February 1, 2022

ТОҒ ТУРИЗМИ

Андижон вилояти Хўжаобод тумани ўзининг тоғ туризми учун қулай маскан эканлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур ҳудудда "Имом ота" зиёратгоҳи, “Жомъе масжиди” ва “Шаҳрихонсой” чойхонаси архитектура ёдгорликлари ҳамда “Манак ота” зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, улар муҳим туристик зоналардан биридир.

Туманда бир қанча овқатланиш обьектлари, хусусан, “Коҳинур” ресторани, “Дилкаш” ва "Роҳат" кафеси, “Лаззат” ошхонаси ҳамда “Боғишамол” меҳмонхонаси ҳам мавжуд.

Улар орасида бир зиёратгоҳ борки, алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. “Имом ота” зиёратгоҳи - Хўжаобод тумани Тошота МФЙ тоғли ҳудудида жойлашган. Зиёратгоҳ қадимдан ислом оламида муносиб ўрин тутган Имоми Муҳаммад Ҳанафия номи билан атаб келинган. Тадқиқотчилардан Н.Абдулаҳадов, В.Азимовларнинг “Олтиариқ зиёратгоҳлари” ҳамда “Насибаномайи Муҳаммад Ҳанафия” китобларида ёзилишича, ислом лашкарбошиси Ҳазрати Алининг ўғли Муҳаммад Ҳанафия (700-йилда вафот этган) Хуросонни забт этиб, аҳолисини исломга киришида хизматлари катта бўлганлиги учун “Хуросон ота”, “Имом ота” номини олган, шунинг учун бу ўлкада Бобо Хуросон, Имом ота номлари билан боғлиқ диққатга сазовор жойлар бисёр.

Имоми Ҳанафия 700-милодий санада вафот этган. Асли қабри эса Форс қўлтиғидаги Тус шаҳрида. Ривоятларда айтилишича, уни онаси тарбиялайди ва отасини танимай улғаяди. Отасини излаб йўлга чиқади. Тақдир тақозоси билан кичик бир низодан сўнг, танимаган ҳолда, аввал акалари Имоми Ҳасан, Имоми Ҳусайнлар билан кураш тушишига тўғри келади ва уларни енгади. Сўнг, отаси Ҳазрати Али (к.в.) билан узоқ курашади ва Ҳазрати Алининг кўзи рақиби бўйнидаги ўзи бир вақтлар Биби Ҳанифага нишона сифатида берган туморга тушади. Шу тариқа ота – бола топишишади. Бироқ Ҳанафия ўз отаси билан курашганлигини билгач, отага нисбатан беҳурматлик қилгани учун ўзини гуноҳкор ҳисоблаб, орқаси юриб, шу кетганича бу юртларга келиб, шу тоғ бағрига кириб ғойиб бўлган, то қиёматгача тирик дейилади. Шу боисдан, у эл орасида “ғойиб бўлган Эшон” ёхуд “яширинган Эшон” номини ҳам олган.

Зиёратгоҳ Имоми Ҳанафия қадамжойларидан бўлиб, ривоятларда ул зотни шу жойдаги ғорга кириб кетиб, ғойиб бўлган дейилади. Бино ёнидаги сағана 1960 йилларда шу жойни ковлаш пайтида чиққан кўҳна жасад қолдиқлари бўлиб улар зиёратгоҳ азизларидан бирининг жасади, дея фараз қилиниб, қайта дафн этилган ва устига оддий сағана қилинган.

Васиқадаги Лутфулло Хожа Саййид Жамол Хожа исмлари эса Имоми Ҳанафия сулоласи вакиллари ўз даврида сўфийлик тариқатининг нақшбандия хожагонлик сулҳини қабул қилганлиги, авлиёлик мақомига етишганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Бу тариқат соҳибларига Яратган кўп фазилатларни, жумладан, одамлар дардига балогардон бўлиши, яъни, дардини ўзига олиб, қайта чиқариб ташлашлик ҳусусиятини берган. Зиёратгоҳга энг аввало, бефарзандлар Оллоҳдан фарзанд тилаб келадилар. Хайр-эҳсон, дуо-фотиҳа, намоз ўқиб ибодат киладилар. Зиёратлари қабул, дуолари ижобат бўлиб, фарзанд кўрганлар бу муқаддас масканга қайта келиб, қурбонлик, эҳсон қиладилар.

1982 йилда олиб борилган тадқиқот маълумотларига кўра, қадимий бинонинг ўймакор эшиклари бўлиб, улар қисман таъмирланган, капитал таъмирга муҳтож ҳолатда бўлган XVIII асрга оид зиёратхона-хонақох эса XIX аср оҳирларида Андижонлик Махмудалибой томонидан қайта таъмирланган, (1959-1980). Бу маскан 1982 йилда меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Андижон вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси ахборот хизмати

https://t.me/andijon_turizm_sporti