February 11, 2019

БАЙРАМЛАРДА СОВҒАЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТИ

Таклиф қилмоқчи бўлган ушбу бизнес ғоямиз ҳам ўзгачалиги билан фарқ қилади. Яъни бу бизнес байрамларда совғалар етказиб беришдан иборат. Совғаларни уйларга, ишхоналарга, тайинланган жойларга, ҳуллас исталган буюртма қилинган жойларга етказиб бериш керак бўлади.

Маълумки, байрам пайтлари бозорлар, махсус дўконларда одамлар тиқилинч бўлиб кетади.

Бундай ҳолатларда истаган буюмни ё топиб бўлмайди, ё аллақачон тугаган, ё ранги мос эмас, ёки яна қандайдир кутилмаган ҳолатлар вужудга келади. Бундан ташқари топилган совғани чиройли қилиб ўратиш (упаковка) қилдириш керак. Камига, ҳар кимнинг ҳам байрам ёки тадбир олдидан ишлари қалашиб кетади, айниқса аёллар уйдаги пишир-куйдир ишларига ошиқадилар. Ўар қандай одамнинг сабри етмайдиган ушбу жараёнда сиз ёрдам қўлини чўзиш имкониятига эга бўласиз.

Айнан шундай муҳим пайтда сизнинг фирмангиз ёрдамга шай бўлади. Исталган кўринишдаги, исталган ранг ва ўлчамдаги чиройли ўралган совғалар мижоз истаса вақтидан олдин ҳам буюртма асосида унга етказиб берилади. Бундай фирма, айниқса катта байрамлар пайтида мижозларга бой бўлади. Янги йил, 14-январ, 8-март, 21-март, 1-октабр, янги йил каби байрамлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари туғилган кун ва юбилейлар, ишхонадаги тадбирларда ҳам совғалар доим талабгорларини топади.

Фирмангиз ҳақида кўпроқ одам эшитиши учун, газета, сайт ва телеканалларда эълонлар беришингиз мумкин. Бундан ташқари брошюра ёки варақа (флаер) лар таёрлатиб, супермаркетларга, одам гавжум жойдаги, марказдаги дўконларга тарқатинг, уларни ҳаридорларга чек билан бирга тақдим қилишга келишиб олинг.

Бундай бизнесни очиш учун катта маблағ талаб этилмайди. Кичик офис (ёки бошида ўз уйингизда) очасиз, бир неча ҳодим ёллайсиз, телефонга ўтириб ишни бошлайсиз. Йирик ташкилот ва фирмаларга қўнғироқ қилиб хизматингизни таклиф қиласиз (уларнинг рақамини маълумотнома ёки интернет саҳифалридан топишингиз ҳам мумкин). Айниқса катта байрамлар олдидан қўнғироқ қилсангиз кўп буюртмалар олишингиз мумкин. Фақат байрам пайтларида, мавсумий даромад эгаси эмас, доимий даромад эгаси бўлишингиз учун ҳонадонларга (туғилган кун, тўй-тадбирларда) совғалар етказиб беришдан ташқари кундалик рўзғорда ишлатиладиган нарсаларни ҳам етказиш билан шуғулланишингиз мумкин. Бунинг учун нархлар оқилона тарзда қўйилиши кераклигини эътиборга олинг.

Совғаларни ўзингиз аввалдан турли хил қилиб тайёрлаб мижозларга танлов сифатида тақдим қилишингиз ёки айнан буюртма орқали тайинланган исталган совғани тайёрлашингиз мумкин. Шунингдек автомашинангизга ҳам маҳсус байрамона безак бериш мумкин.

Иш бошлаган вақтингиз дарров катта даромад олишни кутманг, иш юришган сари, одамлар, ташкилотлар сиз ҳақингизда эшитишган сари мижозларингиз сони ортади.

💎 БИЗНЕС КЛУБ 💎