ТУФЛИ ТАНЛАШНИ БИЛАСИЗМИ?
Эркаклар туфлиси кучли жинс вакиллари кийим жавонидаги ўзига хос деталь саналади. Эркак кишининг оёқ кийимига қараб, унинг шахсий хусусиятлари ва мавқеи қандай эканини ҳам билиб олиш мумкин, дейишади. Шу сабаб, туфли танлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.
Тўғри, туфли модада доим ўзгарувчан, бироқ дидга кўра, бизда дўконлардан ўзимиз истаган услуб ва рангдаги оёқ кийимларини харид қилиш имконияти мавжуд.
Туфли танлашнинг ҳам ўзига хос нюанслари бор. Гарчанд бу дид масаласи билан боғлиқ бўлса-да, қоидаларни билиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас, назаримизда.
Масалан, паст бўйли кишиларга узунроқ пошнали, учи калта туфли модели маъқул. Баланд бўйлилар учун эса ўткир узун тумшуқли туфлилар мос келади. Бунда, албатта, мавсум масаласи ҳам инобатга олинади.
Келинг, янада кўркам кўриниш учун қандай туфли танлаш ҳақида гаплашамиз.
- Туфли ранги шимнинг рангидан ёрқин бўлмаслиги керак. Ёки унинг рангида ёки ундан хирарроқ бўлсин.
- Шимнинг тасмаси туфлига мосланади. Умуман олганда, икковининг ранги бир-биридан мутлақо фарқли бўлмаслиги лозим.
- Агар жинсига туфли танламоқчи бўлсангиз, бунда ҳам ўзига ҳос тартиблар бор ва буни эсда тутиш жоиз. 1. Агар жинси ёшларбоп бўлса, унга мокасина ва жуда жиддий бўлмаган туфли мос келади. 2. Йиртиқ ва тешикли жинсини классик услубдаги туфли билан кийиш тавсия қилинмайди. 3. Кейин жинси шим билан ялтироқ туфли кийманг. Мувофиқ эмас.
- Агар сизда тўқ кўк шим бўлса, у билан хоҳлаган тўқ рангли туфлиларни(қора, жигарранг) кийишингиз мумкин.
- Ҳар бир эркакнинг гардеробида қора классик услубдаги туфли бўлиши керак. Уни спортча услуб талаб қилинмайдиган исталган жойга кийиб бориш мумкин.
- Замш туфлининг бўлиши ҳам ўзингизга боғлиқ. Уни жинси ва кўйлак, шим ва кўйлак жуфтлиги билан кийса бўлади.
Туфли сотиб олишга чиққан чоғда, албатта, ҳамроҳнинг бўлгани яхши. У сизга жонли “кўзгу” бўлади. Қолаверса, бу ишга тушликдан сўнг киришинг. Негаки, унгача оёқ узаяди, ҳажми кенгаяди. Ўлчам танлашда адашмайсиз. Чунки эрталаб “уйқудан уйғонмаган оёқ”қа танланган туфли тушликдан кейин сиғмай қолиши аниқ. Дўконга кирганда эса ўз молини қай йўл билан бўлмасин ўткизмоқчи бўлган сотувчилар фикрига унчалар ҳам аҳамият бермаслик лозим. Сизга жигарранг туфли керакми, албатта, дўкондан шундай туфли билан чиқиб кетинг.
Туфли гардеробдаги мавжуд кийимларга мослаш керак. Агар ҳали сотиб олинмаган, режалаштирилган хаёлий костюмга мослаб сотиб олсангиз, у узоқ вақт кийим жавонида қолиб кетиши мумкин.
Шу ўринда эркаклар туфлиси бўйича машҳур брендлар ҳақида маълумот:
Gucci эркакларга думалоқ тумшуқли туфлиларни таклиф этади. Ҳоҳласангиз боғичли, хоҳласангиз боғичсиз, классик қора ва тим-қора вариантлардагини харид қилинг.
Louis Vuitton`дан эса табиий теридан ишланган, шерст ва мехли, метал товон ва тумшуқли туфлилар.
Минимализмни қадрловчилар Hermes`нинг серхашам маҳсулотларини синаб кўришлари мумкин.
Спорт услубини ёқтирасизми? Унда Lanvin маркали туфлилар дидингизга ёқиши мумкин.
Dsquared, Calvin Klein туфлилари билан ҳам ўзингизни бошқача ҳис қиласиз. Хуллас, бу ёғи ҳамённинг “қуввати”га қаралади. Аммо, барибир, ҳар бир эркакнинг кийим жавонида қиммат туфли, қиммат костюм-шим ва пижак бўлиши керак.
erkak.uz saytidan olindi