May 13

САОДАТ ИЗЛОВЧИЛАР ҚАВМИ

Платонов фалсафий масалларнинг устаси дея қадрланади. "Жон" асарини ўтган йили ўқиб чиққан эдим. Яқинда асарни яна бир сидра кўздан кечирдим. Илк ўқигандаги таассуротларни эсладим.

"Жон" - бу Бахт излаш афсонаси. Асар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, бўрттирилган кўринса-да, фавқулодда ажойиб. Айтишингиз мумкин, эҳтимол: "ҳаётда барибир бундай бўлмайди". Бутун бир халқ қандай қилиб шунчалик қашшоқликка дучор бўлиши мумкин, ибтидоий жамиятда яшагандай ҳаёт кечириши мумкин. Уларнинг атрофи ёпиқ дунё, худди кимсасиз оролдагидек, ўзларини шу ҳаёт тарзига маҳкум этиб, яшаш ҳуқуқидан ўзларини маҳрум этган каби.

Улардан шаҳардаги ҳар қандай тиланчи яхшироқ, бойроқ, ранг-барангроқ яшайди. Тўсатдан кимдир шу бахтиқаро одамларнинг олдига келиб, "мен сизга бахт бераман", деб уларга бахт таклиф қилса! Аммо бу ғалати қавм унга ишонмайди. Улар Чиғатоевни ёлғончи деб ўйлаганлари учун эмас, аксинча, улар бахт нима эканлигини аллақачон унутганлари учун ишонишмайди.

Аммо бу ерда ғалати туюлса-да, фавқулодда яшаш истаги бор. Афтидан, бу қавм аллақачон ўлимни бўйнига олган, ўлим улар учун қўрқинчли эмас. Аммо яшаш истаги ҳам уларга бегона эмас. Улар буни ўзлари истаб-истамай амалга оширишади.

Чиғатоевда эса яшаш иштиёқи кучли. У бу ерда ваҳшийликни кўради. Чўлда бир неча кунлаб қўйларнинг орқасидан югуришга, кесилган томоқдан илиқ қон ичишга ва хом гўштни пиширмасдан ҳам истеъмол қилишга тайёр. Ҳар қандай замон ва маконда ҳам, ҳар қандай шароитда ҳам яшаб қолишга интилиш одамнинг рефлексидир, балки. Асарнинг бизга боғлиқ жиҳати воқеалар биз яшаб турган маконда - бир пайтлар Хива хонлиги бўлган ҳудудда юз беради. Бу қавм ичида туркман ҳам, қирғиз ҳам, ўзбек ҳам, қозоқ ҳам бор. Лекин "жон" деб аталади. Бу ерда маълум бир символик ишоралар бор. Эҳтимол, ёзувчи бешга бўлиб юборилган қардош халқларнинг заволидан хавотир олгандир.

"Жон" асарини ўқиш давомида китобхон муаллифлик фильмларини томоша қилгандай бўлади. Қандайдир мавҳумлик бор, сиз ҳеч нарсани тушунмайсиз, лекин шу билан бирга сюжет одамнинг кўксини ғижимлаб, нафас олишингизга йўл қўймайди, танангиздаги энг нозик асаб толаларини узиб юборади. Бу китобни ўқиш китобхон учун қийин – асарнинг ичига кириб ўқисангиз, ўпкангизга қум тиқилиб қолгандай бўлади, қулоғингиз остида бўғизланган одамнинг ночор хириллаши эшитилиб туради. Ёлғизлик. Вайронагарчилик. Умид йўқ. Аммо маъно чуқур. Теран метафора тиниқ кўриниб туради – жон қавми саодат излаб саҳро бўйлаб сарсон-саргардон бўлади, одамлар адашган қўйлардек тарқалиб кетишади, биров ҳолсизланиб йиқилади, биров ўлади... Омон қолиш учун қон керак – у сув ўрнини босади. Аммо асарни тирикликнинг рангли сурати деб аташ мумкин. Асар руҳиятига чидаш учун, бу руҳиятни енгиб ўтиш учун китобхонга жасорат керак.

Ва таржимон Шарифжон Аҳмедовга ҳам раҳмат. Ўзбек тилининг бор имкониятларини очишга интилган, ифода тиғиз, жумлалар пишиқ. Сўзлар ҳам бозордан қовун-тарвузни обдон саралагандай пухта, чертиб-чертиб танланган. Раҳмат.

Хуршид Абдурашид