жуда кам ва ноёб ҳодиса бўлиб қолди.