December 26, 2024

Ташбеҳ чизгилари - Шаҳриёр Шавкатнинг “...Ҳам...” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)

Ассалому алайкум. Бугун ҳам “Академнашр”нинг “Излам” - ёш адиблар асарлари иккинчи тўпламининг китоблари билан танишишда давом этамиз ҳамда Шаҳриёр Шавкатнинг “...Ҳам...” шеърлари жамланмасини англашга уриниб кўрамиз.
Ш.Шавкатнинг “...Ҳам...” шеърий китоби тўрт қисмга бўлинган: “Елкамни келтирдим, йиғлама...”, “Қасдма-қасд”, “Момақаймоқлар” ва “Юрагимнинг торлари таранг”. 


Биринчи фасл суйгулиси висолига интиқ ошиқ ҳамда унинг висолдан кейинги туйғулари тасвири ўрин олган. Ҳа, айнан тасвири. Чунки Ш.Шавкат ушбу икки ҳолатни зўр рассомдай чизар экан, ўқувчи ҳар бир шеърда ошиқнинг туйғуларини аниқ кўради:


- “Кечаман. Кундузсан. Саҳар - бу висол.
Тупроқман. Илдизсан. Ишқимиз - ниҳол.
Яқинман. Олиссан, шунга, эҳтимол,
Исмингни исмимнинг ёнида ёздим.”


Севгилисига етишга интилар экан, лирик қаҳрамон ўз соғинчи ҳақида шундай дейди:


- “Бунча тордир, ситамзордир,
Қаро ғордир бу сайёра,
Булутларни кесди оҳим,
Кўрин менга кўрин моҳим”.


Шу шеърнинг ўзида ошиқ ўз ёрини ўзининг ҳолатларидан, кайфиятидан келиб чиқиб, “сарвим”, “қумрим”, “кавсар”, “дардим”, деб атайди.
Лирик ошиқнинг хаёллари пайтидаги вақт тасвири ҳам чиройли:


- “Ойдан ликоп ясайдир кулол,
Тунни тертиб чиқар чигиртка.
Сен тўғрингда сурардим хаёл,
Бу дунёни сидириб четга”.


Энди висолга етган ошиқ ҳайратларига ўтамиз:


- “Шамдек милтиллайди кўзларинг
Нафасим
Ўчириб қўймасайди дейман!
Тонгги ёмғирдайин шивирлаб
Сочларингга шеърлар ўқийман.”
Ёки
- “Дедим: Қандоғ жароҳат бу -
Қоним ширин, оғриқ ҳузур?
Деди: бошим кўксингда-ю
Тилло сирғам тилди, узр...
Дедим: Қандоғ малоҳат бу,
Икки йилон бўйним бўғар.
Малол бирла қўзғолиб у,
Икки ўрим сочин йиғар.
Дедим: Қандоғ зиёфат бу -
“Зиё” бирла “офати” бор?
Деди: Шундоғ жиноят бу -
Қўлга тушгай омади бор”.


Ушбу фаслдан шоирнинг бир нечта “сўфиёна” шеърлари ҳам ўрин олган:


- Дейсиз: Эй қул, бу жаҳонда
бекўнгил бўлган яшар,
Нотавонмас, хуржунига арпа, нон тўлган яшар,
Янглишарсиз!
Кимки хушвақт – дардлари улканлашар,
Аслида чин дунёда чин ёрни деб ўлган яшар...


Иккинчи фасл - “Қасдма-қасд”да шоирнинг ватани ва ватандошларига - сизу менга хитоблари ўрин олган бўлиб, Ш.Шавкатнинг ижтимоий муаммолар, эски тузумнинг сақланиб қолаётган таъсирлари, хуружлари, қулликни қўмсаётганларнинг ҳолати ва шу каби чин ватанпарварлик (сохталикдан холи), эртанги кун учун қайғуриш ҳақидаги шеърлари ўрин олган:


- “Қизларнинг сочига умрини боғлаб,
Суворий йигитлар ҳўнграган замон
Сени ҳақоратлаб,
Сени ардоқлаб
Яшарман, эй сочи тўзғиган макон.”

-  “Овозингни созлайвер, қизим,
Бор кучингни жамла томоққа.
Ҳеч кимсага бермагин изн,
Овозингни парчаламоққа...
Қақнус қизим, осмонни йиртсин
Ханжар каби ўткир овозинг.
Қулфеъллардан озода этсин,
Шу Ватанни озод овозинг.”.   

- “Йигитлар,
Елкага синчиклаб қаранг,
бу нима?
Бу туғма совут излари.
Ҳечам қўнганмиди куракларга чанг
ёки чиқмоқчими қуёш тескари?”


Мазкур қисмдан шоирнинг булардан-да юқори даражали, таъбир жоиз бўлса, қиличдай кескир, ўтли шеърлари ўрин олган. Улардаги дард, шоирнинг ҳар ватандоши оғриғини ҳис қилгани, уларни ўқувчига ойнадай тутгани сизни бефарқ қолдирмайди. Лекин уларнинг мазасини бузмаслик учун китобни олиб, ушбу ижод намуналарини тўлиқ ўқиб кўришни китобхонлардан илтимос қилиб қоламан.
Учинчи “Момақаймоқлар” деб номланган фаслдан 10 дона шеър ўрин олган бўлса-да, ундаги ҳар бир асар алоҳида номланган. Масалан: “Тулпорнинг шашти қайтгани ва мендан хафа бўлгани”, “Бағоят чиройли очилган олча гулига битилган ожизона изҳор”. Келтирилган табиат тасвирларини ўқир экансиз, албатта, ўша муҳитга тушасиз, майсалар ҳиди, ҳашаротларнинг ғимирлаши, овозлари, умуман, соф табиатни ҳис этасиз:


- “Бир ёнда ўт, бир ёнда пичан –
Ҳал қилади тўриқнинг диди...
Сув тубидан димоғимгача
Сузиб келар балиқнинг ҳиди.
Қўзичоқлар шавқини
Эпкин
Келтиради шуурим тараф.
Мен ёёётибман,
Юрагим сокин,
Жиммм ётибман Худога қараб!..
Парвоз этар момоқаймоқлар...”

Ёки:
“Сойда ҳилол сузгани-сузган-
Жилғаларга нафис нур тақар.
Сув юзида балққан юлдузга
Тил теккизиб кўрар қурбақа.”

“Юрагимнинг торлари таранг” деб аталган тўртинчи қисмда шоирнинг турли мавзуларда битилган шеърлари ўрин олган бўлиб, ўзининг бетакрор ташбеҳлари, саволлари билан ҳайрон қолдирди:


- Қўрқоқлар кўпайган замонда,
Олчоқлар кўпайган замонда,
Аҳмоқлар кўпайган замонда,
Маддоҳлар кўпайган маконда -
Нега сен шоирсан?


Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, адабиётимиздаги чин шоирнинг баъзи шеърларини англашга уриниб кўрдим. Ш.Шавкатнинг ижодини бошқа адибларга ўхшатгим келмади. Шеърлардаги фикрнинг тиниқлиги, аниқлиги, мазмуннинг тўқлиги, бутунлигидан хурсанд бўлдим ва ҳайратландим. Шунинг учун барча сўраганларга “мен тавсия этадиган яна бир шоир бор”, деб айта оламан.

Аваз Алижонов