March 24

Руҳпоралар - Мансур Жумаевнинг “Биз кутган фасл” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун ҳам “Академнашр”нинг “Излам” тўплами билан танишишда давом этамиз ва Мансур Жумаевнинг “Биз кутган фасл” китобидаги шеърларни таҳлил қиламиз.

Тўплам қисмларга ажратилмаган, балки, бир китоб сифатида берилган ва ундан шоирнинг турли йўналишлардаги шеърлари ўрин олган. Тўплам аввалидаги ёзиқларда асосий урғу муҳаббат ва унинг инсонни юксалтира олишига қаратилган. Бунда муаллиф ўзининг ёндашувини таклиф этади:

- Юрак зарбин матн қилдим,
шеърни изҳор хатм қилдим,
сочларингни ўқиб чиққач,
кўзларингни хатм қилдим.

Ёки:
- (Севги) кўнгилга сиғди,
бир инжа киприкда қалқиб турди у,
шунда ҳам эсини йиғмади:
ақлга сиғмади, ақлга сиғмади.

Муаллиф соғинчга ҳам ажиб таърифлар келтириб, кутилмаган ёндашувларни назмий баён қилган:
- Азизам, кел фақат, келсанг бас, тамом,
бус-бутун эгаллаб ол борлиғимни:
бир сен исботлашинг мумкиндир
ҳамон бу дунёда борлигимни.

Ёки:
- Севдикми, севилмиш не деса мақбул,
Сўрай қол, киприги нақши ислима.
Кўнглим-ку ўзи бир Каъба-ю мақдур,
Зиёрат қилгайсан қачон, муслимам?!

Ёки:
- Соғинч лашкарининг телба тарҳи бор,
Қачон ҳужум бошлар - кундами, тунда...
Севасанми-йўқми, нима фарқи бор,
Кўргинг келаётир ҳамма гап шунда.

Китобни варақлар эканмиз, лирик қаҳрамоннинг ўз суюклисига етгандан кейинги кайфиятига дуч келамиз:
- Юрак севмасликка кўнмаса, бўлди.
Азизим, меҳримиз сўнмаса бўлди.

Ёки:
- Миллион йиллик ҳасратим, севгим!
Сени, нафрат кезган жаҳонда,
Билмам, қандай асрадим, севгим?!

Китобдан шоирнинг яқинларига, хусусан, онасига аталган битиклари ҳам бор. Улардан менга энг ёққани “Оқ мактуб” шеъри бўлди. Унда муаллиф “она” сўзини бир марта ҳам келтирмай, онасига, унинг соғинчига, чексиз меҳрига, кўз ёшига, доим боласини деб, юраги уриб туришига гўзал ташбеҳлар билан таъриф берган:
- Оқ йўлларга тирмашган - босган изинг - оҳ йўллар,
Соғинчданми, ҳасратдан - манглайдаги оқ йўллар?
Чангалида бахт тутган, мен бургутми, сен бургут?
Бунча серёмғир экан, кўзингдаги оқ булут?!
Ўйин тушар тегрангда, телба олам, соғ олам,
Ажаб ҳамон оқ рангда, қалбингдаги оқ олам.
Қора деса, майли ким... Оқ сўзингга муштоқман:
Сенинг учун оппоғим, мен ҳамиша оппоқман.

Тўпламдан М.Жумаевнинг ўндан ортиқ ижтимоий шеърлари ҳам жой олган бўлиб, уларда муаллифнинг бугунги кунга муносабати, бошқаларга ҳамдардлиги, куйиниши, инсонийликка чорловига гувоҳ бўламиз:
- Кўнглинг кулбасидан кетмаса иймон,
Кипригинг учида қалқиса виждон,
Бир кунмас бир куни бўлолсанг инсон,
Инсон топилади бир кунмас бир кун. (“Синтактик параллеллар” шеъри).

Ёки:
- Менинг она тилим, сен сабаб изҳор
Қилолдим севгимни - уйғоқ нафасман:
Демак тилдан қолган чолмасман зинҳор,
Ё тили чиқмаган гўдак эмасман. (“Она тилим” шеъри).

Ёки:
- Мусофир ўзбеклар, Сиз ҳам ҳам Худонинг
Райҳонин термакка кетгансиз гарчи,
Бирингиз - Алпомиш, алпсиз, ишонинг,
Ишонинг бирингиз албатта, Барчин.
Нондан азиз ном бор, сувдан ҳам азиз,
Шу ном залворини жойлангиз жонга.
Ўзбек бўлиб боринг, қайга борсангиз,
Ўзбек бўлиб қайтинг Ўзбекистонга. (“Мусофир ўзбеклар” шеъри).

Шеъриятимиз кузатувчиларига яхши маълумки, Азим Суюн, Шукур Қурбон, Фарида Афрўз каби шоирларимиз турлича номланган тўртликлар, учликлардан иборат, яхлит маънога эга қисқа назмий битикларни тақдим этишган.
М.Жумаевнинг “Руҳпоралар туркумидан” деб аталган тўртликлари ҳам мазкур анъанани давом эттирган бўлиб, уларда мавзу жиҳатидан жуда кенг ва фалсафий ҳаётий хулосалар қаламга олинган:

- Попуклари кулол дарвеш бўлганман,
Озод шамолларга таниш бўлганман.
Қандай унутайин, эй, она дарё,
Най бўлишдан олдин қамиш бўлганман.
*****
Деманг, дарвеш тўнин хоқон тутади.
Ҳар ким ўз йўлида мақом тутади.
Дурга айланишни истаган зарра
Чиғаноқ ичини макон тутади.
*****
Ҳайқирма, одамлар айб қилмайдими?
Изҳорлар шивирлаб айтилмайдими?
Йиғла. Дил кўзингга кўзгу бўлса кўз,
Бу кўзгу қуёш-ла артилмайдими?
*****
Ҳаёт қурсоғида куфру ботил жам,
Виждон икки тарафлама зотилжам.
Ўлиб кетаверса, қалби тириклар,
Қандай яшаш мумкин энди хотиржам?!
*****
Дарбадар шамоллар топдилар касрат,
Йиғлоқ булутлардан тўкилди, ҳасрат.
Асраб қололмадим, жонимни ё Раб...
Ё Раб, қолдиммикан руҳимни асраб.
*****
Қонимда тупроқнинг зайли кезади,
Руҳимда осмоннинг майли кезади.
Мажнуний саҳрога айланди кўнглим,
Қачон бу саҳрони Лайли кезади?!

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, М.Жумаев ўз сўзига, йўналишига эга шоир бўлган. Унинг битиклари аввало, назмий, шоирона эканлиги, айни вақтда эса мазмунан кенг қамровли, фалсафий фикрларга тўлалиги, инсоний оғриқларга ҳамдардлиги билан ажралиб туради. Шу сабабларга кўра, бу шеърлар келгусида ҳам китобхонларни ҳайратлантира олади.

✍️ Аваз Алижонов