March 24

Эссе ҳайратлари - Севара Алижонованинг “Маҳкум саёҳати” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун “Академнашр”нинг “Излам” - ёш адиблар асарлари доирасида нашр этилган китоблардан навбатдагиси “Маҳкум саёҳати” билан танишамиз.

Ушбу китоб ёзувчи-эссенавис Севара Алижонованинг қаламига мансуб бўлиб, ундан муаллифнинг “Эссе ҳақида эссе” (кириш сўзи ўрнида) ҳамда уч қисмга бўлинган эсселари ва таржималари ўрин олган. “Эссе ҳақида эссе” битигида ушбу жанр ҳақида қисқа маълумот берилган. Шунингдек, ёзувчи бу жанрни нима учун танлагани билан танишасиз. Агар сизга бу йўналиш номаълум бўлса, ушбу битикни ўқиш айни муддаодир. Диққатга сазовор жойи С.Алижонова маълумот беришдан ташқари, ўзининг адабиётга кириб келиши сабабларини ҳам баён этган.

“Борлиқ ҳақида битиклар” деб аталган биринчи фаслга “Сукунат шовқини”, “Бегемот ва мен” ҳамда “Маҳкум саёҳати” эсселари киритилган.Фикримча, китобнинг энг тош босадиган қисми ҳам шу биринчи фаслдир. Чунки ундан жой олган ҳар бир асар ўзининг мазмунан теранлиги, фикрларнинг қуюқлиги (қаватма-қават келиши), кескирлиги, баённинг холислиги, ўзига хос хулосалари билан ҳар қандай диди нозик китобхонни ҳушёр торттиради ва ҳайратлантира олади. Ёзувчи замон ва макон, сюжет чизиғи, бадиийлик каби адабий асар шартларидан хатлаб ўтади. Шу боис, ўқирман мутолаа вақтида бадиийлик, реализм қаерда тугаб, публицистика, мистика, фэнтези, фалсафа қаерда бошланганини, ёки бу йўналишларнинг ўрни алмашиб турганини пайқамайди.

Баённинг рамзлар, ишоралар ва ўхшатишлар орқали берилиши асносида ҳар бир майда деталларни ҳам унутмасликка уринади. Мана шулар орасида асарлар қаҳрамонининг бугунги кунга муносабати, қарашлари, оригинал фикрлари берилгани фақат лол қолдиради. Айни вақтда ўқувчи мавзу юзасидан ҳам руҳий озуқа олади, ҳам илмий маълумотларга эга бўлади. Булардан ташқари ва энг муҳими барча битикларнинг мазмуни инсон кўнгли таҳлили эканини асарларни тугатгачгина англайди.Китобнинг иккинчи қисми “Зерикиш машқлари” деб аталган бўлиб, унга С.Алижонованинг жаҳон насридаги эсселардан таржималари - Жорж Оруэлл, Жоан Дидион ва Мо Яннинг “Ижод эҳтиёжи”, “Кузги Пекин. Чошгоҳ ўйлари” асарлари киритилган. Ушбу эсселарни ўқиркансиз, мазкур уч ёзувчининг оғриқларини, ўз замонасига, сиёсатга, ижтимоий ҳаётга муносабатини, уларни, айниқса, Ж.Оруэлл ва Мо Янни жаҳонга машҳур қилган асарлари нима учун, қандай оғриқлар эвазига ёзилганини бир қадар англайсиз.

Китобнинг учинчи фасли - “Адабий портретлар”га С.Алижонованинг адабиётшунос ва муҳаррир Маҳмуд Саъдий, академик Эркин Юсупов, ёзувчилар Худойберди Тўхтабоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шерали Тошматов, журналист Тамара Тошматова, шоир Усмон Қўчқор, покистонлик мусиқа устаси Нусрат Фотиҳ Али Хон ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-тадқиқот мақолалари киритилган. Ушбу мақолалар публицистик йўналишда бўлса-да, уларнинг ҳар бирида С.Алижонованинг ўзи ҳам қатнашади, ўй-фикрлари, замонасозликка муносабати, хулосалари турли шаклларда, холисликни унутмаган ҳолда самимий баён этилган.

С.Алижоновагача ёзувчилар Шукур Холмирзаев асарлари “Сайланма”сининг 4-жилди ва Шерзод Ортиқовнинг “Дунёни қутқармаган гўзаллик” эсселар тўпламларини ўқиганимда ушбу жанр мухлисиги айланган эдим. “Маҳкум саёҳати” орқали эса С.Алижоновани замонавий эссенавис сифатида кашф этдим. Муаллифнинг асосий ютуғи ушбу йўналиш бўйича чуқур билимга эга эканлиги ҳамда шу омил боис асарларида жаҳон ва ўзбек эссенависларининг тажрибаларидан фойдалана олганидир. Энг асосийси С.Алижонова уларнинг ҳеч бирига тақлид қилмайди, балки, ўзининг эссе йўналишини белгилаб олган.Ёзувчининг кейинги асарларини кутиб қоламан.

Китобдан айрим иқтибослар:

- Мен учун асардаги энг қизиқ қаҳрамон бу - муаллиф;

- Дунёда битта бўлса ҳам сени тушунувчи одамнинг мавжудлиги, бу - сенинг бахтинг;- Ёзувчи асарлари орқали - ўзи хоҳлайдими-йўқми, англайдими-англамайдими, бундан қатъий назар - норозилик келтириб чиқаради, у дунёнинг бир кам эканини, хаёлотдаги ҳаёт ўнгимиздаги ҳаётдан фаровонроқ эканини кўрсатади;

- Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Имом Ғаззолийнинг “Мукошафат ул- қулуб” асарларида ҳам эссе унсурларини учратиш мумкин;

- Шовқинда жозиба бор. Биз бир умр унга интилиб яшаймиз. Шовқинсиз қолишдан қўрқамиз;- Биз бошқаларнинг ҳаёти, фикри қизиқроқ бўлган замон ёки жамиятда яшаётганимиз боис ўз фикрларимиздан тез зерикамиз, ёлғизлик хаёлларимизга қутқу солади;

- Ҳамма нарса даромадга қараб баҳоланувчи бугунги дунёда сукунатга ўрин йўқ. У самарасизлиги учун ҳайдалган;- Қўрқувлардан, одамликдан қочиш мени бегемотга айлантирди;-(Бегемот) бир махлуқки ўзида шунча сир-асрор, мўъжиза, қудрат ва ишораларни жамлаган экан, одам бўлиб, нега аслимни ўрганмаяпман?;

- Масалан, туғилганим ҳамон ўлимга тутқунман. Маҳкумиятларнинг жазо ёки саодат эканини англамоқдан ҳам кўра озодлик истаб йўлга чиққан йўловчиман. Манзил – битигимда, йўл ихтиёрда қолган. Йўллар изларга тўла, не-не одамлар юрмаган бу йўллардан;

- Баъзан ўзини ўққа-чўғга ураётган одамларга термилиб кўлмакка қамалиб типирчилаётган балиқни кўраётгандек бўламан. Балиқ кўлмакдан чиқиш умидида типирчилармикан ё тушуниксиз бу ҳаракати тириклик белгиси экани учунми? Думалоқ Ер шаридан чиқиб кетолмаган одам ҳам ўз ўқи атроқида айланаверармикан? Барибир Ернинг қайси нуқтасида яшамасин инсон нимагадир маҳкумлигини англаган. Бу маҳкумликдан чиқиш йўлларини қидирган;

- Аслида қўлига қалам тутганки киши сиёсий воқелик олдида ҳали ундай, ҳали бундай ниқоб тақишга мажбур;

- Ишларимни тамомлабоқ, йўл-йўлакай дуч келганим қутурган машиналару сўлақмонкелбат одамлардан қочиб, сукунат манзили – уйимга тезроқ етсам дейман;

- Одамлар чиндан ҳам ўзларига бошоғриқ топишни уддасидан чиқади, илм-фан ривожи билан бу иш янаям жадаллашяпти;

- Бурч – одамларга яхшилик соғиниш. Олдин уларнинг яхши томонларини кўр, нуқсонлари секин қиқиб келаверади;

- Ҳаётда халқ ўртасида обрў-эътиборли бўлиш раҳбарларнинг кўнглига ёқишдан кўра оғирроқдир;

- Сиз хавфлисиз, чунки ўқимишлисиз. Бундан ташқари фикрлайсиз ҳам;- Ижод бу – мубталолик;

- Виждонни соф сақлаш – бахт, бу бахтга етиш йўли бир умрлик машаққат;

- Болалар адабиётида, умуман, ким машҳур бўла олади, қандай асарларнинг умри узоқ бўлади? Фантазияси юқори ёзувчи ва фантастик асарнинг умри ҳозир ва мангуга муҳрланади.

✍️ Аваз Алижонов