Ойна тутувчи қиссалар - Муҳаммадхон Юсуповнинг “Дераза ортида” китоби таассуротлари (“Излам” туркумидан)
Ассалому алайкум. Кўпчилик китобхонларга маълумки, ўтган ҳафтада Тошкентда “Излам” тўпламининг 2-қисми тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тақдимот сабаб, унинг ўқувчилари яна ҳам кўпайишини тилаб қоламан.
Бугун “Излам”даги насрий китоблардан навбатдагиси Муҳаммадхон Юсуповнинг “Дераза ортида” қисса ва ҳикоялар жамланмасини варақлаймиз.
Тўпламдан ёзувчининг “Илк” қиссаси ҳамда “Дераза ортида” номли туркум ҳикоялари - “Оилавий спектакль”, “Мубина”, “Ўйин”, “Музқаймоқ”, “Радиодаги амаки”, “Соғиндим”, “Бизнинг уйимиз” ва “Тишланган олма” номли 8 ҳикояси жамланган.
“Илк” қиссаси ХХ асрнинг чин зиёлиси Мунавварқори Абдурашидхоновнинг 1901 йилда 23 ёшида биринчи янги усул мактаби очишдаги уринишлари, изтироблари, қувончу ташвишларидан ҳикоя қилади. Шу ўринда қиссадан ташқари ҳолда айтмоқчиманки, М.Абдурашидхонов собиқ тузумнинг қатағонига учраган халқимизнинг илк мунавварларидан бўлиб, 1929 йилда қамоққа олинган, 1931 йилда қатл этилган.
Ёш устоз бу ишга киришар экан, мустамлакачиларнинг жиддий қаршилигига дуч келади. Чунки М.Абдурашидхонов ўзининг билим даражаси, ақлий салоҳияти орқали ўша даврда Туркистон губернаторлигида ишлаётган рус-тузем мактабларининг маҳаллий болалар учун зарарли эканини англаган эди.
Унинг Туркистон таълим округи бош инспектори Керенский билан мунозарасида бу ҳақда гап боради:
- “натижада (рус-тузем мактабларида ўқиган) Туркистон ёшлари Империя равнақига ҳисса қўшувчи етук кадрлар бўлиб етишади”.
Мустамлакачи амалдорнинг бу иддаосига жавобан Мунавварқори ҳам ўз ёндашувини очиқ айтади:
- “Гап таълимда эмас, тарбияда, тақсир. Бизнинг халқ, ота сифатида ўз фарзандларимиз таълимини сизга ишонишимиз мумкин, илло тарбиясини ишона олмаймиз”.
Ушбу диалогни ўқир экансиз, сўнгги йилларда 21 октябрь байрами арафасида, бот-бот тилга олинадиган ўзга тилдаги мактаблар кўплиги, уларга қизиқиш пасаймаётгани масаласи, бу ҳақда аввалроқ, Қозоқбой Йўлдошнинг куйинчаклик билан билдирган фикрлари эсга тушади.
Қисса ҳажман кичик бўлса-да, унда ёзувчи сингдира олган эзгин кайфият ўқирманга ҳам ўтади ва мутолаадан кейин ҳам тарк этмайди. Беихтиёр Мунавварқорига хайрихоҳ ва ҳамфикр бўласиз. Лекин адиб ушбу зиёлини бир ёқлама ёритмаган, яъни, уни камчиликсиз, дейиш фикридан йироқ. Балки, унинг ҳам адашганини, панд еганини кўрсатиб берган.
Ёзувчилар қадимий тарих ёки узоқ келажак ҳақида ёзишса ҳам, ўзи яшаётган замонга мурожаат қилади. Бу қиссада ҳам бошидан охиригача шу ёндашувни кўрасиз.
Бундан ташқари, истибдод қамчиси қанчалик ёмонлиги, унинг сиёсати мутелик, қулликдаги одамларни яхши кўриши, фикрлайдиган, озодликка интиладиган шахслардан қўрқиши, уларни йўқ қилишга астойдил ҳаракат қилиши зўр ёритилган.
“Дераза ортида” туркумини бирлаштириб турувчи нуқта - улардаги 8-10 ёшгача бўлган кўнгли кемтик болалар, яъни, илк йўқотишларга учраган, буни англашга уринаётган, “нима учун” деган саволга дуч келиб, унга жавоб қидираётган беғуборлар.
Одатда биз ўрганиб қолган болалар ёзувчилари илк болаликдаги тоза ҳис-туйғулар, болача мантиқ ҳақида ёзган бўлсалар, М.Юсуповнинг бу тўплами катталарга атаб норасидалар тилидан, мантиғидан келиб чиқиб ёзилган ҳикоялардир. Чунки биз уларнинг илк йўқотишга учраганида, алданганида, камситилганида, кўнгил дардларига эътибор бермаймиз, балки уларни алдашга, борлиқни нотўғри тушунишга ундаймиз. Лекин у катта бўлгач, балки, ёшлигидаёқ, бу ёлғонларни англайди, атрофидагиларга ишончини йўқотади. Адибнинг бу ҳикоялари насиҳатдан йироқ ҳолда, барча катталарга ойна тутади, ўзаро муносабатларда самимий, ростгўй бўлишга ундайди.
Ҳикояларда куйинчак ота-оналар, ёлғиз ота ёки она, ажрашган ота-оналарнинг болалари, онасини ёки отасини йўқотган бола (қиз) образлари бор ва улар орамизда.
Бу ҳикоялар таъсир жиҳатидан кучли ва эсда қоларли. Асосийси, ўзингизга савол беришга ундайди.
Хулоса, ўрнида ёзувчини ушбу китоби билан табриклайман. Агар бу таассуротларни ўқиса, “ёзишда яна давом этинг”, деб қоламан.
Китобдан айрим иқтибослар:
- Ҳар қандай тараққиётнинг негизи таълим, таназзулники эса таълимсизлик эмасми?;
- Конкага (ХIХ аср охири - ХХ аср бошидаги транспорт тури) чиқишда ўзбек эркаклардан бири ва рус эркак бир вақтда ҳаракатни бошлашди ва бир-бирларига халақит беришларини сезиб тўхташди. Рус эркакнинг хунук қарашидан кейин ўзбек эркак бошини бироз эгди-да, орқага тисарилди. Конкага аввал рус эркак, кейин ўзбеклар чиқиб жойлашишди;
- Мана бир лаҳзада икки жирканч манзара, қай бири қайғулироқ? Ўз юртимизда она тилимизда гапира олмаслигимизми ёки ўз опа-сингилларимизни ўзимиз шу даражада камситиб қўйганимизми?;
- Ҳолбуки, жилов ўзимизда эмас;
- Илмсиз халққа озодлик нега керак бўлсин? Бундай халқни бир бурда нон ва бир парча ер билан алдаб қўйиш мумкин. Маккорлар бундан фойдаланадилар ва маърифат эмас, емиш таклиф этадилар. Шунда содда халқ озодлик ҳақида ўйламай ҳам қўяди ва оний тўқликка шукр қилишга ўрганади;
- Етим деб эркатой ва жуда кўп савол берадиган болаларга айтилади. Лекин буни ўзига айтиш одобдан бўлмайди. Бу сўзни сенга ким айтган бўлса ҳам жуда фаросатсиз экан;
- Ойимни сўрасам ҳам хеч ким жавоб бермайди, мени қучоқлаб олишади. Йиғлаб ҳам беришади.