Нажмиддин Эрматовнинг “Турон соғинчи” шеърий тўплами таассуротлари (“Излам” туркумидан)
Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан шоир Нажмиддин Эрматовнинг “Турон соғинчи” шеърий тўплами ҳақида фикрлашамиз.
Китоб “Академнашр” ташкил қилган “Излам” ёш адиблар асарлари иккинчи тўплами доирасида 2024 йил октябрда чоп этилган. Ушбу СОВҒА учун нашриёт раҳбари Санжар Назар ва бошқа жонкуярларга чексиз ташаккурлар айтаман. “Излам” лойиҳаси доирасида жами 15 та китоб нашрдан чиққан бўлиб, улар ҳозир сотувда бор. Гап чўзилсаям, айтмоқчиманки, “Академнашр” томонидан ушбу лойиҳанинг иккинчи қисми амалга оширилгани катта воқеа. Келажакда ушбу ижодкорларимиз алоҳида адабий авлодга айланади.
Хўш, Н.Эрматов кўпчиликка (ва менгаям) “Маданият ва маърифат” каналидаги ўтган йили “Қақнус” кўрсатувидаги чиқишларидан танилган. Айниқса, кўрсатувнинг Шавкат Раҳмон ижодига аталган сонида унинг ўша машҳур шеъри ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Ютуб”да адабий йўналишда ҳозирда ҳам энг кўп кўрилган видеолардан бўлиб турибди. Н.Эрматовнинг “Телеграм”даги канали аъзолари ҳам ўз тенгдошларига нисбатан кўпроқни ташкил этади.
“Турон соғинчи” китоби 3 фаслга (“Жон”, “Қон”, “Шон”) бўлинган бўлиб, илк қисмга (“Жон”) шоирнинг муҳаббатга оид шеърлари киритилган.
Тўғриси, мен учун унинг мазкур шеърлари кутилмаган янгилик бўлди. Уларда шоирнинг ўз таъбири билан айтганда “суйгулисига” етолмаётган ва уни соғинаётган ошиқнинг ички туғёнлари романтик ҳамда нооддий ташбеҳу ўхшатишлар билан берилган. Адабий қаҳрамон ўз ёрига етиш учун гоҳ ҳаво, гоҳ тонг, гоҳ вақт, гоҳ қорга айланади. Уни ўзининг тириклиги қизиқтирмайди. Балки, орзуси - севгилиси висолини кўриш. Масалан:
- “Тортишиш кучини енгдим, Нурирўй,
Ҳавога кўчяпман “Оҳ”га осилиб.
Бус-бутун дил эдим,
Бутунлик малол,
Ҳавога эврилдим, кетдим сочилиб.
Энди мен йўқдирман, мени ўйлама,
Энди мен ҳар жойда – дилгинанг сезса...”
- “Мен тонгман!
Деразангни ниҳоят топдим...”
- “Бугунга сиғдирдим ишқни ва сени,
Изтироб ҳам сиғди, ҳижрон ҳам бунда.
Фақат ўзимга жой қолмади, ахир,
Айт энди, яшайин қайси бир кунда...”
- “Қор мисоли кафтингга қўндим,
Куйиб кетди кафтинг тафтимдан.
Тисарилдинг,
ахир, билмасдинг
Қорнинг чўғдек ёнишин эркам...”
Ёрига етишгач эса, адабий қаҳрамон бутунлай эркин бўлишни орзу этади:
- “Ёмғир тинган дунёсига этак силтаб,
Учиб кетсанг ул ёр ила ҳур буғдайин.”
Китобнинг иккинчи “Қон” деб номланган қисмида бизнинг қаҳрамоннинг дунёга боқиши ўзгаради, бир қадар ижтимоийлашади. Энди у дунё, борлиқ, ҳаёт ҳақида атрофидаги одамларга теран нигоҳ ташлай бошлайди ва саволлар бера бошлайди. Аммо ўхшатишлар, риторик саволлар шоирнинг ўзига хос тарзда янграйди:
- “Хазонлар товланган кунботар вақти,
Шу ғамнок Ватаннинг кузги боғида.
Қулочинг кенг ёйиб,
(Қизни қучгандай),
Бу бир кам дунёнинг мангу оҳини
Қу-у-у-чсанг...”
- “Ҳақиқатга тик боқай девдим,
Бир боқай деб қанча қидирдим,
Мен дунёга келмай дунёдан
Ул ҳақиқат ўтганмикин-а?..”
- “Қанот
парвоз
Бўлса осмон устида,
Унда нега эркнинг шакли
Ерда қафас тусида?..”
Учинчи қисм “Шон” деб номланиб, айнан шу фаслда китоб номига кўчган қадимий Туронга соғинч баралла тараннум этилади. Айтиш керакки, бу соғинч географик Турон бирлигини қўмсаш эмас, балки, жамиятимиз аъзоларини ўша қадимий Турондаги аждодларига муносиб шахслар бўлишга ундайди. Буни “Қўрбошилар қўшиғи”, “Публицистик шеър” асарларида яққол кўрасиз.
Ўқувчи ҳар қандай ҳолатда ўзлигини сақлаб қолишга, тусланмасликка, майдалашмасликка, моддиятни устун қўймасликка, юрт тақдирига, келажагига бефарқ бўлмасликка, оддий қилиб айтганда, “нима учун” деган саволни беришга, атрофида кечаётган воқеаларнинг таъсирини ҳис қилишга, оддийликка, омиликка кўнмасликка чақирилади.
Айнан шу фаслдаги мисраларда Н.Эрматов шеъриятининг ҳақиқий даражасини, ҳароратини, авжини ҳис этасиз. Ушбу қисмдаги барча шеърлар алоҳида асар сифатида ёдингизда қолади. Уларнинг ҳеч бирини, шунчаки ўқимайсиз. Чунки шоир энди ўз дардларини эмас, жамият оғриқларини кинотасмадай кўз олдингизга келтиради. Энди унинг лирик қаҳрамони севги ҳижронидаги ошиқ, ижтимоийлашган одамдан юқори даражага кўтарилади ва кўпчиликнинг ғам-андуҳлари, армонларини ўзининг дардидек ҳис этувчи шахсга, ҳамдард, куюнчак инсонга айланади. Масалан:
- “Шамолга мосланиб тебрансам агар
Тағин ашъор битсам кундан кун баттар,
Демакки, кўзим кўр, қулоқларим кар,
Тош қотган кўксимга уринг-да ханжар,
Йиғлатинг, мени...”
- “Ушбу шеър
Кеч кузак қаҳридан қалтираб дир-дир,
Кеч унган ялпиздай умидсиз, бесас,
Эрлари хорижда қулдайин юрган
Ярим тул жувонлар ҳақида эмас...”
- “Эртак айтманг болаларга сиз,
Шоирлардан узоқроқ олинг.
Мана бу йўл денг:
Мана бу қорин,
Шу ғам дея оёғинг толсин...”
- “Бунча мум тишлайсан, унингни чиқар,
Қарагин ҳурлигинг киймоқда кафан.
Сени авраганлар, алдаганлар, йўқ -
Сен гунг бўлиб туғилмагансан...”
- “Масалан, зангори экранни узиб,
(бу экран алдамчи тўралар мулки)
Томидан сув томар онангни эслаб,
Тонггача бемалол йиғлашинг мумкин...”
Хуллас, китобда Н.Эрматовнинг ортиқча дабдабалардан, сунъийликдан холи, самимий, халқона, баъзи ўринларда бахшиёна, ҳақиқатгўй, қайсар, жасоратли назми билан яқиндан танишасиз. Ишонинг, бу шеърият сизни ўзига ошно қилади.
Шоирдаги бу ёвқурлик менга марҳум Шавкат Раҳмон ижодини эслатди. Эсингизда бўлса, айнан Ш.Раҳмоннинг шеърларида тўнг бир жасорат, ўрлик, ҳақиқатгўйлик, самимийлик уфуриб туради. Шу боис, шоир ҳозирда ҳам энг кўп ўқилаётган адиблардан бири бўлиб қолмоқда.
Аммо Н.Эрматов Ш.Раҳмонга тақлид қилган демоқчимасман. Балки, у ўзининг услубини, йўналишини қатъий белгилаган, насиб бўлса, адабиётимизда ўз номи билан қоладиган шоирдир.
Энди унинг шеърларининг тилига келадиган бўлсак, уларда Н.Эрматов қисқаликка, фикрини аниқ етказишга эришган. Қувонарлиси, у соф туркий сўзларни ишлатишга алоҳида эътибор берган. Масалан: ғужур, кўкай, тул, қилич, эшдур, пешдур, Кунсулув, Ултонтоз, ўмган, ёвқур, қийпинчоқ, қўноқ, тўнглаган, қўналға, ялоқ, бовурим, довуши, тулуп, ўмганин, жондор, чин, кўк (осмон маъносида), сулув, суйгулим, бўйқиз, товатош, қувғинди, ўнгирим, ясовул, тушов, жилов, элат, кўч.