Журъатли наср - Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)
Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан ёзувчи Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя” насрий тўплами ҳақида фикрлашамиз.
Китоб “Академнашр”нинг “Излам” - ёш адиблар асарлари иккинчи тўплами доирасида 2024 йил октябрда чоп этилган. Ундан адибнинг “Қоракуя” қиссаси ҳамда “Сулук”, “Деворнинг қулоғи”, “Ўтмаган кунлар”, “Оғриқ”, “Мен”, “Ғирбайди” номли ҳикоялари ўрин олган.
“Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган мақолга монанд номланган “Қоракуя” қиссаси ўзининг лирикаю романтикадан йироқ ва далил мазмуни билан ўқувчини ҳайрон қолдиради. Чунки асар қаҳрамони қайсидир замондаги эмас, бугунги куннинг ҳамма жойга қўли етадиган катта мансабдори, 70 ёшга яқинлашган Шавқиддин Амирович. Бу кишининг олдида турли даражадаги ҳокимлару тўралар қўл қовуштириб туришади. Унинг бу рутбага қандай эришгани, унга эришгунча яхшигина қаламкаш бўлгани кейинроқ англашилади.
Шунча имкониятга қарамасдан Шавқиддин қандай ясамалигу иккиюзламачилик балчиғи ичида ўтирганини, хоҳласа ҳам бундай муҳитдан чиқа олмаслигини, атрофдагиларнинг лаганбардорлиги унга ёқиб-ёқмаётганини ҳис этади. Ўзининг кундалик ишидан қаттиқ зерикар экан, эски пайтлардаги ёзувчилигини қўмсайди. Асарига қаҳрамон қидириб, “Хорун ар-Рашид услубида” мачитга, майхонага, фоҳишахонага, мардикор бозорига, бозорга боради. Бу маконлар вакиллари билан сўзлашар экан, Шавқиддин, ўзи англамаган ҳолда, асарига қаҳрамон эмас, балки, кўнглига яқин бир инсонни қидиради, гўё.
Лекин бундай одамни топа оладими-йўқми, қиссани ўқигач билиб оласиз.
Асарда Шавқиддиндан ташқари бир қатор “қиёфасиз” замондошларимиз - лаганбардорлар бор. Ёзувчи ҳам уларни ўзларига мос равишда исми билан эмас, кўриниши, кийимига қараб атайди - “курткали”, “дўппили киши”, “пальтоли киши”, “қадрдон”, “мулойимхунук”. Балки, улар ўзига ўхшаган бир одам боласига “пахта қўяман” деб, инсоний қиёфасини йўқотди, демоқчидир ёзувчимиз.
“Қоракуя” баъзи жиҳатлари билан Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романини эслатса-да, бу бутунлай бошқа, ўз тили ва услубига эга асар.
Тўпламдаги “Сулук”, “Деворнинг қулоғи”, “Ўтмаган кунлар”, “Оғриқ”, “Мен”, “Ғирбайди” ҳикояларидан мен учун энг яхшилари “Оқриқ” ва “Ғирбайди” бўлди.
Умуман, Ф.Алимардон ушбу тўпламдаги асарларида бир кишининг дарду ҳасратига эмас, балки, жамият оғриқлари, муаммоларига мурожаат қилгани, улар тўғрисида кенг мушоҳада этгани, айни вақтда дунёнинг ўткинчилиги, унда одам зотига мос ҳаёт кечириш кераклигини эслатгани мени қувонтирди. Чунки уларни ўқир экансиз, беихтиёр ҳушёр тортасиз, ўзингизни тергай бошлайсиз.
Ёзувчимиз ижодига омад тилаб, кейинги китобларини кутиб қоламан.
“Қоракуя” тўпламида тагига чизилган сатрлар:
- Ҳавонинг совуқлигига қарамай атлас кўйлак-лозим кийиб олган қизлар дир-дир титрашади. Атрофдагилар эса ўқитувчилар, маҳалла фаоллари - курткаю пальтоларининг тугмаларини охиригача қадаб олиб, нималарнидир муҳокама қилишади;
- Масалан, бир неча одам йиғилиб турган жойга бирон каттакон келаётган бўлса, “Четга чиқинглар, раҳбар келяпти” деб ваҳима бошлашади. Ҳеч ким ўйлаб кўрмайди ҳам: ахир ўша раҳбар кимга раҳбар?! Одамларгами ё ўзигами?
- Каттаконларга ёқишга ҳаракат қилишса, подшоларга ёқиш учун жонини берадиган ҳарамдаги канизакларга ўхшаркан-да;
- Шавқиддин кун сайин арбоблашаверди. Арбобликнинг кўпчиликка номаълум асрорларидан бири - ўз ёнига тарафдорлар, маслакдошлар, қўлловчилар йиғиш;
- Одам боласи яралибдики, унинг ўзигагина хос кўплаб қусурлари бор. Шулардан бири – ўзига яхшилик қилган, очлигида тўйдирган, яланғочлигида кийдирган кишисига ўзи истамаган ҳолда, ҳа, истамай туриб ёмонлик қилиши;
- Инсон ҳаётда мудом обрў, шон-шуҳрат, амал-мартаба, яхшилик кабиларни излаб яшайди. Аммо кўнгилни бемалол очиб гапирсанг тушуна оладиган дилкаш суҳбатдошни гоҳида излаб ҳам тополмайсан;
- Ука, бўлди-да энди, каттаконларнинг эшаги ҳам қолмади сен шеър бағишламаган. Адабиётнинг, шеъриятнинг қадрини ҳам чиққан жойига тиқиб юборяпсан лаганбардорлик қилиб. Бу олаётган ҳадяларинг ўтиб кетади, шеър, адабиёт қолади;
- Ўзини овутишда инсонга ҳеч бир мавжудот тенг келолмайди;
- Э, тортишиб нима қиласиз, Қўзибой. Ким нима деса ишониб кетаверадиган, янги фолбин чиқибди деса, аёллари бугуноқ етиб борадиган, бир фирибгар пулингни фалон вақтда икки баравар қилиб бераман деса, уйию молини сотиб, пулини қўшқўллаб олиб чопадиган, зиёлисининг аксарияти вақтини чойхонаю кафеда ўтказадиган, боласи мактабни битирсам, Россия ёки Кореяга ишга кетаман дейдиган, ҳокиму амалдори жиғилдонидан бошқани ўйламайдиган халқни айтяпман мен;
- Вақтим бисёр, шу туришимда вақтимдан бошқа ҳеч қандай қимматли нарсам йўқ;
- Мана, нима учун замондан, юртдан барака қочган, ҳамма бир-бирини алдайди, йўқ, йўқ, алдаяпман, деб ўйлайди;
- Ҳали тўй бўлганига ўн кун ҳам бўлмаган куёвни Россияга ишга кузатиб, жим ўтиришади. Биласизми, орада ким жабр чекади. Албатта, куёв эмас. Чунки у бегона юртларда нимадир қилиб ўзини овутар. Аммо келин бечора, таъбир жоиз бўлса, “ишқ олов”ида куйиб кул бўлади. Кўп ота-оналарга эса бунинг қизиғи йўқ;
- Бу акам ҳуқуқшунос. Бирор марта ҳуқуқни ҳимоя қилганини кўрмаганман. Фақат ўзи ишлайдиган ташкилотни ва бошлиғини ҳимоя қилади;
- Одамлар мактабни ҳам монополия қилиб олади-ей;
- Ҳаётидан қўл ювганчалик тили узун киши бўлмайди;
- Сен нимага маъносини ўзинг ҳам билмайдиган сўзни дўконингга илдинг, бобонгнинг отини қўй, момонгнинг отини қўй;
- Ҳали шулар тилшуносми – телевизорда бурро-бурро гапириб, ҳаётда чулчутдан фарқ қилмайдиган.