March 24

Руҳият битиклари - Раҳмат Бобожоннинг “Рўбарў” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун ҳам “ “Академнашр”нинг “Излам” тўплами вакиллари билан танишишда давом этамиз ва Раҳмат Бобожоннинг “Рўбарў” китобидаги шеърларини англашга уринамиз.

Ушбу тўплам “Қаердасан гўзал интиҳо”, “У сўздир”, “Менинг қулоғимга шивирлади куз”, “Жимлик фарёди”, “Йиғласанг, О, билки, бу Ватан қулар”, “Ўзимга номаларим” номли қисмларга ажратилган.

Китобнинг бошиданоқ интиҳога аҳамият берилгани анча қизиқ. Ушбу фаслдаги шеърлар ўзини излаётган одам изтиробларни кўрсатиб берган. Айтишларича, руҳлар бир-бирини танийди, шу боисданми, муаллиф кўпроқ икки қалбнинг жисмоний эмас, руҳий яқинлигини чиройли ташбеҳлар билан очиб берган. Муҳаббатни тасвирлар экан, шоир ишқнинг одамзодга ибтидосидан ҳамроҳлигига ишора қилади:

- Борми келар йўлингдан белги,
Борми кетар йўлингдан бир из?
Қайлардасан, сўйла эй севги,
Қайлардасан, сўйла Ҳавво қиз?
Қандай тутқун жонимда жонинг,
Ким руҳингга руҳимни бичган?

Шоирнинг лирик қаҳрамони ўз севгиси боис бошига тушаётган савдоларга парво қилмайди, балки, уларни шодлик билан қарши олади:

- Хуш келибсан, муҳтарам қайғу,
Хуш келибсан, бузрук изтироб!

Чунки ошиқ бу севгиси уни барча руҳий, жисмоний, ботиний, зоҳирий кирлардан тозалашини билади ва ҳамма қийинчиликларга тайёрлигини баён этади:
- Руҳимга урилган кўҳна асодан -
Бир зумда ошиқман, гадоман, қулман,
Бир зумда тўғриман, одил, расоман,
Бир зумда осийман, гумроҳман, гўлман,
Бир зумда даллиман, дарбадар, хаста.
Бир зумда умримга етишди завол,
Кел, ҳақиқат, бугун дилда кўрсат бўй.

Чунки ошиқ бу йўл охирида чин, илоҳий ишққа олиб боришини аниқ англайди:
- Унинг умри шундай бир сафар -
Бир сафарки, сўнггида Ҳақ бор.

Ёки:
- Кетди дилга имзосин чекиб:
Менинг кўнглим тариқати - ҳақ,
Менинг йўлим - гуноҳ йўлидир,
Менинг умрим исми - тазарру.

Энди, чин ишққа етишган ошиқни бу дунё қизиқтирмай қўяди. Шу аснода Р.Бобожоннинг Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб услубидаги мазмунан тасаввуфона сатрларига ҳам дуч келамиз. Уларда муаллиф замон, макон каби ўлчовлардан ташқари ҳудудда, айнан руҳиятнинг кенгликларидаги ҳисларини, хулосаларини баён этади:

- Қолиб кетдим бу дунёда кўп,
бир садо бер, чорлагин, сўйла,
қаердасан бахтиёр ўлим,
қаердасан гўзал интиҳо?.

Ёки:
- Қисматимга кўниккан -
бир одамнинг ўлими,
бир одамнинг ҳаёти,
бир одамнинг тавбаси,
бир одамнинг саботи,
бир одамнинг дарди ва
бир одамнинг алами,
бир одамнинг қалби ва
бир одамнинг одами.

Ёки:
- Ким бегуноҳ, ким осий,
Ким уйғоқдир, уюр ким,
Сўрагайман умрбод -
Тангрим ҳар бир бандангга,
Гўзал ҳаёт насиб эт,
Гўзал ўлим буюргин.

Ёки:
- Киммиз?
Борлиқни ютган,
Йўқлик қучоғига жо,
Кечасини унутган,
Бугунидан мосуво,
Эртасидан бехабар.

Иккинчи фаслга “У сўздир” деб ном берилган бўлиб, ундан шоирнинг асосан шеърият, сўз таърифига аталган, кутилмаган ташбеҳу ўхшатишларга ва ечимга эга асарлари ўрин олган. Уларда, биз, лирик қаҳрамонни бугунги кун инсони кўзи билан кўрамиз. Лекин ҳайратланишда давом этамиз. Биласиз, ёмғир назм қаламкашлари томонидан турли хил тавсифланган. Айнан ёмғир мавзусида Р.Бобожон ҳам хотирага муҳрланадиган, инжа тасвирни келтиради:
- Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга...
Сесканиб қўяди муштоқ бағирлар,
Ёмғирлар мавсуми...
Январь, февраль, март.
Ахир, сен билмайсан, балки ёмғирлар –
Кўчада унутиб қолдирилган дард.
Ёмғир – бахт,
Бахт бизнинг ёноқдан ўпди,
Ёмғирпўш остида қийналмас жонинг.
Сен бор шаҳарларнинг ёмғири кўпми,
Ёмғирлари кўпми,
Сен бор дунёнинг?

“Ташбеҳ” шеърида қўлланган мумтоз адабиётимиздаги “Тажоҳули орифона” (билиб, билмасликка олиш) усули ҳам лол қолдиради:
Марваридми десам мовийчиқларинг,
Васлинг - қутлуғ десам,
дийдоринг мумтоз,
ва ёхуд гул юзинг ҳақида айтсам
Туюлмасми сенга бўлиб эътироз?

Эътибор берсангиз, кўзни таърифлашда биз ўрганган “қорачиқ” ўрнига “мовийчиқ” сўзи қўлланилган.
Ёки мана бу таърифда муаллиф таом ейишда ишлатадиган “бир тишлам” ва “ бир бўлак” сўзларини қўллар экан, уларни соғинч ўлчовига айлантирган:
- Бир тишлам – изтироб,
Бир бўлак – қайғу,
Умримга сен берган олий насибам.
Биласиз, куз фасли тасвири мумтоз ва замонавий адабиётимизда кенг учрайди. Р.Бобожон ҳам ушбу анъанани давом эттириб, “Менинг қулоғимга шивирлади куз” бобида китобхонга “ўзининг ёндашувини” таклиф этади:
- Йўқ!
Тилаб олмадим! Билганим ҳануз –
Умрим хазон кузга тирик иқтибос.
Менинг қулоғимга шивирлади Куз,
Унинг айтганини кўчирдим холос.

Энди ёмғирнинг кузга монанд тасвирига дуч келар эканмиз, шоир уни маҳзун қўшиқ куйлаётган ошиқ сифатида тавсифлайди:
- Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда,
Чолғучи булутлар тинмас эрта-кеч.
Бир оғир қайғудан айлаб хабардор,
Умрини алмашиб сонияларга,
Юксакда туғилар томчилар - дарвеш,
Оёғим остида жон беради хор.
Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда,
Силкиниб, тебраниб, ичикиб оғир.

Ушбу фаслда кузга оид яна бир қанча гўзал шеърлар борки, уларни шунчаки ўқиб, ўтиб кетиш имконсиз.
“Жимлик фарёди” деб аталган тўртинчи фаслда шоирнинг ижтимоий мавзудаги битиклари ўрин олган. Улардаги қаҳрамонлар бизга жуда-жуда таниш, Эркин Аъзам сўзи билан айтганда “сиз ёки мен”. Бу қисмдаги ҳар бир шеър ўзининг залвори ва юкига эга.

Масалан:
- Ёлғиз йиллар аро адашиб,
Бу одам ҳам унутди номин.
Энди унга бош эгмоқ – одат,
Тиз чўкмоқлик олий таомил.
Руҳи ичра унар қора дард,
Юрагига қилишар зуғум.
Энди унга кўкрагин ўйиб
Ва эгилиб яшаш ҳам муҳим.

Ушбу фаслдаги “Бир қўрқоқ ҳақида”, “Рауф Парфи Ўзтурк”, “Ватанни ўрганиш ҳақида уч шеър”, “Тоғлар ҳақида қўшиқ”, “Эски эртакдан икки кўчирма” асарлари бир ўқишда эсда қолади ва катта ҳажмли насрий битиклар таассуротини беради.

Китобнинг бешинчи - “Йиғласанг, О, билки, бу Ватан қулар” бобида шоирнинг ошиқона шеърлари ўрин олган:
- Йиғлама, кўнглингни инжитма, кўзим,
Юрагинг юрагим ўрнашган Ватан,
Йиғласанг...
О, билки, бу Ватан қулар,
Беқадр қулайди, беватан қулар.

“Ўзимга номаларим” деб аталган олтинчи фаслда, агар таъбир жоиз бўлса, Р.Бобожоннинг “фэнтези” услубидаги шеърлари келтирилган. Масалан мана бу тасвирда шаҳар одам мисол ҳаракатга келади:
- Туманзор кўчадан бормоқда
Шаҳар
Ҳаллослаб, юраги ҳовуч нур истаб,
Уни маҳв этмоқда минг йиллик хатар,
Таланмоқда икки йўл орасида.
Ҳансираб ўтарди автобуслар жим.
Кузатиб қоларди бекатлар - маҳзун,
Шаҳар
орқасига гоҳ-гоҳ боқарди,
Ортидан изма-из келар эди тун.
Қуйидаги шеърда туйғулар одам мисол тасвирланади:

- Бир тунда соғинчи чўкар экан тиз,
Шу дамда уйини йўқлади армон,
Қайдадир жимгина ухлади бир қиз,
Бирон шеър ёзмади Раҳмат Бобожон.

Умуман бу бобда муаллиф шаҳар, тупроқ, июнь ойига ўзини менгзар экан, фантастик тасвирларни шеърларда келтирган.
“Темир асри ҳақида баллада” шеърини ўқиб, Рэй Брэдберининг мумтоз асари “Фаренгейт бўйича 451”ни эсладим. Бугунги технология асрида одам болаларининг қанчалик ёлғизлашиб, замонавий гаджетлар, ижтимоий тармоқлар, сунъий идрок таъсирида ўз кўнглидан, аслиятидан узоқлашиб, тобора “роботлашиб”, юрагиям темир бўлиб кетаётгани бетакрор усулда эслатилган:

- Ҳайрон термиламан тўрт тарафимга,
Исмсиз аламлар дилни кемирган.
Нигоҳлари каби совуқ бемаъно,
Одамлар кўчада борар темиртан.
Мени кутиб олар темир ишхона,
Темирдек қаттиқдир раҳбар сўзи ҳам.
Бир иши битмаса темир замоннинг,
Темир ёшлар оқар ишчи кўзидан...
Ҳа, сунъий ақллар тўлган дунёга,
Темир миялардан очун бахтиёр...
Бугун вужудларга темир кийилган,
Ҳеч келмас балога ёлғон ақида.
Сен-чи, шеър ёзасан ҳали ҳам ўксиб
Темир ичидаги бир тош ҳақида.

Юқоридаги битикдан кейин келадиган “Осмонга мактуб” шеъри эса, “кўнгил одами”нинг изтиробларини тасвирлайди:
- Ўзгалар дардига қулоқ тутаман,
Ўзгалар дардидан ўяман юрак.
Ўзгаларсиз ёлғиз, мамнун яшамоқ,
Ўзгаларсиз, бахт, айт, кимга ҳам керак?!

Хулоса қилиб айтганда ушбу китобдаги ҳар бир шеър ўз юкига эга. Китобхон сифатида Раҳмат Бобожон шеърияти билан танишув фақат қувонтирди. Шоир томонидан қўлланган турли услублар, ташбеҳлар, ўхшатишлар, шубҳасизки, жонажон тилимизни бойитган. Бу сўзларнинг ўзи алоҳида таҳлилга мавзу бўла олади.

Аминманки, шоир аллақачон ўзининг мухлисларига эга ва унинг ушбу тўплами диди ўта нозик шеърият ихлосманди учун ҳам ажойиб совға бўлади.

✍️ Аваз Алижонов