March 24

Чуқур дарё шеърлари - Жалолиддин Саййиднинг “Ҳуққабоз” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)



Ассалому алайкум. Бугун ҳам “Академнашр”нинг “Излам” тўплами вакиллари билан танишишда давом этамиз ҳамда Жалолиддин Саййиднинг “Ҳуққабоз” шеърларини бир қадар таҳлил қилишга уринамиз.

“Излам”нинг аввалги китобларидан фарқли ўлароқ ушбу тўплам фаслларга ажратилмаган. Лекин унга киритилган барча асарлар ўзининг тугал мазмуни ва ечимига эга.

Шоир гоҳ армонли севгиси ҳақида сўзласа, бошқа сатрларда ижтимоийлик устунлик қилади. Бугун кўпроқ унинг ижтимоий руҳдаги ёзмишларига эътибор берамиз.

Шеърларни ўқир экансиз, муаллиф бугунги кун одамига турли нуқталардан мурожаат этади:

- Ҳар хасда бир ҳикмат туширмиш Худо,
Гоҳ жазо бўлгандек таом очларга.
Тирик кўзлар билан қарасанг ҳатто
Ҳавас қилиш мумкин симёғочларга.
Аввал ким эди? Олис ўрмонда,
Бор-йўғи, белгисиз бир дарахт холос.
Бугунчи, елкасин тутгани онда,
Неча жон бўлгайдур зулматдан халос (“Симёғоч” шеъри).

Ёки:
Аммо унутмаки; Шу юрт сеники,
Бўйнингда, босилган ҳар битта қадам.
Худо кўрсатмасин, бирор гап бўлса,
Ўзинг кўтарасан лаънатини ҳам (“Жавобгарлик” шеъри).

“Курси билан суҳбат” шеърида Ж.Саййид мансабпарастлик дардига чалинганларни шу жонсиз нарса тилидан “савалайди”:
- Илиниб қолгандай қармоққа балиқ,
Майлича кетганмас ҳеч кимса рости.
Муҳаббат кўрарди ҳар кафтда ёниқ,
Қизни ҳам бу қадар севмаслар рости.
Бирови курсини сотиб еди бош,
Бошқасини эса бу ўзи сотди.

“Гунг тарих” шеъри ҳам чуқур ижтимоий юкка эга сатрларга бой. Бунда мутелик, қуллик психологияси ажойиб услубда “индамас тарих” тилидан тасвирланган. Шоир асл тарихни ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратган:
- Жандамни қолдириб ўчоқ бошида,
Кийимим янгилаб тушаман сурат.
Тошдан учқун тилаб олов ёшида
Нам тортган ўтиндек тутайди журъат.
Писиб шеър ўқийман, жасорат ҳақда,
Оғзимни тўлдириб ютаман қарсак.

Ж.Саййид шеърларида ўз ҳолатини таҳлил қилаётган, ёмонликларга кўнмайдиган, инсонликни, кўнглини тоза сақлаётган одамнинг ички ҳолатларига кўп мурожаат қилади:
- Аммо нима учун қизармас бетинг?
Беҳузур бўлмайсан диққатинг ортиб.
Ахир лой бўлди-ку қалбнинг бир чети,
Нега уни дарров олмайсан артиб.

Ёки:
- Қалбимга чўғ тушди қайси кун,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.
Ўт олдим куйдим мен, о, бутун,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.

Ёки:
- Туфлаб ташла магар тупроқ,
Бағрингдан жой бермасдан.
Юртга кирган ёв бошини,
Шарт узмасам... Эрмасман.

Ёки:
Қўрқаман, эртага мен ҳам Одамдек
Яшадим, дейишга бўларми ҳаққим?

Ёки:
Ўх, менинг тилимга осилган сўзим,
Ўх,менинг дилимга қарши ишларим,
Ўх, менинг сабримга тирғалган жосус,
Ўх, менинг хаёлим қилган гуноҳлар.

Ёки:
“Газдан сақловчи ниқоб...”
Бу дунё менга рақиб.
Сенга муҳтожман шу тоб,
Кел, қалбга қўяй тақиб.

Китобдан ўрин олган “Қайтиш”, “Шоҳ-мот”, “Менинг юлдузим”, Ҳуққабоз”, “Бекинмачоқ”, “Ўй”, “Кулгу устаси”, “Синов” шеърларини фалсафий тўйинганлиги, маъноларнинг рамзийлиги, кўплиги ва мазмун жиҳатидан кичик достон деб ҳам номласа бўлади:

- Атроф тўдасидан ўтолмаскан шоҳ,
Ҳақни кўролмагай шунда бор ваҳмим.
(Пиёда,) сени ким ўйлайди? Ким асрайди, оҳ,
Мени фақат сенга келади раҳмим (“Шоҳ-мот” шеъри).

Томоша қўямиз сиз билан дўстим,
Одамларни чорланг, тўпланг майдонга.
Бир оғиз “томоша” десангиз басдур,
Бу сўз болдек ёқар зоти инсонга.
Уларга керакмас ҳақиқат, ростлик,
Ростини айтсангиз қилишар изза.
Сўзланг. Ишонтиринг. Ва сиз доим ҳақ,
Хоҳ жимит бўлсангиз, хоҳи эр келбат.
Қайдаки кўпайса томошабин халқ,
Томоша қўйгувчи топилар албат. (“Ҳуққабоз” шеъри).

Айнан шу “Ҳуққабоз” шеъри бугун ижтимоий тармоққа муккасидан кетган, мақтанчоқлигу сохтакорликка берилган, мода изидан қувадиган, бировнинг дарди устидан куладиган ёки умуман ўзи танимайдиган одамларнинг шахсий ҳаётини муҳокама қиладиган биз каби одамларга ойна тутгандек, гўё.
Китобдан шоирнинг муҳаббат, табиат манзаралари тасвирланган гўзал шеърлари ҳам ўрин олган. Улар ҳам кутилмаган ўхшатишларга бой.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ж.Саййид ўз услубига кўра чуқур дарёни эслатди. Чунки чуқур дарё бир қарашда сокин оқар экан, остида харсанг тошларни ҳам юмалатиб кетаверади.

Шеърият мухлисларини адабиётимиздаги яна бир жиддий шоир билан табриклайман.

✍️ Аваз Алижонов