December 13, 2024

Xurshid Abdurashidning "Dardisar" romani haqida mulohazalar

ЖАМИЯТГА ЖИН КЕРАКМИ?

Асар ҳақида шахсий мулоҳазаларим

“Дардисар” — ёш адиб Хуршид Абдурашиднинг биринчи йирик асари. Инчунун, йирик жанр — романда дастлабки уринишдаёқ муваффақиятга эришиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бунинг учун камида Абдулла Қаҳҳор ёки Тоғай Мурод каби иқтидор соҳиби бўлиши керак. Бизнинг назаримизда, Хуршид Абдурашидда Худо юқтирган шундай истеъдод борга ўхшайди.

Адиб — истиқлол фарзанди. 1995 йилда таваллуд топган. Шу пайтгача унинг “Ўша мен эдим”, “Фақат у қолди” номли шеърий тўпламлари дунё юзини кўрган.

Роман аннатоциясида келтирилганидек: “Хуршид Абдурашид қаламига мансуб фантасмагория, сатира, юмор, романтика, шафқатсиз реализм унсурлари қоришиб кетган ушбу асарда холис бир кузатувчи бизга четдан назар ташлайди, ўзимиз сезмай қўйган, одат тусига кирган жиҳатларга ойна тутади”.

Асар сюжети анъанавий. Ҳаёт ташвишларидан эзилган, итдан суяк қарздор Ҳотам исмли фуқаро йўлда хаёл суриб кетаётиб кўзи “Минг бир кеча” эртагидаги каби ғалати эски бир чироққа тушади. Дунё топган қирғиздек хурсад бўлиб кетади. “Ичи тўла тилла бўлсая, барча қарзларимдан қутулиб, қаддимни ғоз тутганча эмин-эркин яшардим", дея кўнглидан ўтказади. Чироқни ушлаб беихтиёр қўллари билан ишқайди. Шу пайт ҳамма ёқни тутун қоплайди. Чироқ ичидан бадбашара махлуқ чиқади. Ва Ҳотамга қарата сирли эртакдагидек: “Хизматингизга шайман!” деган тавозели овоз эшитилади. Бу махлуқ Бағдодда туғилган 900 ёшли Жин эди. Афсуски, у қариб қолган, сеҳр-жодуси қарийб кучини йўқотган махлуқ эди. Ҳотам Жиндан ҳеч вақо чиқмаслигини билиб алдаб-сулдаб чироқни ўзи билан олиб кетади. Мақсади, уни сотиб қора кунига яратиш эди. Бегона шаҳарда шумшайиб қолган Жин не қиларин билмай талмовсираб қолади.

Асардаги бир-биридан қизиқ воқеалар шундан кейин бошланади. Оч-наҳор силласи қуриган Жинга биринчи бўлиб Кўзаобод шаҳридаги “Чопағон” маҳалласининг оқсоқоли Бўтақул Ботир учрайди. Аввалига у Жинни хорижлик меҳмон деб ўйлаб мулозамат қилади. (Бизникилар чет эллик деса, эгнидаги тўнини ҳам ечиб беришдан тоймайда-да). Жиннинг ўзбек тилини янтоққа судраб сўзлашини тинглаб: “Қойил қолдим, ўзбекчада салкам Соат Шариповдай гапираркансиз”, дея ҳазал ҳам қилиб қўяди. Унинг ҳақиқий Жинлигини билгач: “Майли, меҳмон, бекор юрманг, танишларим бисёр, бирор ишга жойлаштириб қўямиз”, дейди. Бироқ оқсоқол ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ишга жойлай олмайди. Жамиятнинг тутумлари бунга имкон бермайди. Қаерга борса, Жиндан ҳужжат талаб қилишади. Ишлаётганларнинг маошини сўраса, мушук офтобга чиқмайдиган даржада. У ҳужжат сўралмайдиган юмуш — мардикорликка ўзини уради.

Қора ишни бажариб юриб Жин турфа одамлар билан учрашади. Уларнинг тутумларини ўз кўзи билан кўриб ҳайратдан ёқа ушлайди. Илк мардикорлик юмуши шифокор Эломон Жўломонов ҳовлисида бошланади. Бу шифокор ҳалол, билимли мутахассис бўлади. Белгиланган юмиш адоғига етгач, Эломон Жинга ўз дардини дастурхон қилади. “Шифохонадаги адолатсизликларга доим қарши тураман”, деб ўзига сўз берган шиофкорни ўзи папалаб даволаган беморнинг қариндошлари галалашиб калтаклайди. Уни ҳимоя қиладиган бош шифокор Фурқат Зиёдов жамоада порахўрликни авж нуқтага чиқарган. Эломон Жўламоновга ўхшаган ҳалол шифокорларни сариқ чақага олмайди.

Романда Кўзаобод шаҳри депутати Қўйлибек Қултоев ҳамда маҳаллий ёзувчи Жобир Собирларнинг образлари ўта кинояли ва кулгили тарзда ифшо этилган. “Ўзим бўлай” партиясидан депутат Қўйлибек Қултоев ўзини кўрсатиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ақл бовар қилмайдиган таклифлари билан чиқади. Унинг ҳафтада уч кун ишлаб тўрт кун дам олиш, ҳафта кунлари номини ўзгартириш, бекорчиларга солиқ солиш ҳақидаги (иш жойлари анқонинг уруғи бўлган юртда депутатнинг бундай таклиф киритиши унинг ақли расолигини шубҳа остига қўяди) таклифлари ўзини пиар қилишдан бошқа нарса эмасди. Қултоевнинг баъзи қилиқлари ҳозирги сиёсий партиялар лидерларининг таклифларига жуда-жуда ўхшаб кетади.

Жобир Собир адабиётда ўрни йўқ, фақат буюртма асосида асар ёзадиган қаламкаш. Лофни, шов-шувни яхши кўради. У шаҳар ҳокими Каттаканов ҳаётига бағишлаб “Кадрда Каттаконов” романини ёзиб, туман раҳбарлари орасида машҳур бўлиб кетади. Маҳалла классигига айланади. Чунки ҳоким ҳақида ёзилган асарни унинг қўл остидагилари яхши кўриниш учун ҳам ўқир эди-да. Ҳаётда ҳар доим бундай лаганбардор ёзғувчилар бўлган. Ўзимиз ҳам бунга гувоҳмиз. Ана шу тариқа адиб эбини топиб икки ошаётганлар устидан обдан кулади.

Жин Бўтақул Ботирнинг ўғли Турсунбой билан журналистика университетига (у шу олийгоҳда ўқирди) боради. Бу ердаги ўқиш сифатининг ҳаминқадарлигидан танг қолади. Таълимга эътиборнинг сустлигини “Ko`za. ku” порталида эълон қилинган бир хабарни ўқиб янада ишончи ортади. “Фаровон” маҳалласига қарашли 43-мактабнинг 7-“А” синф ўқувчиси Асқаржон математика олимпиадасида ғолиб чиққанлиги учун унга “бир дона фахрий ёрлиқ ҳамда мукофот сифатида иккита карсиллаган тарвуз билан уч дона қовун берилади”. Чуқур сарказм билан суғорилган бу мисоллар орқали адиб жамиятимиздаги икки қусур устидан кулади. Ижтимоий тармоқлар мана шунга ўхшаган бемаза материаллар билан тўлиб-тошиб чиқаётгани, бу миллат дидини ўтмаслаштиришдан бошқа нарсага ярамаслигини, таълимда илм ортидан қувганлар етарли даражада рағбатлантирилмаётганини очиқ-ошкор баён қилади.

Асарда муҳаббат линиясига ҳам алоҳида эътибор берилган. Турсунбой ва Офатхоннинг романтик муҳаббати ўқирманни ўзига мафтун этади. Қиз йигитнинг илтижоларига рўйхўшлик бермайди. Бундай пайтда Жин Турсунбойга ёрдам беришга ҳаракат қилади.

“Дардисар”да яна Жомурод ҳофиз, идора ходими Абдуллатиф Муродий, математика фани ўқитувчиси, Умар Хайёмнинг ашаддий мухлиси Чори Жабборов, жуғрофия фани ўқитувчиси Асад муаллим, ихтирочи Ихтиёр каби ранг-баранг образлар бор. Булар орасидан ихтирочи Ихтиёр ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмас. У шаҳар ҳокими Каттаконов ҳомийлигида порахўрликни аниқлайдиган мослама яратади. Матоҳини ҳокимиятда синовдан ўтказмоқчи бўлади. Бу юмушни биринчи Каттаконовдан бошламоқчи бўлганда: “Сен бола ҳаддингдан ошиб кетмаяпсанми мабодо? Қаршингда ҳоким ўтирганини ҳис қилмаяпсанми?” дея аччиғи бурнининг учига келади. Ҳокимнинг уч муовини синовдан ўтказилганда аппарат барчаси порахўр эканлигини аниқлаб беради. Мослама кўпайтирилиб, барча идораларга жўнатилади. Тоза раҳбар чиқмайди. Пировардида шундай буюк кашфиётдан фойдаланишга чек қўйилади. Каттаконов: “Порахўрлик тугаши учун дунё қайтадан яралиши керак”, дея ихтирочи Ихтиёрга таскин берди. Бу воқеларнинг барига Жин бевосита ва билвосита шоҳид бўлади.

Асар ечими анча жиддий. Ҳотам чироқни кимошди савдосига қўйиб мўмай даромад топади. Барча қарзларидан қутилади. Боз устига, шаҳар Топилмалар марказига раҳбар этиб тайинланади. Жин чироғини излаб марказга борганида ўзини алдаб кетган Ҳотамга йўлиқади. Жин сўнгги кучини тўплаб Кўзаободдаги қинғирликларга барҳам беришга ҳаракат қилади. Ва ўзи гувоҳи бўлган ноҳақликларни жой-жойига қўйиб, қадрдон чироғига кирганча кўздан ғойиб бўлади. Аслида Жин ўз кўзи билан кўрган жамиятдаги ушбу камчиликларни тегишли идораларда ўтирган амалдорлар бартараф этишлари керак. Улар эса коррупция ботқоғига ботиб бўлишган. Жамиятнинг Жин каби адолат ўрнатадиган кучларга муҳтожлиги шундоқ ойдинлашади.

Фикри ожизимизча, “Дардисар” романи сўнгги йилларда яратилган асарлар орасида бадиияти, кўтарилган мавзуларининг салмоғи билан ярқираб кўзга ташланиб туради. Асар “Akademnashr”да 5 минг нусхада чоп этилган.

Муҳаммадали АҲМАД

Муҳаммадали АҲМАД
Muallif bilan suhbat