March 16

Yapon Hokkulari toʻplami( Rauf Parfi tarjimasi) @aktamov_blogi kanali uchun

Matsuo Basyo

Буюк япон шоири Матсуо Басё (1644,12 октябрь — 1694,28 ноябрь) Хонсю оролидаги Иго вилоятига қарашли Уено шаҳрида камбағал самурай оиласида туғилган. 1672 йилда у ўзининг илк шеърий тўплами “Каиоои”ни тузади.Орадан икки йил ўтиб у Киотога боради ва ўз даврининг етук шоири ҳисобланган Китамура Кигиндан хайкай шеъриятидан сабоқлар олади. Басё Эдо шаҳри атрофидаги Фурукаве деган жойда шогирди туҳфа қилган кулбада яшаган. Кулба ёнида банан дарахти ( япон тилида бананни “басё” дейишади ) ўсгани сабаб дастлаб ана шу кулба, кейинчалик эса шоир тахаллуси ҳам Басё деб атала бошланади. Басё 1684 йилдан бошлаб умрининг қолган қисмини саёҳатларда ўтказади. Бу саёҳатлар мобайнида ёзган шеърларидан иборат йўл дафтарлари уни бутун Японияга машҳур қилди. Буюк дарвиш шоир 1694 йилда Осакада оламдан ўтади.

Гулгун баҳор байрами,
Жулдур чопон бир гадо.
Кимдир ул? Эҳтимол, доно?

* * *

Тол ухлайди бош эгиб,
Гўё унинг жони кабидир,
Бутоқда булбул.

* * *

Шохдан-шохга учади
Оҳиста маржон томчи.
Баҳорий ёмғир.

* * *

Улуғвор қиёфада
Боқмас гилос гулига
Танҳо қайин дарахти.

* * *

Оҳ, уйғон, уйғон!
Ҳамдард ўртоғим бўл, сен,
Уйқудаги парвона.

* * *

Якка кулба устунин
Қаттиқ тақиллатар
Ўрмон арбоби.
* * *

Шубҳаланма!
Денгизнинг ўз баҳори бор –
Тўлқин гуллари.

* * *

Оҳ, қутлуғ завқ-шавқ!
Яшил ва ёш япроққа
Оқар кун нури.

* * *

Поёни йўқ денгиз ҳайқирар,
Ҳали йироқ садо қирғоғи,
Сомон йўли ёзилур.

* * *

Бу қандай азоб?
Дорда кичик қафасда
Асир чигиртка.

* * *

Тинч сой сабоси.
Чой яхши! Шароб яхши!
Ойдин кеча яхшидир!

* * *

Тун. Зимистон. Мен ётдим,
Чироққа йўқ мой… Бирдан
Деразадан боқар ой.

* * *

Кифтимга олайин, онажонгинам,
Қайноқ ёшим ила эритай
Сочингда оқ қировни!

* * *

Биринчи қор юзида
Қиш тонги гўзал кўринур
Бадбашара қарға ҳам.

* * *

Кўза синди чарсиллаб,
Сув бор экан, музлабди,
Мен уйғондим дафъатан!
* * *

Кеч кузак пайти.
Танҳоликда ўйлайман:
“Қўшним ҳоли не кечди?”

* * *

Ҳасрат тўла қалб,
Бутун ғаму ҳаяжонни
Барно тол учун бахш эт!

* * *

Чор атрофдан
Олча барглари учади
Нио кўлига.

* * *

Узун кун бўйи
Баҳор чоғи куйлашдан
Ҳеч тинмас тўрғай.

* * *

Капалакнинг парвози,
Тонг қуёш нури ила
Уйғотар тинч далани.

* * *

Мағрур туради
Боқмай олча гулига
Танҳо бир эман.

* * *

Тағин қалбда тирилди
Ота-онам ҳасрати.
Дод солар тоқ қирғовул!

* * *

Бу жажжи буғу
Будда туғилган куни
Дунёга келди.

* * *

Ел эсар замон
Тол шохи бутоғидан
Учар капалак.
* * *

Пион гул даргоҳидан
Болари дардчил кетар,
Оҳ, ул ночор айрилар!

* * *

Чавандоз! Отни ҳайда,
Дала бўйлаб у томон.
Унда куйлар какку қуш.

* * *

Зарпечак гули.
Менга у ҳам ва лекин
Дўст эмас ортиқ.

* * *

Ўчоқ ёнида,
Ҳамма унут…
Йиғлар чигиртка.

* * *

Мен ҳасратгарни
Ортиқ ғам ила тўйғаз,
Олис какку фироғи.

* * *

Ярқирар шудринг.
Унда бор ғам белгиси,
Унутманг зинҳор.

* * *

Мен билан бир гўшада
Икки қиз: гул шох бири,
Бири танҳо ой.

* * *

Куз ҳам тугади!
Аммо кўзга нур берар ҳамон
Кўм-кўк мандарин.

* * *

Кўчиб юргувчи ўчоқ.
Шундай, сайёҳ учун ва сенга
Ҳеч қаерда ором йўқ.
* * *

Оҳ, енгил-енгил
Осмон бўйлаб сузади
Булутлар ва ой.

* * *

Ёдингдами ўша қор, дўстим?
Бултур кўрган эдик сен билан,
Наҳот ўша қор яна ёғар?

* * *

Она қишлоқ ёдимга тушди.
Унга киндик қоним тўкилган,
Мен йиғлайман йиллар ғамида.

* * *

Тинчиди куз қуюни.
Ундан қолган нарса фақат шу –
Олис тўлқин шовқини.

Kanal: @aktamov_blogi