КОМПАНИЯ ЁКИ МАҲСУЛОТГА НОМ ҚАНДАЙ ТАНЛАНАДИ?
Фирмага ном танлаш фарзандга исм қўйишдек гап. Масъулият билан ёндашмаса бўлмайди. Чунки у корхонанинг юзи ҳисобланади, товар ва хизматларнинг харидоргирлигини оширишда хизмати катта. Айниқса, ҳозирда мамлакатимизда талай тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётганини инобатга оладиган бўлсак, бир-бирини такрорламайдиган номлар топиш анча қийинчилик туғдиришини англаш мушкул эмас.
Компания ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган илк маълумот бу албатта унинг номи. Агар у жарангдор, жозибадор бўлмаса, ҳеч кимнинг ёдида қолмайди. Баъзида фирманинг эгаси миясига келиб қолган илк сўздан фирма номини “ясаб юборгандек” тасаввур қолдиради. Айниқса, ЯТТлар ном танлашга кўп ҳам бош қотириб ўтиришмайди: “Абдурайим ҳожи бобо текстиль”, “Хўжа Анвар Карим ўғли” ва ҳоказо.
Аммо компания номини синчковлик билан ўйлайдиган ва ҳатто ишлаб чиқараётган маҳсулотига муносиб ном топиш учун ойлаб вақт сарфлайдиганлар ҳам бор. Йирик компаниялар бренд ёки маҳсулотга ном бериш учун кўпинча реклама компанияларига мурожаат этишади. Юртимизда рўйхатдан ўтган аксарият реклама компаниялари ҳам “нейминг” – ном танлаб бериш хизматини тақдим этишмоқда. Бизнинг маслаҳат эса ўзи мустақил равишда ном танлашга қарор қилганлар учун асқатади.
Асосий қоидалар
Аввало, шуни таъкидлаб ўтиш керакки,компания ёки унинг маҳсулотига ном танлашда аввало, “Давлат тили ҳақида”ги қонун меъёрларига амал қилиш зарур.
Президентнинг 2011 йил 12 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фирма номларининг электрон захира базаси яратилган. Фирмасига ном танлаган тадбиркорлик субъектлари танланган номнинг банд ёки банд эмаслигини осонгина аниқлаши мумкин. Қолаверса, тадбиркор ўз номини ўзгартирмоқчи бўлса, таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиб, янги ўзига маъқул номга эга бўлиши мумкин. “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунда келтирилишича, юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқ юзага келади. Ном эса ҳам тўлиқ, ҳам қисқартирилган шаклда бўлиши мумкин.
тадбиркорлик субъектининг ўз юридик номи бошқа бўлса-да, ишлаб чиқарилаётган маҳсулоти учун алоҳида ном – савдо белгиси танлаши мумкин. Бу “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонун билан назорат қилинади. Савдо белгиси эгаси товар белгиси ёнига “R” ёки ® кўринишидаги белгини қўллагани – бу бренднинг рўйхатдан ўтказилганини билдиради.
шунингдек, ўзида давлат герби, байроғи ва давлат мукофотлари суратини акс эттирувчи белгилар, давлатнинг расмий номи, халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотларнинг қисқартирилган ёки тўлиқ номлари, мамлакатимизда қўлланиладиган давлат хизматларининг фарқли ва тафовутли тасвирлари, бошқалардан фарқлаш қобилиятига эга бўлмаган белгилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди (“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси.).
бундан ташқари, “Ўзбекистон” “Уз” сўзларини компания номида қўллашнинг юридик жиҳатлари мавжуд. Бу Юридик шахсларнинг номига давлатнинг расмий номини, шунингдек ундан ҳосила сўзларни қўшиш тартиби тўғрисида йўриқнома билан тартибга солинади.
Нейминг тамойиллари
Компания ёки у ишлаб чиқарган маҳсулотга ном ташлаш ва уни баҳолашнинг синалган услуби мавжуд. У нейминг соҳасининг асосий тамойиллари ва қоидаларига асосланган, муваффақият қозона оладиган ва айнан сизнинг компаниянгиз ёки маҳсулотингизга ҳар томонлама мос бўлган номни танлашга ёрдам беради.
Сиз ишлаб чиқараётган маҳсулот турига компания номини мослаш ҳам ярамайди.Чунки вақт ўтиб, бошқа турдаги товарларни ҳам сотиш билан шуғулланишни истаб қолишингиз мумкин. Фаолият номга мос бўлиши учун эса кейин компания номини ўзгартириш учун уни қайта рўйхатдан ўтказишингизга тўғри келиши мумкин.
Ўзгалардан ажралиб турмоқчи бўлган баъзи тадбиркорлар қош қўяман деб кўз чиқаришади: мураккаб сўзлар ва тушунарсиз жумлалардан фойдаланишади. Тўғри, сиз танлаган ном ўзгачароқ жарангласа ва ёзилса, у ноёблик касб этади. Аммо бу истеъмолчиларингиз ёки мижозларингизнинг жиғига тегмасмикин?
Шунчаки чиройли бўлган сўзни топиш – етарли эмас. Ном фаолият турига ишора қилиши жоиз. Яхши ном – эшитганингдаёқ компания қандай соҳада фаолият юритиши ва қандай хизматларни тақдим этиши тўғрисида тасаввур ҳосил қиладиганидир.
Баҳолаш мезонлари
Тўғри ном танлашнинг асосан қуйидаги қоидалари мавжуд. Гарчи улар мажбурий ҳисобланмаса-да, маҳсулот номининг сифати ва кучини баҳолашнинг яхши мезонларидир.
Ноёблиги Ҳар қандай муваффақиятли ном ўзига яраша ноёб ва бетакрор бўлиши, бозорда ўхшашликларга эга бўлмаслиги даркор
Жозибадорлик Мақсадли аудиториянгизга сиз танлаган номнинг маъқуллик даражаси
Енгил талаффуз Мақсадли аудиториянгизга номни талаффуз этиш қийинчилик туғдирмаслиги
Тўғри талаффуз Мақсадли аудиториянгиз номни қандай талаффуз этишини синаб кўринг: талаффуз сиз кутганингиздекми (айниқса, ном мураккаб таркибли ёки хорижий тилда бўлса)?
Осон ёдда қолишлик Мақсадли аудиториянгиз номни ёдида сақлаб қолиши осонми, истеъмолчи бир неча дақиқадан кейин номни такрорлай оладими?
Ёрқинлик даражаси Рақобатчилар ва бозорнинг йирик иштирокчилари орасида сиз танлаган ном қанчалик ажралиб туради?
Бозорга монандлик Компания ёки маҳсулот номи бозор ёки маҳсулотлар тоифасига қанчалик мос келади?
Нарх категориясига мослик Компания ёки маҳсулот номи ўзи иштирок этиши режалаштирилаётган нарх сегментига қанчалик мос?
Тасаввур ва ўхшатиш Маҳсулотнинг номини эшитганда мақсадли аудиториянинг кўз ўнгида пайдо бўладиган образ ва тасаввур (камида 3 та)
Навбатдаги материалда янги маҳсулот ёки компания учун ном топиш услубияти билан таништирамиз. Жаҳонда йирик компаниялар томонидан қўлланиладиган мазкур услуб айнан Сизга энг мос бўлган номни топишда қўл келади.