December 26, 2024

Байрам Алининг “Босириқ” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан ёзувчи Байрам Алининг “Босириқ” насрий тўплами ҳақида фикрлашамиз.


Китоб “Академнашр” чоп этган “Излам” - ёш адиблар асарлари иккинчи тўплами доирасида 2024 йил октябрда чоп этилган. Ундан Байрам Алининг “Босириқ”, “Тункезар болалар” қиссалари ҳамда “Куз ёмғирлари”, “Илинж”, “Топишмоқ”, “Ҳамдардлар”, “Нимкоса”, “Почча”, “Дардли қуш” номли ҳикоялари ўрин олган.
Номига муносиб равишда “Босириқ” қиссаси номаълум бир қаҳрамонлар, воқеалар орасига олиб киради. Ровий ҳодисаларни ҳикоя қилар экан, уларда деярли боғлиқлик кўрмайсиз. Улар пойинтар-сойинтар тарзда давом этар экан, тушунарсиз тарзда тугайди. Асардаги барча қаҳрамонлар ўзларини ғалати тутади ва улар орасида ақлан соғлом одам йўқдек. Ҳақиқий тушдаги босинқираш тасвирланган.


Хўш ёзувчи бу асари билан нима демоқчи? Тушунишимча, муаллиф мистик руҳдаги қиссаси билан жамиятимизда кенг тарқалган иримчилик, фолбинларга ишониш, “одамлар нима дейди” каби фикрга бўйсунишни кўрсатмоқчи бўлган.
“Тункезар болалар” қиссасини ҳар бир киши завқ билан ўқиса керак. Чунки бу асар беғубор болаликни кўз олдимизда жонлантиради, айниқса, мактаб пайти даврлари ҳар бир ўқирманни ушбу қиссага тортади: болалар ўртасидаги катталарга тақлид, илк дўстлик, муҳаббат учқунлари, илк йўқотишлар, болаликдан ўсмирликка ўтишдаги дастлабки қийинчиликлар, хуллас “ширин эртакнинг тугаши” ажойиб бир тарзда очиб берилган. Ёзувчи воқеаларни болалар тилидан ва мантиғидан келиб чиқиб тасвирлангани уни янада ўқишли қилган.
Еттита ҳикоянинг барчаси тугал сюжетга эга ва пишиқ мантиққа асосланган. Энг муҳими улар китобхоннинг ёдида қолади. Менга энг ёққан ҳикоялар кекса чавондознинг сўнгги кунлари тилга олинган “Илинж”, хаста йигит ҳақидаги “Дардли қуш” асарларидир. “Топишмоқ” ҳикоясидаги ёш оила тасвири ҳам тўлқинлантирди.


Байрам Али асарларида инсонийликка даъват, бугунги кун одамлари оғриқлари, истеъмолчилик жамияти муаммолари кўрсатилган. Шунингдек, соддаликдан кўра жоҳилликка яқин қусурларимиз ҳам қаламга олинган. Йирик ёзувчилар каби Байрам Али қаҳрамонлари яшайдиган алоҳида макон - “Чимсарой” қишлоғи бор.
“Босириқ” қиссасидан ташқари, бошқа асарларнинг тили равон. Ўқувчини қийнамайди. Хуллас, ёзувчини табриклаб, кейинги асарларини кутиб қоламан.

✍️ Аваз Алижонов