Пўртанали манзаралар - Нозима Ҳабибуллаеванинг “Нафас” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)
Ассалому алайкум. Бугун “Академнашр”нинг “Излам” - ёш адиблар асарлари иккинчи тўплами билан танишишда давом этамиз ҳамда Нозима Ҳабибуллаеванинг “Нафас” шеърий тўпламини бир қур кўриб чиқамиз.
“Нафас” шеърий китоби беш қисмга бўлинган бўлинган: “Нафас”, “Сурат”, “Саккизликлар”, “Сиз билган қўшиқлар”, “Манзил”.
Китоб номи бўлган биринчи қисм “Нафас”дан таъбир жоиз бўлса, қиз севгисининг, соғинчининг қанчалар нозик, оғир, айни пайтда ғурурга тўла бўлиши, ибо-ҳаёни ҳам унутмаслиги зўр маҳорат билан кўрсатилган. Яъни, лирик қаҳрамон қиз ёқтирган инсонига қалбан талпинар экан, аммо, зоҳирида уни кўрсатмасликка шунчалик уринади. Биз буни биринчи шеърлардаёқ англаймиз:
- “Кулгу босар кўзларимга лаб,
Шивирлайди декабрь саси.
Димоғимга урила бошлар
Ойнинг нафаси...
Тонг нуридан чалкашар йўлим,
Жон ҳапқирар!
Томоғимда чўғ...
Қўшиқ ўша
Тутқичда қўлим.
Қаролмайман деразадан
Йўқ!..”
Ёки:
- “Бир мусаффо сўзлар оқди кўзларимдан,
Бу куз бунча яшилликка кўмилгандир,
Яноғимдан,
қароғимдан,
сўроғимдан
Қуёш узиб олса бўлар тандир-тандир...”
Шеърлардаги қаҳрамон қиз севгисини, соғинч туйғуларини очиқ эмас, балки, яширин ишоралар билан етказади:
- “Билмайсиз, бир қизки, ўйлари ҳарир,
У севган денгиздек нигоҳингиз жим,
Биров пайқамасин дея тунлари
Тушига беркитиб ухлаганларин.”
Ёки:
- “Бир осмон тонгларни кўнглимга чайиб,
Хаёлдан сирпаниб тушсам дамодам,
Не тонгки,
Қаршимдан чиқди жилмайиб
Кутилмаган пайтда кутилган одам.”
“Сурат” деб номланган иккинчи фаслдан шоиранинг куз кайфияти, сокинликка яширилган ички пўртаналар, ўзини англашга оид шеърлари ўрин олган. Бу қисмдаги шеърлар ўқувчига кўп саволлар беради:
- “Сочилиб боряпман очунга,
Чўкмоқда минг битта бўлагим.
Бор бўлса, қаерда, кўрсатинг,
Қандай яшаяпти юрагим?
Мен кимман?"
Шу қисмдаги куз фасли таърифларида фасл номи ишлатилмайди, лекин кутилмаган ва ҳайратли тасвирдан ўқувчи шу фасл ҳақида гап кетаётганини ҳис этади:
- “Бу кекса мезоннинг елкаси чўккан,
Кўҳна қалпоғини ирғитар четга.
Сўқмоқлар шунчаки йўл эмас,
кўкка
боғларнинг ифорин етаклаб кетган.”
Ёки:
- “Дарахтлар шамолни отиб ўйнайди,
Олов вужудини елпиб ётар боғ.
Соғинмачоқ ўйнар
хотирга қайтиб,
юрагим-юрагинг ортида вароқ.”
Ёмғир тавсифи ҳам бир ўқилганда эсда қолади:
- “Фалакнинг денгизга танбеҳи - ёмғир,
Қонимнинг ранги, ишқ ташбеҳи - ёмғир.
Бир гўзал тўкилар саловат айтиб,
Осмон ҳамда ернинг тасбеҳи - ёмғир.”
“Саккизликлар” қисмида лирик қаҳрамоннинг ўзига бераётган саволлари кўпайгани, турли ҳаётий вазиятлар, ҳолатларга нисбатан ўй-хаёллари, хулосалари кўринади:
- “Мени ёлғизликка кўмди одамлар,
Кўнмадим,
улардан чиқдим ташқари...”
Ёки:
- “Ҳалиям ичимда ҳайрат қалашган,
Ғўрман ҳақиқатни излаб ҳалиям
Кўникиб кетмадим
кўниб яшашга.”
“Сиз билган қўшиқлар” фаслида ҳозирги замонавий назмда унча кўп учрамайдиган ижтимоий шеърлар, шоиранинг жамиятга, одамларга, турли ноҳақликларга муносабати, саволлари, сизу биз кўникиб қолган, лекин аёлларга оғир ботадиган ҳолатлар ва бошқа шу каби жиддий мавзулардаги “тоши оғир” ижод намуналари ўрин олган:
- “Мен эса тушунмам волаларига,
Емишлар ҳақида гапирса жўшиб.
Уялмай ўргатар болалаларига
Юртин талаганлар тилида қўшиқ.”
Ёки:
- “Бу сават -
Еб-ичардан бўлак дарди йўқ,
Тўйларидан пироварди йўқ,
Даврасида бирор сарти йўқ,
Ҳашаматдан ортиқ харжи йўқ,
Исрофлари қаватма-қават
Ҳаммолники.”
Ёки:
- “Синов қайси бошда топмаган қўним,
Аммо кўрганмисиз сийлаганини?
Бир нобоп ўғилнинг зулмига кўниб,
Худога айтмас қийнаганини...
Она, меросми бу тарбия деган?
Янглишлик уфурар қисматингиздан.
Йигирма йилдирки,
ҳеч ким ҳеч қачон
Миннатдор бўлмади хизматингиздан... ”
Китобдаги “Манзил” қисмидан шоиранинг ўз туғилиб ўсган маконига, ота-онасига соғинчи, изтироблари ҳақидаги шеърлари ўрин олган:
- “Бармоқларим қучмаган кетмон
ва совуққа урмай қўлимни,
бугун олис шаҳарда осон
шамоллатиб қўйдим дилимни.”
Ёки:
- “Отажон, юзингга харита тушмиш,
Ҳар йўли бир довон,
ҳар изи йиллар
Бунда интиқ манзил - саодат кутмиш,
Дуойинг - энг хушбўй чизгилар.”
Ёки:
- “Отам ватанини севарди жуда.
Унутмаслик учун уни сафарда
Баҳор ифорини кўтариб бошга
Дўпписин остида кетди авайлаб.
Тўрт фасл ортидан қайтди саҳарда
Оппоқ дўппи бўлиб сочлари...”
Хуллас, шоира Н.Ҳабибуллаева шеърларида фақат ўзининг изтироблари, борингки, дардлари билан овора бўлиб қолмаган. Балки улардан тепага чиқиб, жамият, дунё оғриқлари, уларнинг сабаблари, тахминий оқибатлари ҳақида хулосалар, фикрлар берган. Айниқса, унинг ижтимоий шеърлари менда катта таассурот қолдирди. Шу боис, “Юк”, “Занжир”, “Боқий, аммо мушкул мавзу”, “Калейдоскоп” шеърларини бир неча бор қайтадан ўқидим.
Барча шеърият мухлисларига тавсия этиб қоламан.