МАҚСАД ВА МЕҲНАТНИНГ ҚУДРАТИ.
Мен кейинги пайтларда буюк инсонларнинг буюк мақсадларига қойил қола бошладим. Ва эҳтимол, одамнинг ўзи эмас, балки мақсади yлуғ ва буюк бўлар, деб ўйлай бошладим. Чунки улуғланаётган шахсларнинг кўпчилиги қилган ишларни ўқиб, эшитиб, кўриб, ҳайратда қоласан киши.
Бир умр қулоғигача карзга ботиб яшаган Балзак мақсадига қатъий интилувчи одам эди. Адиб ҳаётига разм солган кишини аллақандай ички титроқ, ўзидан қониқмаслик ҳисси эгаллайди. Жаҳон адабиётининг энг кўзга кўринган вакилида ёзишга иштиёқ тўсатдан, ёши йигирмага етганда пайдо бўлган. Машҳурларнинг аксарияти ижод йўлини болаликдан танлашгани ва охиригача унга содиқ қолишганини эътиборга оладиган бўлсак, Балзакдан тайинли ёзувчи чиқмаслиги керак эди. Ахир йигирма ёшли йигитнинг тўсатдан қалам олиб, ёзишга тушиб кетиши бироз бевақт ва ишончсиздир. Бироқ Балзак шундай одам эди, бирор ишга қўл урдими, бутун борлиғи билан шўнғиб кетар, бошқа ҳеч нарсани тан олмасди. Шундан кейинги тўрт-беш йил давомида унинг романлар фабрикаси тинимсиз ишлади ва жазава билан турли тахаллусларда ўнлаб романлар битди. Буларнинг сариқ чақага ҳам арзимаслигини билгани учун бўлса керак, ўз исмини қўймади. Кейин бирдан ёзишни ташлаб, тижоратга ўтди. Китоблар чоп эттирди, нашриётга раҳбарлик қилди. Аммо ўта берилувчанлиги, жазава билан ишлаши туфайли бу соҳада ҳам бирор муваффақиятга эришолмади. Тижорат эса совуққонликни талаб қилади. Ниҳоят, ёши ўттизга яқинлашганда, у яна ижодга - ҳақиқий ижодга қайтди. Энди у аввалгидек кўзбўямачилик қилмасди. Эҳтимол, жазаваси фақат ижоддагина фойда келтиришини тушуниб етгандир. Балзак кунига ўртача олтмиш саҳифадан ёзарди. Бунинг устига ёзганларини тахрир ҳам қилиш... У асарларини ўн беш - ўн олти мартача тахрир қилар, биринчи тахриридаги асар охиргисига умуман ўхшамас, бошқача бўлиб кетарди. У тахрир мобайнида янги қахрамону воқеалар қўшар, сюжет ривожини ўзгартирарди. У узлуксиз тарзда, ҳафталаб хонасидан чиқмай ишларди.
Бироқ, шунчалик оғир меҳнат қилса-да, Балзак умрининг охирига қадар қулоғигача қарзга ботиб яшади. У дастлаб ёзувчиликни ташлаб тижоратга ўтганида 20 минг франк атрофида бўлган қарзи ёзувчи сифатида шуҳрат қозонганида 200 минг франкдан ошиб кетганди. У йигитлигидаёқ бадавлат бева аёлга уйланиб, қарзларини узишни орзу қиларди.
Мана шу қарзлар туфайли у тинимсиз ишлашга, ижод қилишга мажбур эди. Чунки у ҳали ёзилмаган асарларини ҳам сотиб қўяр, кейин эса қарзни узиш учун тунларни кунга улаб ишларди. Достоевский ҳам бир марта шундай қилганди: ёзилмаган китобини нашрга сотиб, уни тақдим этиш муддатини ҳамбелгилайди. Муддат тугашига бир ой қолгандагина ишга киришиб, асарни айтиб туриб ёздиради. Буюк рус ёзувчиси қайтиб бундай қалтис битим тузмади. Балзак эса бутун умри давомида шу тарзда ижод қилди.
Адиб ҳамиша ўзига қарз берган кишилардан қочиб юрар, имкон қадар қарзини қайтармаслик пайида бўларди. Ишончсиз, ёлғончи одам эди. Бойлик учун давлатманд бева аёлга уйланишни орзу қиларди. Бир сўз билан айтганда, унинг ахлоқи намунали эмасди. Шунга қарамай, одамлар унга ишонар, ҳурмат қилишарди. Ахир у, ахлоқий қиёфасидан қатъий назар, меҳнатдан қочмасди: тинимсиз ишлар, янги марраларга интиларди.
Булар кишини бир хулосага олиб келади: инсон ўзлигини танитадиган, жамиятдаги ўрнини белгилаб берадиган нарса - меҳнат ва мақсад. Қолган барча нарса иккинчи даражалидир ...
Ҳозир кўпгина ақлли, иқтидорли ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини тополмай юрганини учратиш мумкин. Нега?
Лоқайдлик ва беэътиборлик - мана уларга ҳос хусусият. Уларга етишмайдиган нарса - аниқ мақсад ва қатъий ҳаракат. «Сендан угина, мендан бугина» мақолини нотўғри тушуниш уларни лоқайд қилиб қуйган.
Албатта, уларда умуман мақсад йўқ, деб бўлмайди. Улар пул, машина, обрў каби нималарнидир орзу қилишади. Бироқ пул мақсад эмас-ку, у восита, холос. Бу бирор манзилни кўзлаб эмас, шунчаки сайр қилиш учун машинага минишдай гап. Одам йўлга чиқиб, ҳеч қаерга бормай, сарсонликда ўтиб кетиши ҳам мумкин. Кўпчилик шундай йўл тутади ва ҳаётдан беиз кетганлар ортидан нимадир қолдирганлардан юз чандон кўпроқдир.
Интилаётган манзили аниқбўлганлар эса озчиликни ташкил қилади.
Хўш, катта ҳаётда ўз йўли ва ўрнини топа олиш учун нима қилиш керак?
Бизда кўпчилик бу саволга бир хил жавоб беради: сиз-биз, жиз-биз ... Бу ёшларнинг ҳам онгига ўрнашиб қолган ва бу уларни ҳаракатсизлик, лоқайдликка олиб келади. Улар киши ҳаётда бирор нарсага зришиш учун бадавлат ота-онаси, таниш-билиши бўлиши шарт, деб ҳисоблашади.
Халқимизнинг «сендан угина, мендан бугина» — деган мақоли бор. Бу кишининг кўнглида турган-битгани порахўрликни тарғиб этувчи мақолдай, шундай нафси ўпқонларнинг асосий шиоридай бўлиб туюлади.
Сендан ҳаракат, мендан баракат, дейилади яна бир мақолда.
Буларнинг барчаси одамларда ишончсизлик, иккиланиш туйғуларини уйғотади. Биз «ҳаракат» деганда ҳам, «угина» де-ганда ҳам бир нарсани — пул, совға-саломни тушунамиз. Эҳтимол, баъзи ўринларда шундай ҳамдир, аммо ҳаёт биз ўйлаганчалик жўн бўлмаса керак.
Албатта, буларнинг ҳам ўз ўрни бор. Бироқ ҳаёт деганлари фақат пул ва таниш-билишга қараб қолган, шуларнинггина измида юрадиган оралиқ, эмасда. Акс ҳолда, яшаш адолатсизликдангина иборат бўлар эди.
Ҳаётда ҳамма нарса, аксар ёшлар ва ҳатто ёши улуғларнинг ҳаёлига ўрнашиб қолган каби фақат пул ва таниш-билишчилик билан ҳал бўлиб кетавермайди. Булар барча масалаларнинг ҳам ечими бўлавермайди. Ҳаётда одамларнинг аҳамияти, ўрни ва даражасини бошқа нарса, масалан, мақсад белгилайди.
Бир қараганда бу хомхаёлдай туюлса-да, бор гап.
Балзакнинг жахоннинг олд ёзувчиси бўлишдек мақсади ва тинимсиз меҳнати бўлмаганда, тижорат борасидаги бу ношудлиги билан дунёдан ҳеч кимлигича ўтиб кетган бўларди.
Тарихга қаранг, бир нарсага амин бўласиз - пул ва таниш-билиш ҳеч қачон улкан ишларни ҳал қилмаган. Улар майда ишларнигина ечишга қодир, холос. Буюк вазифаларни мақсад ва унга интилиш бажарган. Ҳатто, Искандар ҳам катта ютуқларга шоҳ, отасининг пули, давлати орқали эмас, ўз мақсади, унга қатъий интилиши билан эришган. Ахир Филипп шаҳарларни эгаллаб юрган пайтда ёш Искандар ундан:
- Отам шу тарзда ғалаба қилаверса, менга жанг билан олиш учун бирорта давлат қолмайдиганга ўхшайди, - дея ранжиганди.
Буни айтган чоғида у ҳали ёш эди. Бу унинг шу вақтданоқ аниқ, мақсади борлиги, амалга ошириш йўлида ҳеч нарсадан, тап тортмаслигини билдиради.
Чингизхон, Темур, Наполеонлар тарихига назар солсак, мақсад уларни ҳокимият тепасига олиб келганлигига гувоҳ бўламиз. Ахир уларда отамерос мол-дунё, эл-улус раҳбарлиги йўқ эди. Агар пул ва таниш-билишчиликка ишониб ўтираверишганда, муғуллар Хитой таъсирида, биз эса муғуллар қўлида қолиб кетган бўлардик.
Масаланинг эзгу ва ёвуз жиҳатларига эътибор қилмаган ҳолда яна бир мисол келтириш лозим: Гитлернинг на пули ва на ота-онаси бор эди (13 ёшида етим колган). Ёш бола кун кўриш учун Венага бориб, ҳар хил ишларни қилиб юрди, минг хил азобларни тортди. Бироқ, унинг, ёмон бўлса-да, ўз мақсади ва унга эришиш учун қатьияти бор эди. Ўқиди, ўрганди, мақсади йўлида муттасил ҳаракат қилди. Оқибатда бу етим бола -биринчи жаҳон урушининг ефрейтори бутун миллатни ўз ортидан эргаштирди ва инсониятни иккинчи жаҳон уруши комига тортди.
Мана мақсад ва қатъийлик нималарга қодир. Орадан йиллар ўтиб, замондошларимиз мақсад кучига унча ишонмай қўйишди. Бутунлай умидсиз ҳам яшаб бўлмаганлиги учун одамлар уларнинг фақат Америкадагина (АҚШда) рўёбга -чиқишига ишонишади. Уни «орзулар мамлакати» дея аташади. Орадан икки юз йил ўтиб, бизнинг ўлка ҳам ҳудди шундай имкониятлар мамлакатига айланади, деб ўйлашади. Бу - янглиш фикр. Европада Америкаданда қадимийроқ давлатлар мавжуд, бироқ, уларда аҳвол бундай эмас. Чунки уларнинг ўз тарихи ўтмиши бор. У ерда ҳеч ким ҳеч қачон ҳаётини йуқдан бошламаган.
Бир пайтлар Жиззахнинг чўл туманида бир йил яшагандим. У жой ахолисининг менталитети мени ҳайратга солганди. Улар ҳеч кимни бегона қилмас, бугун келган киши билан эртасига минг йиллик танишлардай гаплашиб кетаверишар, бегонасираш, чиқиштирмаслик ва менсимаслик йўқ эди. Ахлоқий қоидалар ҳам туб жой аҳолиси мавжуд жойлардагидек қаттиқ эмасди. Чўл туманлари ғайрат-шижоатли ёшлар яшашига жуда қулай ва у ерда яшовчиларнинг америкаликлар билан ўхшаш томонлари бор эди. Бундай жойда бирор мақсадни рўёбга чиқариш осонроқ, кечади. Чунки ҳеч ким сени бегона демайди, авлод-аждодинг ким, қаерданлигинг билан қизиқмайди, улар учун ўзинг, қўлингдан нима келиши муҳим.
Демак, шароит ҳам мақсадни амалга оширишга таъсир қилар экан-да ?!
Гап шундаки, шароит кишини илхомлантиради, ниятини амалга ошириш учун қўшимча куч бағишлайди. Энди у туғилиб ўсган жойидаги каби сўлжайиб юрмайди, ҳаракат қилади. Эсингизда бўлса, «Шум бола» фильмида қўйини йуқотиб қўйган Омон Қоравойга: «Мен қишлоққа сўппайиб кириб боришга ор қиламан»,- дейди. Ҳудди шу қараш, истабми-истамайми, барча мусофирлар шиорига айланади.
Демак, гап шароитда эмас, балки инсоннинг ўзида, унинг барча ички имкониятларини ишга солишида...
Балзак омадсиз одам эди. Нимага қўл урмасин, барчаси аксига оларди: ноширлик қилиб, китоб чоп эттирганда, уларни ҳеч ким олмай, охирида «қоқи баҳоси»да сотишга мажбур бўлади; босмахона очиб, синади; савдога кўлуриб, бир умрлик қарзга ботади; орзу қилган депутатлиги учун ўрин очтиришга муваффақ бўлади-ю мулкий ценздан утолмайди; ҳатто ўша замон қонунларига кўра айбсиз бўлган одамни судда ҳимоя қилмоқчи бўлганида, судланувчини ўлимга ҳукм қиладилар. Шеърий йўлда битган асари муваффақиятсиз чиқади, катта даромад илинжида ёзган драммалари инқирозга учрайди.
Агар мақсад ва иродаси бўлмаганида, шу омадсизлигича хароб аҳволда яшаб, ном-нишонсиз ўтиб кетган бўларди. Балзакни мақсади ушлаб колди.
Кўпчилик орзуни ҳам мақсад деб ўйлайди. Аслида бундай эмас. Эришишга ҳаракат қилинмаган, интилмаган мақсад хом - ҳаёл холос. Хом ҳаёл эса ҳаммада бор. Хом-ҳаёллар доим ўз омадсизлигида кимларнидир айблаб юришади.
Балзак Парижнинг олд ноширлари, журналистлари билан тескари бўлиб қолади. Унинг устига тинимсиз мағзава ағдариш бошланади. Ёзувчининг ахлоқи унча ўрнак қилса арзигулик эмаслиги назарда тутилса, буларни мағзава демаслик ҳам мумкин. Бироқ, ёзувчи ҳам, ёлғиз, узилмаган қарзлари билан барча яқинларини бездириб қўйган бўлса-да, анойи эмасди. Душманлари ҳам, уни қанчалар ёмон кўришмасин, иқтидорига тан беришга мажбур эди.
Аслида ҳеч бир инсон бошқанинг ҳаётига хўжайинлик қилолмайди. Ҳаётда ҳамма ҳам бир хил даражага эга ва ҳеч кимга имтиёз берилмаган. Фақат бировга мақсад берилган, бировга йуқ. Пул ва таниш-билишлар ҳам ўз мақсади борларгагина хизмат қилади. Инсоннинг интилиши бўлмаса буларнинг ҳам сариқ, чақалик фойдаси тегмайди. Одамлар ўз нияти йўлида ҳаракат қилганларга барибир ёрдам берадилар қуллаб-қувватлайдилар. Бундан ташқари киши ўзи хақида қандай фикрда бўлса, қолганлар ҳам буни ўзгаришсиз қабул қилади. Чунки аксарият оломон фикрлашни ёқтирмайди.
Арастунинг машҳурлиги, буюклиги нафақат унинг ақллилигида (унинг замонида ундан-да ақлли, доно кишилар кўп эди), балки ўзи ҳақида мана шундай фикрда бўлишида. Ўқувчи бу фикрга қарши Суқотни келтириши мумкин - хокисор инсон эди, лекин буюк. Унинг асосий ҳаётий шиори-чи: «Мен ҳечнарса билмаслигимни биламан».
Бу нотўғри фикр - Суқрот ҳеч қачон хокисор бўлмаган. Унинг ҳаётий шиори ҳам сал 6ошқачароқ маъно касб этади: «Мен ҳеч нарса билмаслигимни биламан, бошқалар эса шуни ҳам билмайди». У ўзини одамлардан бир поғона устун қўярди. Инсоният ҳам уни мана шу ҳолича қабул қилган.
Хақиқий камтар одам Эпикур эди. Унинг шиори «камтар яша» эди, шунинг учун ҳам у инсоният орасида унчалар машҳур эмас.
Балзак ҳам «Европанинг энг олд ёзувчиси» бўлишига қаттиқ ишонарди. Шунга ҳаракат қиларди. Инсоннинг ўзидан ташқарида хеч нарса йўқ дейишганлари, эҳтимол, тўғридир.
Кейинги пайтларда ёшлар орасидаги мақсадсизлик билан кўп тўқнаш келмоқдамиз. Эркин жамият деймиз, бунинг ҳам ўзига яраша оғир томонлари бор. Ўртамиёналик белгилаб қўйилган жамиятда мақсадсиз ҳам яшайвериш мумкин. Унда фикрлаш, хулоса ва ҳаракат қилиш имтиёзи фақат давлат зиммасига юклатилган бўлади. Эркин жамиятда эса бунақа эмас. Давлат қанчалар кучли ижтимоий сиёсат юргазмасин, барибир фуқаронинг кўпгина ҳаракатларига, ишларига аралашавермайди. Қўпол бўлишига қарамай, бир мисол келтириш лозим: зоопаркдаги шерлар ҳеч қачон очдан ўлмайди. Қўриқхонадаги шерларда эса бундай ҳавф бор. Мутлақо озодликда юрганларига эса ҳар қадамда ҳавф мавжуд.
Эркин жамиятда мақсад ва ҳаракат ҳаёт-мамот масаласи эканлигани бир кун келиб, барибир тушуниб етамиз.
«Миллионларни излаган кишилар жуда кам холлардагина уларни топади, уни изламаганлар эса ҳеч қачон топишмайди». Балзакнинг ҳаётий шиори шундай эди. Бу нафақат пул топишга, балки ижодга ҳам тааллуқлидир. Айнан шунинг учун ҳам у суткада 16 соатлаб ижод қиларди. У ижодни касбга айлантирганди. У ҳудди темирчи, ёки косиб каби меҳнат қиларди ва буни табиий хол ҳисобларди.
Меҳнат ва мақсад сари қатъий интилиш - мана Балзакни инсониятнинг машҳур кишиларидан бири бўлишига сабабчи ҳолатлар. Бу ерда иқдидор, талант ҳақида гапириш бироз ўнғайсиз. Имоним комилки, агар ўшандай меҳнат қиладиган бўлса, ҳар қандай киши ҳам мана шундай шухратга эга бўлар эди. Бу ерда иқтидор фақат бир нарсада - ниятда, ишлашга, меҳнатга тоқат қилишда, қатъийликда, холос. Бу ҳолат ушбу ёэувчининг шухратига, қилган ишларига соя ташламайди.
Ҳаётда кўзланган мақсадга етишмаган тақдирда ҳам, бундан кишининг афсус қилиши шарт эмас. Ахир инсондан бу ҳаётда қилинган ишлар ва армонгина колади.
Ушбу қораламаларни ўқий туриб, ўқувчининг кўнглида бир фикр албатта уйғонади: муаллиф мақсаднинг аҳамияти шунчалар юқорилигини ва у кўп нарсага қодир эканлигини билар экан, нега унда унинг ўзи шу пайтга қадар улкан ютуқларга эришгани йўқ?
Ахир муаллифга ёшлигида ҳеч ким фақат буюк инсонларгина мақсад учун қатъий ҳаракат қилишини, аслида буюкликнинг, иқтидорнинг ўзи ниятни амалга ошириш учун курашдангина иборат эканлигини айтамаганда. Шунинг учун ҳам у лаллайиб юраверган.
Дарвоқе, яна бир гап. Балзак бадавлат бева аёлга уйланиш туғрисидаги ниятини ҳам амалга оширди. Бунинг учун Украиналик бир бадавлат хонимни топиб, эри ўлишини кутди, сўнг жувоннинг қизи турмушга чиқгунча сабр қилишга туғри келди. Бироқ, икки ўртада умр ҳам ўтиб кетган эди. Лекин бу ниятини-да амалга оширмаганда Балзак Балзак бўлмасди - у хаётининг сўнгги кунларида ушбу бева хонимга уйланди.
Аслини сўрасангиз, инсонга умр узоқ, ҳам, қисқа ҳам эмас, балки кўзланган мақсадни амалга ошириш учун етадиган даражада белгилаб, ўлчаб берилади, чамаси.
Бизнес клубга аъзо бўлинг!
https://t.me/on_business
https://t.me/joinchat/AAAAAEJ9gD_kTW5F1wNOsA