Маҳфуза ТЎЙЧИЕВА. “Босириқ”дан кейинги илинж
Байрам АЛИнинг “Босириқ” тўпламига кирган ҳикояларини ўқиш жараёни силлиқ кечди. Келинчакнинг ўзи ҳам англаб-англамаган ўта нафис, ингичка ҳиссиётлари тасвирланган “Топишмоқ”, ғарб адабиётини эслатиб юборувчи “Ҳамдардлар”, ўқиб бўлгач кўнглингизда аллақандай ғашлик қолдирадиган “Нимкоса”, жуда таниш сюжет чизиғига эга “Почча”, алоҳида талқинга арзирли “Илинж” каби ҳикоя қаҳрамонлари ўқирманни зериктириб қўймайди.
Китобдаги илк ҳикоя “Куз ёмғирлари” воқеалари таҳририятга яқиндагина ишга олинган Жафарсодиқнинг “биттагина чакки одати” борлиги баёни билан бошланади. Ровий нутқидан қаҳрамоннинг ниҳоятда тиришқоқлиги, қалами дурустлиги, қолаверса, шоирлиги ҳам борлигини билиб оламиз. Кеч куз, ёмғирлар мавсуми бошланмагунча ҳаммаси жойидадек эди…
Тасаввур қилинг, ҳафтадан кейин журналнинг навбатдаги сонини босмага топшириш керак, аммо камчиликлар кўп. Жафарсодиқ эса, кечикмоқда. Кечикиш билан боғлиқ тасвирларга муаллиф батафсил тўхталади. Қаҳрамоннинг ўзига ярашмайдиган кенг кўкиш ёмғирпўшини ечиб илгичга илиши, “масрурдан масрур” илжайиши, ҳамкасбларининг танали ўқрайишлару ошкора зардаларини сезмаганга олиб одатий шўхчан ҳаракати билан жойига бориб ўтириши моҳирона тасвирлаб ўтилади. Бу орада ўқирман ҳам уни ўзича “кашф” этиб боради. Тўғрироғи, Жафарсодиққа ҳикоячига хос баҳо бера бошлайди: сурбет, ориятсиз, ҳавойи, дангаса…
Аммо асар якунига бориб, ровий томонидан айтилган “оёғидаги усти ва ён томонлари идраб қолган эски оёқ буюмга кўзим тушди…” деган биргина жумла билан бари буткул ўзгариб кетади. Маълум бўлишича, Жафасодиқ ҳаммага ўз камчилигини акс эттирувчи кўзгу бўлиб, аслида ғужур, орият, масъулият, самимият бобида барчадан устунроқ экан. Буни ўқирман яққол англайди, ўзида Жафарсодиққа нисбатан испанча уялиш ҳис этади. Унинг ҳамма таъналарни табассум билан қарши олиши, бошлиқдан гап эшитгач, хонага “…ор ва номуси янчиб ташланган бир мискин ҳолатида..” қайтиши, Лобархоннинг ёрдам таклифини ҳафсаласиз бир овозда рад этишини эслар экан, йигитчага қалбида ҳам ҳурмат, ҳам ҳамдардлик уйғонади.
Эътибор берсангиз, матнда Жафарсодиқнинг “ҳечам ярашмайдиган кенг кўкиш ёмғирпўш”га эга эканлиги орқали камхарж эканига ишора берилган. Яна у кампирникида ижарага туради. Одатда бундай ижаралар энг арзон ҳисобланади. Лекин у бировдан қарз сўрашни, ҳатто таъна тошларига кўмилиб турган ҳолатда ҳам ўзининг қийин вазиятда эканини билдиришни эп кўрмайди. Балки, танг қолганда одамлардан ёрдам сўраш, ёнидагиларга суяниш унчалик ёмон иш эмас-ку, дермиз. Бироқ Жафарсодиқнинг ўз дунёси, ҳақиқатлари бор. У шуниси билан бошқаларга ўхшамайди, ҳаммадан ажралиб туради.
Қолаверса, ёзувчининг баёндаги санъаткорона ифодаси туфайли ҳикоя давомида хонада ўтирганлар тўрт эмас, беш кишига айланади. Яъни, ўқирман ҳам воқеаларда ғойибона иштирок этади. Худду уч ўлчамли тасвирни кўргандай, эшикни зарда билан очаётган Кибриё опани, “уф!” тортган Лобархонни, эснаётган мусаҳҳиҳни, саотга қарай-қарай Жафарсодиқнинг тағин кечикиб келишини беихтиёр истаётган, унга дашном ёғдиришга аллақачон ҳозирлик кўраётган ҳикоячи қаҳрамонни ҳис қилиб туради.
Муаллиф бир қарашда жуда оддий сюжетдан фойдаланган. Ҳикоя давомида бутун бир жамоанинг иш унумига салбий таъсир қиладиган, аслида ёзиш у ёқда турсин, айтишга ҳам арзимайдиган – ёмғирга яроқсиз оёқ кийим орқали инсон руҳияти ва зиддиятли муносабатларини очиб бера олган. Воқеа, деталлар ўта тиғиз ва булардан унумли фойдалана билган. Ҳар битта ҳодисани ижтимоийлаштирган. Масалан, ўз меҳнат ҳақларини вақтида олишдай табиий, шарт бўлган вазиятни “дилхун ўтган иш кунимизнинг якуни хайрли кечди” дейиш билан таҳририят хонасидан ташқаридаги ижтимоий-иқтисодий муҳит ҳам яққол гавдаланади. Шунда беихтиёр ўйлаб қоласиз, “Куз ёмғирлари” дейилганда аллақандай рамзийлик ҳам йўқ эмасдир? Эҳтимол, оёғидан нам ўтиб юрган олий маълумотли, истеъдодли, тиришқоқ одамнинг ҳеч кимга сездирмаётган изтироблари ҳам биз ўйлаган даражада хусусий эмасдир?..
“Топшмоқ”, “Нимкоса” ҳикояларида иншо этилган бўёқдор руҳият чизгилари, кўнгил кечинмаларининг нозик ифодаси Байрам Алининг инсон феъл-атворидек чигал тугунни ечишга қўли келиб қолганини кўрсатиб турибди. Пишиқ жумлалар, кутилмаган ечимлар ҳам ёзувчининг бир қарашдаёқ сезиладиган маҳоратини акс эттиради.
Адабиётимизга келажакда фалсафий битиклардан озуқаланиш ва “катта қозонда қайнаш”дан олинадиган тажрибаси билан (агар турмуш деган гирдобга тушиб қолмаса) ҳали сара асарлар туҳфа қила оладиган истеъдод кириб келгани рост бўлсин.
Маҳфуза Тўйчиева – 1976 йилда туғилган. Гулистон давлат университетини тамомлаган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти.