Тиниқ тасвирлар - Жуманазар Йўлдошнинг “Сир” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)
“Сир” тўпламидан ёзувчининг турли мавзуларга оид “Ҳодиса”, “Муҳаррир”, “Намойиш”, “Хотирбон”, “Ёлғизланиш истаги”, “Жар ёқасида”, “Ёмғирдан сўнг”, “Уй”, “Сир”, “Рўё”, “Тиланчи”, “Есенинни севган қиз”, “Чағалайлар”, “Ҳур қиз”, “Қирдаги қизғалдоқлар”, “Ухлаётган одам”, “Ҳазин куй”, “Отам ва ўғлим”, “Хизматкор”, “Маъсумнинг севгиси”, “Балиқ ови”, “Кутганим - сен”, “Овчи” ва “Оппоқ қор” номли 24 та ҳикояси жой олган.
Шундай китоблар бўладики, уларнинг мутолааси қандайдир баҳоналар билан ортга сурилади. Бунда орадан бир неча йил ҳам ўтиб кетади. Лекин айнан ўша китобни ўқигач, “нега олдинроқ шу асарни ўқимадим”, деб афсусланади одам.
“Сир” китоби билан ҳам шундай ҳол юз берди. Аммо уни ўқиб бошлагач, тез тугатишни истамадим. Чунки ундан ўрин олган ҳикоялар ёзилиш услуби, тилининг равонлиги, тасвирнинг қуюқлиги, аниқлиги, ҳикоялар асосий маънодан ташқари, рамзий маъноларга ҳам эга эканлиги, тақлиддан холилиги учун ўқирман учун бир совғадай туюлди. Бундан аввал ёш ёзувчилардан Нодирабегим Иброҳимованинг “Мен, дадам ва Альцгеймер” ҳикоялар, Шерзод Ортиқовнинг “Дунёни қутқармаган гўзаллик” эсселар тўпламларида шундай ҳайратланган эдим (албатта, бу гапим қисқа асарлар ҳақида, қисса ва романларга тегишли эмас).
Тўпламдаги барча асарлар пишиқ мазмунга ва ечимга эга. Баъзи ўринларда адиб хулосани китобхонга қолдирган. Воқеалар бизнинг замонимизда бўлса ҳам, ёзувчи хаёл ва тасаввурни кенг қўйиб юборади ва сиз турли даврлар ёхуд бир кишининг ёшлигию кексалигидаги ҳаёти, бахтию изтироби ҳақида бир неча саҳифаларда кутилмаган тасвирларга дуч келасиз.
Ҳикоялардан энг ёққанлари “Муҳаррир”, “Намойиш”, “Хотирбон”, “Ёмғирдан сўнг”, “Сир”, “Қирдаги қизғалдоқлар”, “Овчи” ва “Оппоқ қор” бўлди.
Айниқса “Намойиш”, “Хотирбон” ҳикоялари ўз жанрида адабиётимизда янгилик бўлса керак. Улардаги мутлақо ўзгача ёндашув, эврилишлар, хулосалардан лол қолдим.
“Намойиш” ҳикояси ХХ асрдаги катта қотиллардан бири Гитлернинг нутқидан таъсирланган шахс ҳақида бўлса-да, бугунги кундаги маъносиз урушларга нафратни, уларда оддий одамлар беҳуда ҳалок бўлаётгани, айни вақтда, катта корчалонлар, сармоядорлар пул қилаётганини кўрсатиб берган.
“Хотирбон” - бу назмий ҳикоя ёки оқ шеър, десаям бўлади. Уни ўқиган ҳар бир киши ҳаётнинг ўткинчилиги, вақтнинг тутқич бермас шамолдан тезлиги, ниҳоятда майда муаммолар билан банд эканлигимизни куз фаслидаги барглар тўкилишидай эслатади. Масалан, ҳар бир тирик одам ўзини узоқ яшайдигандек ҳис этса-да, 20 ёшидаям, 50 ёшидаям, 80 ёшидаям ўтган умрини бир дақиқадек хотирлайди ҳамда энг ёрқин лаҳзаларинигина ёдга олади. Бор-йўғи бир дақиқа. Бу асарни ўқигач, вақт ва умрнинг қанчалар қадрлилигини, ўлимнинг эса жуда яқинда эканлигини теран англайсиз.
Кўпинча асарларда адиблар ёшликдаги севгига урғу берадилар. “Ёмғирдан сўнг” ҳикоясида эса аксинча: кексаликдаги ўзаро меҳр-муҳаббат нозик бир чизгиларда, худди, очилиб турган гулга қўл текканда тўкилиб кетишидан чўчигандаги инсон ҳиссиёти билан тасвирланган. Айтишларича, турмуш давомида эркак ва аёл бир-бирига ўхшаб, ўзаро тушунишлари энг юқори даражага чиқар экан. Бу ҳикояда ҳам шундай ёши катта жуфтликнинг бетакрор кўнгил изҳорлари, бир-бирини асраши, ғамхўрлиги зўр кўрсатилган.
Қизиқ бир одатимиз бор: бизга умуман алоқаси йўқ воқеаларга, одамларнинг ўта шахсий ишларига жуда қизиқамиз. Бунда энг ёмони ўз қусурларимизга эътибор бермасдан, бошқаларни маза қилиб муҳокама қиламиз. Лекин, “бундан нима фойда?”, “шу менга нима учун керак?”, умуман “шу одамни ёки воқеани муҳокама қилишга ҳаққим борми?” деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Адибнинг “Сир”, “Рўё”, “Тиланчи”, “Қирдаги қизғалдоқлар” ҳикоялари шу ҳақда.
“Ухлаётган одам” ҳаммамизга таъсир ўтказаётган “истеъмолчилик кайфиятидан” бизни огоҳлантиради.
Ҳикоя ўз жанри ва мазмунига кўра кичик бўлса-да, ўзида романнинг ёки қиссанинг мазмунини мужассам эта олади. Шу боис, ёзувчи Ж.Йўлдошни ҳамда ўқирманларни ушбу китоб билан табриклайман.
Дарвоқе, асарларнинг тили ширали, адиб, узун жумлаларни деярли ишлатмаган, асосан, мазмунни қисқа тасвирларда, диалогларда беришга эришган. Шунингдек, у воқеаларни холис қисса қилади.
Хуллас, ёзувчининг кейинги асарлари нашрини кутиб қоламан.
- Мен ҳақиқий ўлимни ҳаёт аломатларининг сўниши эмас, балки қилбингдаги аланганинг сўниши деб биламан. Агар ўлимга шундай талқин берган бўлсам, ҳа, кўп бора ўлганман;
- Шундай асар ёзишингизни истайман - одамлар бошқаларнинг дардини ҳис этсин. Ҳис этсинки, худбинлик уларни тарк этсин;
- Мен туфайли неча одам қон қақшаб, нечаси азоб-уқубатлар ичра яшаяпти, ўшаларнинг уволидан қўрқаман;
- Яшаш хоҳишининг метин бўйинтуруғининг омонсиз силтовидан мен-да оламон сафига кирдим;
- Барчамиз ихтиёрсиз қарсак чалдик. Қарсак товуши қулоқларни кар қилгудек эди. Ана шу шовқин уйғонтувчи қарсаклар орасида энг олд қатордаги, қоп-қора, ораста смокинг кийган сармоядорларнинг қарсаклари кучлироқ эшитилди;
- Қанчалар мушкул экан бахтни яширмоқ. Пинжида жуфти ҳалоли, севгани - ёри. Ийманиб тикилар ҳарир парда ортидаги ойдай чеҳрага. Уялди... Қиз боланинг уяти қанча оромбахш;
- Биласанми, бир умр шу қор парчасига айланишни орзу қилганман. Қани энди бир парча қорга айлансам... Осмону фалакдан аста ерга қўнсам... Кейин биласанми... оёқларинг остида қолсам;
- Далалар оқ кийган, оқарган ер ҳам,
Кафанга айланиб ётибди, ўлкам (С.Есенин сатри).
- Бу одам ухлашга танда қўйганди. Унинг мияси ухлашдан бошқа биронта фикрни қабул қилмасди, бунга яроқсиз эди.