April 3

Бошга гурзи шеърлар - Суҳроб Зиёнинг "Дарё" китоби таассуротлари ("Излам" туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун ҳам “Излам” тўплами вакиллари билан танишишда давом этамиз ва Суҳроб Зиёнинг “Дарё” китобидаги шеърларни таҳлил этамиз.

Китоб “Жануб йўқлигини билмаган қушлар”, “Ёрдан хабар бўлса, айтинглар”, “Алиф. Лом. Мим”, “Шаклсиз шамойил”, “Ҳаммасини кўриб турибман, дунё”, “Улкан хаёллар” деб номланган фасллардан иборат.
Биринчи фаслга шоирнинг шоирлик мақсадини англатувчи, ҳар бир ўқирманнинг виждонини қийновчи, ўзига саволлар беришга мажбур этувчи, таъбир жоиз бўлса, чаккасига тарсаки тортиб юборувчи битиклар, руҳ ва жисм курашини тавсифловчи шеърлар киритилган. Бу фаслдаги ҳар бир битик “одамийлик дарслари”, “самимият изҳорлари” деб атаса бўлади:

- Украиннинг тўкилган қонидан хабарим бор.
Мусулмоннинг Афғону Шомидан хабарим бор.
Уйғуримнинг ўртанган жонидан хабарим бор.
Гўдаккина боласини бағрига босолмасдан
Бемор ётган синглимнинг аҳволини билмайман.

Ёки:
Атай жилмаяман, ғам бошга тушса,
Атай, қувонч келса, бўларман сипо.
Муроса қилсам-да, сен-ла ҳар лаҳза,
Атай шартларингни бузарман, дунё.

Ёки:
Маошли қулликка берганча борин
Қалтираб қайтади ориқлаган сўз.
Нега сен тўймайсан, лаънати қорин?
Нега сен тўймайсан, кўзлари оч кўз?!

Ёки:
Мардлар қадри бунча хор ўтар,
Боши узра чилвир дор ўтар.
Ётга ялов бўлган безотлар
Қилмишидан нолиб ор ўтар.

Ушбу бўлимдаги “Нисбийлик” шеъри ўзининг теранлиги, дилтортарлиги, самимийлиги, кескинлиги билан ва кенг маънодорлиги жиҳатидан достонга тенг келади:
- Қуш ҳам биздан ҳотамроқ,
чумоли ҳам бардамроқ,
итлар дўстга ҳамдамроқ,
булар биздан биздан одамроқ-
Қанот ёлғон, дум ёлғон.

Кейинги фасл "Ёрдан хабар бўлса, айтинглар" деб аталган бўлиб, ундан бир йигитнинг суйгулисига бағишланган дил изҳорлари, соғинч сатрлари, самимий туйғуларининг қоғозга кўчирмалари билан танишамиз. Албатта, бу умумий гапга кўра, сиз ўлдим-куйдим шеърлар экан, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо, асло ундай эмас:
- Кўзингдан кўзимга тўкилсин оҳор,
Оққушдай хўшлашсин иякларимиз.
Фақат жим кезамиз, сўз айтма изҳор,
Ёрилиб кетмасин юракларимиз.
Пиёда юрайлик бирозгина, моҳ...

Ёки:
Гул қилиб яратса сени Худойим,
Мен бир капалакдай келиб кетсайдим.
Баргинг қанотимдай учса мулойим,
Мен ишқдан маст бўлиб ўлиб кетсайдим.
Айт, яна ким бўлай?
Айт, нима бўлай?
Бўғиб ташлайверар ташбеҳу туроқ.
Энди мен дунёга қай йўсин келай,
Ким бўлсам бўламан сенга яқинроқ?

Ёки:
Ўз ҳолимни ўзим биларман,
Сени севсам ёмооон бўлади.
Кўзларингда бошланган олам
Кипригингда тамом бўлади.

Китобдаги учинчи - "Алиф. Лом. Мим." бобидан шоирнинг маърифий мавзудага шеърлари жой олган. Муаллиф бу фаслда ҳеч кимга насиҳат қилмайди, балки, бир мусулмон ўлароқ ўзининг руҳиятини тафтиш қилади. Мени ҳайрон қолдиргани шоир ўзининг айбларини яширмайди:
- То кибрим олдида қулланиб келдим,
ўзимга маҳкумдай ғулланиб келдим.
Йўлингга чорладинг лаҳзама-лаҳза,
Ишоратни билмай гўлланиб келдим...
Тобора гуноҳга мўлланиб келдим...

Ёки:
- Бир оҳдан минг ғазал ундирмоқ мумкин,
минг кўйда ўйнатмоқ мумкин сўзларни.
лекин нима қилса бўлади, айтинг,
Ҳаққа қаролмаган сўқир кўзларни?

"Шаклсиз шамойил" номли тўртинчи фаслда шоирнинг ҳақиқатни шеър орқали айтиш йўлидаги изтироблари, бундан ҳам қийини ҳақиқат тарафида туришнинг қанчалар қийинлигини тавсифловчи битиклари ўрин олган:
-Шеър мутлақ музаффар замон олдида,
шеър макон измига бўйсунмас.
Бир аср илгари ётлар белгилаб
кетган сарҳадларни тап тортмай бузиб,
у дадил ҳайқирар "Туркистонман" деб.

Ёки:
Ўв дунё, ўз ҳолимга қўй,
одамдек яшай.
Нега ҳамма сенга ошиқади,
нега ҳамма қулдай мўлтирар сенга?

"Ҳаммасини кўриб турибман, дунё" номли бешинчи фаслда муаллифнинг одамлик шарафига номуносиб бўлган сиёсий, ижтимоий воқеаларга бағишланган "Фаластин", "2022.Украина", "18 гўдак", "Ковид 19" битиклари ўрин олган. Уларнинг ҳар бири сизу бизнинг, борингки, одамман деган барча каснинг оғриқлари ва изтиробларидир.
Ушбу бўлимдаги "Одам савдоси", "Ожизлар", "Қоронғу" шеърлари мазмунан ўта теранлиги, фалсафийлиги, маъноларнинг қуюқлиги, оддий қилиб айтганда бошга гурзи билан ургандай таъсир этиши билан шеъриятимиздаги инсонийликнинг янги достонлари дейиш мумкин:

-Мағрур бошни сотиб олмоқ мушкул,
(эгилган бош айниган пиёздек қадрсиз),
минглаб бошлар ўрилган бу заминда
барчасининг айби - сотилмагани,
қанча эгилган бош яшаб юрибди,
арзон-гаровга.
Тилни ҳар ким ўзича пуллайди.
Мана, биз бир бутун миллат тилини
насияга сотган авлодмиз.
Бирор ажнабийга ўз тилимизда
сўзлашга ийманиб юрган авлодмиз.
Гўё тилимизни қарзга олганмиз.
Гўё бобомиздан қолмагандек у. ("Одам савдоси" шеъридан).

Ёки:
Кимда қамчи бўлса, шундадир фармон,
Хушомадгўйларнинг бармоғи болда.
Биз эса қимтиниб раҳмат айтамиз,
Яхши одамлармиз, ҳар ҳолда.
Тилимиз бор, баъзан бурро бўламиз,
Мадҳия тўқиймиз топганда фурсат.
Таомланиб бўлиб, раҳнамолардан
Фотиҳа айтишга сўраймиз рухсат. ("Ожизлар" шеъридан).

Ушбу фаслдаги "Шамол, маърузахона ва эркинлик ҳақида шеър", "Мусиқа муаллими" битикларини ўқиб, улардаги самимий руҳдан кўнглингизда бир енгиллик, тозалик ҳис этасиз, гўё.
Китобнинг олтинчи фасли - "Улкан хаёллар"да муаллиф тарих, бугунги кундан туриб, келажакдан кутаётган миллатни юксалтирувчи энг баланд орзулари, умидларидан сўзлайди. Нафақат сўзлайди, балки, бунинг учун энг зарур бўлган ўтмиш хатоларини такрорламаслик, ўзлигини, инсонийликни, эътиқодини йўқотмасликка ундайди:

- Олов чамбаракдан сакраб ўтди шер,
Айиқ велосипед миниб қилди сайр.
Фил ўмбалоқ ошиб, гурсиллади ер,
Ёлғиз сен қолгандинг, ёввови, ғайир,
Мен увлаб юбордим қисматинг кўриб,
Қамчидан қўрқдингми, циркдаги бўри?
Шоқоллар гердайди маконинг кезиб,
Масхарабоз сенга узатади қанд.
Унинг кекирдагин олмайсан узиб,
Занжирингга сира бермайсанми панд?
Тур-е чорлаётир аждодинг қўри,
Руҳингни кўмдингми, циркдаги бўри?!
Миллатинг туркийми, циркдаги бўри?! ("Циркдаги бўри" шеъридан).

Ёки:
Қўлларимда қизил харита -
Майдаланган кўзгу сингари.
Ёв отига емиш ташийди
Тарқаб кетган Темур лашкари.
То бирлик йўқ - борлик ҳам йўқдир!
Бу ғафлатга қўймай туриб чек,
Номинг айтиб шеър тўқиётган
Шоирингни кечирма, Ўзбек. ("Хуросон" шеъридан).

Ёки:
Бир авлод керакдир - умуртқаси чўнг,
бўйин сунмайдиган, эгилмайдиган.
Тиззаси тиззадан чопилмагунча
тизза букмайдиган, йиқилмайдиган.
Бир авлод керакдир - ирфонга ташна,
илмнинг мағзини шимган фитрати,
Пичирлаб яшашни билмасин, сўзи
осмону заминни юрсин титратиб.
Бир авлод керакдир - жавонмард, билга:
юрт сўраш чекига тушса мабодо,
бўғзидан бурда нон ўтмасин элда
бир ғариб ҳаққини этмайин адо. ("Ренессанс" шеъридан).

Юқоридаги шеърлардан келтирилган парчалар С.Зиё шеърияти ортиқча таърифга муҳтож эмаслигини кўрсатиб турибди. Шоирнинг мазмунан теран, жасоратли, фалсафий, рамзларга, маърифатга тўйинган назми аллақачон ўз ўқувчиларига эга, деб ўйлайман. Шоирнинг кейинги ижодига баркамоллик ҳамроҳ бўлсин. Китобхонларимизга эса ёқимли мутолаа тилаб қоламан.

✍️ Аваз Алижонов