February 7, 2019

💎 TРАМПНИНГ БОЙЛИГИ ҚАНЧА ВА У ҚАЕРДАН ДАРОМАД ҚИЛАДИ?

У бир вақтлар 10 млрд доллар бойлиги борлигини эълон қилганди. Шунингдек, АҚШ президенти учун мўлжалланган йиллик 400 минг доллардан хайрия фойдасига воз кечиб, рамзий 1 доллар учун ишлайди. У тарихга АҚШнинг энг бой президенти сифатида кирган.

Бу таърифларнинг эгасини яхши биласиз – АҚШнинг амалдаги президенти, миллиардер Доналд Tрамп.

Жуда кўпчилик Tрампнинг муваффақият сирига қизиқади. Унинг ўзи муваффақият калити сифатида яхши оилада туғилиш ва вояга етишни кўрсатади. Лекин Доналд Tрампнинг оламшумул шуҳрат қозониши, «дунёдаги биринчи рақамли амал» дея таърифланувчи АҚШ президентлигини эгаллашига сабаб ўзини муносиб даражада ва ортиғи билан кўрсата олганида. Дунёда минглаб миллиардерлар, маблағи Tрампникидан ўнлаб баробар кўп бойваччалар бор.

Лекин Tрамп битта!

Президентлик ўз йўлига, бойлик ўз йўлига эканлигининг яққол исботини Tрамп бу амалда ўтказган илк йилидаёқ яхшигина англаб етди. Чунки бир йил ичида унинг пуллари 400 млн долларга камайди, Форбес рейтингида 10 ўрин пастлаб кетди, «бор йўғи» 3,1 млрд бойлиги қолди. Бунинг асосий сабаби шунда эдики, бир вақтлар барча ҳамкорлар унга бироз калондимоғлар бўлсада, узоқни кўра билувчи бизнесмен сифатида ёндашган бўлишса, энди унинг ёнига «АҚШ президенти» деган атама ҳам қўшилди. Сиёсат эса тусланишга мойил соҳа – бугун президент учун жонини беришга тайёр бўлганлар эртага уни ерга уриб ташлашдан ҳам тоймайдилар. Шундай экан, Tрамп номи билан боғлиқ ҳар қандай лойиҳа катта таваккалчиликка айланиб қолади.

Мисол учун, АҚШнинг турли бурчакларида Tрампга тегишли голф клублар фаолият юритади. Tрамп ғолибликни қўлга киритган штатларда ҳаммаси кўнгилдагидек – даромадлар барқарор ва қисман ўсган. Аммо Tрамп мағлуб бўлган штатларда тескариси – даромадлар 4-5 фоизга пасайган.

Нью-Йорк марказидаги 5-авенюда жойлашган Trump Tower осмонўпар биноси ва Tрампга тегишли бошқа иншоотлар баҳоси сўнгги йилларда анча пасайди. Биргина Trump Tower биносининг ўзи 41 млн. долларга арзонлашган. Иккинчи бинодаги ижарачилар ҳам шартномани узайтиришга шошилмаяпти. Уларнинг энг машҳури ва катта даромад келтираётгани Nike компаниясининг 6000 кв/м/ли дўкони эди. Аммо Nike интернет савдоси ўсиб бораётгани ортидан анъанавий дўконларни қисқартириш режасига кўра ижара шартномасини узайтирмасликка қарор қилган.

Бундай омиллар таъсир қилиб, президентга тегишли "The Trump Organization" компанияси баҳоси бир йил ичида 50 млн долларга арзонлашиб кетди. Вазият шу даражага бориб етдики, бу компанияга тегишли қатор бинолар, меҳмонхоналар пештоқидаги бир вақтлар мижозларни жалб қилишга хизмат қилган Tрамп номи ҳам суратлари олиб ташлана бошланди.

Шунга қарамай, президентга ҳамон яхшигина даромад келтираётган лойиҳалар талайгина. Tрамп берган ҳисоботларга кўра улар: кўчмас мулк ижараси (1,337 млрд доллар), голф клублар ва меҳмонхоналар ижараси (йилига 615 млн доллар), ўз номидан фойдаланиш, китоблардаги муаллифлик ҳуқуқлари (10 млн), узумзорлар (6 млн), қимматли қоғозлар (61 млн), самолётлар (58 млн), «Коинот гўзали» танлови (49 млн) кабилардир.

Гарчи бир вақтлар берган баёнотида 10 млрд долларга эга эканлиги ҳақиқатдан анча йироқлиги исботланган бўлсада, Доналд Tрамп ўша камайиб қолган 3,1 млрд доллар билан ҳам АҚШ тарихидаги энг бой президент бўлиб қолаверади.

💎 БИЗНЕС КЛУБ 💎