February 14, 2022

КРЕДИТГА “ЎТИРГАН” ХАЛҚ.*

Расман иш хақи оладиган одамларни кредит олиши жуда осонлашди – очлигидан ўлиб қолмаслиги учун нон-сувга етарли етарли маблағни ойлигидан чиқариб ташлайди, қолгани тўлов қобилияти, ўшанга хисоблаб:

1. 30-45 фоизли номақсад кредит олиш мумкин.

2. Бошланғич тўловини қарз-хавола қилиб тўлаб автомашина олиш мумкин; (24-30%)

3. Уй-жой олиш мумкин. (20-28%)

4. .......

ва ҳоказо пулга сотиладиган хамма нарсани кредитга олиш мумкин экан...

Кредитга ўтирган халқдан нимани кутиш мумкин?

Фақатгина кундалик эхтиёжлар учун энг зарур маҳсулотларни сотиб олиши мумкин. Қўшимча билим олиш, дам олиш, яхши кийиниш, мехмонга бориш ёки мехмон чақириш, уйини чиройли қилиб таъмирлаш, пуллик хизматлар (тиббиёт, спорт, кўнгилочар) кабилар орзу, хом хаёл бўлиб қолади.

Чунки:

Сифатли таълим қиммат туради.

Сифатли озиқ – овқат қиммат туради.

Сифатли уй-жой қиммат туради.

Яхши дам олиш – қимматга тушади.

Яхши кийиниш - қиммат туради....

Натижада:

Сифатли таълимга пули етмаган оила фарзанди арзон эскирган билимлар билан чекланади. Фарзандини контрактини тўлолмай ўқитмайди хам. Чекланган ночор муҳитда ўсган кишининг фарзандлари билими ҳам катта эҳтимол билан ота-онасининг тор инидаги даражада қолади.

Арзон, сифатсиз, кимёвий қўшимчали, доимий бир хил озиқ овқатлар истеъмол қилиш натижасида витамин етишмовчилиги, камқонлик, онкологик ва бошқа касалликларга чалиниш хавфи ортади. Вақтида овқатни доридек емаган халқ кейинчалик дорини овқатдек ейишни бошлайди. Яна харажат...

“Коробка” уйни кредитга олган оила 15-йил давомида ипотекага тўлайдиган пулидан орттириб бир бало қилиб уйини таъмирлаб жиҳозлаб бориши керак. Яна еб-ичишдан, кийинишдан, ўқиш харажатларидан “тортиш” керак. Ёки ижарага туриб ижара ҳаққини тўлаш учун ишлаши керак...

Дам олиш ва сифатли кийинишни айтиб ўтиришни хожати хам бўлмаса керак. Хали унгача анча бор...

Давлат нима йўқотади?

Биринчидан сифатсиз таълим, малакали кадрлар етишмовчилигига олиб келади. Энг замонавий заводни келтириб ўрнатинг-уни ишлатадиган кадр бўлмаса ўша заводни бор имкониятидан унумли фойдаланиб ишлатолмайди, ёки четдан 100 баробар қиммат хақ талаб қиладиган мутахасисларга пул тўлашга мажбур бўлади.

Иккинчидан замонавий малакаси бўлмаган мутахассис – арзон кадр. Арзон ишчи оиласига кам пул олиб келади... яна ўша гап...

Касалликлар кўпайиши натижасида медицинага давлат харажатлари ортади. Медицинани давлатдан чиқариб тўлиқ хусусийлаштириш эса пули етмаган беморлар орасида ўлимлар сони ортишига сабаб бўлади. Яна ишчи кучи ва кадрлар муаммоси пайдо бўлади.

Ипотекага қурилиш қиладиган компаниялар қўлида катта маблағ йиғилади. Кўпчиликни маблағи бир жойда йиғилиши натижасида қурилиш монополияси шаклланади. Бой ва камбағаллар орасида фарқ катталашади. Катта маблағга эга “тадбиркор” хориждан вилла қилади, дам олади, “котта”ларни мошинасидан олади, ва хоказо махаллий маблағни йиғиб четга сарфлайди. Тўғри, давлатга озгина солиқлар хам тўлаб қўяди, лекин бу бошқа мавзу.

Дам олишга вақти ҳам, пули ҳам бўлмаган халқда туризм ривожланмайди. Чунки туризмни саёхатни севадиганлар ва бунга пули борлар ривожлантиради.

Яхши кийинмайдиган халқда енгил саноат, трикотаж соҳаси ривожланмайди. Хом ашё четга кетади шу ерда қайта ишланиш имкониятлари хавога совурилади, ахоли бандлигига ёрдами тегмайди.

Хўш нима қилиш керак?

ТАЪЛИМГА ИНВЕСТИЦИЯ ҚИЛИШ КЕРАК. Юзаки эмас, конкрет инвестиция қилиш керак. Эски методлардан, қолибга солишлардан воз кечиб, замонавий билимларни энг чекка худудларгача етказиш керак. Сифатли кадрларни қадрига етиш керак. Балиқни тозалашни думидан бошламаслик. Хориждан қайтарилган замонавий кучли билимни “ШЕР”ларни “ҚЎЙ”ларга буйсунишга мажбур қилмаслик керак (конформизм). Уларни ғояларини амалга оширишларига имкон бериш керак. Оила мисолида: 5-6 йил қийналса хам фарзанд тарбиясига, таълимига, сифатли билимига инвестицияни, пулни аямаслик керак. 5-6 йил кредит тўлаб магнитофони йўқ мошинда юргандан кўра, 5-6 йил билимга пул тўлаб “Ламборджини”да юриш мумкин.

Давлат эса иш ҳаққига инвестиция қилиши керак, маош нархларга нисбатан анча юқори бўлиши керак. Бугун қурилиб, уч йилдан кейин бузилиб кетадиган чала лойиҳаларга тикиладиган маблағларни, четга ўғирланиб кетилган маблағларни бир қисмини иш ҳаққини ошириш учун сарфласа аҳолининг харид қобилияти ошади.

Кейин халқ кредитга эмас, нақдга товар сотиб олади;

Сифатли таълимга кўпроқ тўлашга рози бўлади – хусусий сифатли мактаблар, таълим муассасалари кўпаяди;

Яхши еб-ичишга пул сарфлайди – озиқ-овқат саноатида бизнес ривожланади;

Уйини чиройли ремонт қилади – қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар бизнеси ривожланади;

Замонавий жихозлар сотиб олади – техника-технологиялар бизнеси ривожланади;

Дам олувчилар кўпаяди – туризм ривожланади;

Ўзига эътибор беришни бошлайди, спорт билан шуғулланади, чемпионлар кўпаяди, касаллар сони камаяди, медицина харажатлари камаяди, косметика саноати ривожланади.

Ишчисига яхшироқ маош тўлаётган тадбиркор эса ўзига ўхшаган бошқа бир тадбиркорни бизнесини ривожлантиришга сабаб бўлади. Албатта мижозлари бой тадбиркор хам бой бўлади.

Хуллас калом маоши ошган халқ пулини барибир сарфлайди, у пул тадбиркорлар орқали давлат бюджетига қайтиб боради, лекин халқни бахтли қилиб, тадбиркорларни янада кучайтириб қайтиб боради. Шунинг учун хам тадбиркорлари кўп давлатнинг халқи фаровон, ўзи қудратли бўлади.

Бунга энг катта тўсиқ – ахмоқона монополия бўлиб ҳисобланади.

ХУЛОСА: БЕҲУДА МАҚСАДДА КРЕДИТ ОЛИШДАН ОЛДИН ЎЙЛАБ КЎРИНГ: БАЛКИМ ШУ КРЕДИТ ВА ФОИЗЛАРГА ТЎЛАЙДИГАН ПУЛНИ ЎЗИЗ ЁКИ ФАРЗАНДИЗНИ БИЛИМ ОЛИШИГА САРФЛАШ ФОЙДАЛИРОҚДИР.

Мана шунақа гаплар...

P/s. постни кўчириш ҳуқуқи эркин, бемамол тарқатаверсайиз бўлади.

*-тижорат кредити ҳақида эмас.

https://www.instagram.com/sherzodatamuradov