July 13

ЭЗГУЛИК ВА САМИМИЯТ КУЙЧИСИ

Қурбон Эгамбердиевнинг барҳаёт сиймоси ҳамиша қалбларимизда.

...Қалби кенг устозлар мендан кўмакларини аяшмади, улардан нафақат журналистика соҳасида, балки одамийликдан ҳам дарс олдим. Биласизми, мени дастлаб ишга тайинлашганда "сендан бошқа одам қуриб кетибди-да" деганларнинг ноҳақ таъналари ва "нафақага чиққунга қадар ишлайсиз-да" деган нописанда сўзларига фаришталар ҳақгўйлик билан "омин" дейишгани Аллоҳга етиб бордими билмадим, соҳада роппа-роса 45 йил ишладим, 37 йил давомида вилоят телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилдим. Мақтанишга йўймангу, шу йилларда Қашқадарё телерадиоси асоси ҳамда мактаби яратилди. Республикада биринчи бўлиб "Радио уйи" бизнинг вилоятда қурилди.

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ

Китобларда инсон умрини оқиб ўтган дарёга ўхшатишади. Аммо шундай инсонлар бўладики, уларнинг ортидан қолган хайрли амаллари, ёзган асарлари ва қалб қўри сингари маънавий мерослари йиллар ўтса-да, яшашда давом этади. Ўзбекистон журналистикаси ва адабиётида ўзига хос мактаб яратган, самимий ва фидойи ижодкор — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист, носир ва публицист марҳум Қурбон Эгамбердиев ана шундай ҳаёт йўлини босиб ўтган сиймолардан эди. Устоз нафақат ўткир қалам соҳиби, балки юксак инсоний фазилатлар, чексиз меҳр ва донолик тимсоли бўлиб биз шогирдлар ва китобхонлар хотирасида муҳрланиб қолди.

Қашқадарё матбуоти ва радиосининг оташин овози Қурбон Эгамбердиевнинг сермазмун фаолияти бевосита Қашқадарё воҳаси матбуоти ва радиоси билан чамбарчас боғлиқ. У узоқ йиллар давомида вилоят радиосига раҳбарлик қилиб, ҳудудда радиожурналистиканинг ривожланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг раҳбарлиги остида тайёрланган эшиттиришларда оддий одамларнинг дарду қувончи, воҳа ҳаётининг энг муҳим воқеалари акс этарди.

Қурбон Эгамбердиев ҳар бир ёзган мақоласида ўткир публицист сифатида жамиятдаги ижтимоий муаммоларга бефарқ қараб тура олмасди. Айниқса, юрт тинчлиги ва қонун устуворлиги йўлида кеча-ю кундуз хизмат қиладиган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг машаққатли фаолиятини ёритишда устоз ўзига хос маҳорат кўрсатди. Унинг таҳлилий мақолалари ўзининг холислиги ва таъсирчанлиги билан ўқувчилар эътиборини қозонган эди.

Қалбга дармон бўлган ҳар бир асари — бир хазина. Қурбон Эгамбердиев адабиёт майдонида ҳам салмоқли ижод қилди. У ҳаётий воқеаларга асосланган, китобхонни мулоҳаза қилишга ундовчи асарлар ёзди. Унинг қаламидан тўкилган ҳар бир сатрда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, садоқат ва маънавий поклик тараннум этилди. Адибнинг “Меҳр ва Қаҳр”, “Умрим мазмуни”, «Диёнат ва хиёнат» (2008) ҳамда «Армон ва дармон» каби китоблари кенг китобхонлар оммасининг энг севимли асарларига айланди. Бу асарларда инсон руҳиятининг чуқур таҳлили, ҳаёт сўқмоқларидаги синовлар ва иймон-эътиқод масалалари шу қадар самимий тасвирланганки, уларни ўқиган ҳар бир инсон ўзи учун маънавий озуқа олади.

Қурбон аканинг энг гўзал фазилатларидан бири — унинг бағрикенглиги ва ёш ижодкорларга бўлган чексиз ҳурмати эди. Устоз ҳақиқий маънода шогирдпарвар инсон эди. Кўп ҳолларда тажрибали ижодкорлар орасида учраб турадиган касбий рашк ёки рақобат ҳисси у зотга мутлақо бегона эди. У ижод майдонини ҳеч кимдан қизғанмас, аксинча, ёш қаламкашларнинг илк машқларини қўллаб-қувватлаб, уларга йўл кўрсатишдан чарчамасди.

"Ижод майдони барчага етади, муҳими ҳалоллик ва меҳнат", деган тамойилга амал қилган устоз ўнлаб шогирдларни тарбиялаб, катта журналистика ва адабиёт оламига етаклади. Бугун унинг мактабини кўрган шогирдлари матбуотнинг турли соҳаларида устоз номини шараф билан ёд этиб келмоқдалар.

Оиланинг меҳрибон устуни ва самимий инсон Қурбон Эгамбердиев ишда қатъий ва талабчан раҳбар, ўткир ижодкор бўлиши билан бирга, оилада ниҳоятда меҳрибон, ғамхўр ота ва суюкли бобо эди. У ўз фарзандлари ва набираларининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратди, уларга ҳалоллик, оқиллик ва олижанобликдан дарс берди. Унинг хонадонида ҳамиша меҳр-оқибат ва самимият муҳити ҳукмрон бўлган.

Устоз Қурбон Эгамбердиевни яқиндан таниганлар жудаям меҳридарё, олижаноб ва ҳар бир сўзи ҳикматга тўла оқил инсон сифатида эслашади. Унинг суҳбатини олган киши ўзида қандайдир руҳий енгиллик ва маънавий куч ҳис қиларди. Ижодкорнинг эл-юрт фаровонлиги, ўзбек матбуоти ва адабиёти ривожи йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. «Меҳнат шуҳрати» ордени каби нуфузли мукофотлар билан тақдирланган Қурбон Эгамбердиев бугун орамизда йўқ бўлса-да, у ёзган китоблар, у асос солган ижодий мактаб ва у тарбиялаган шогирдлар асло сўнмас меросдир. У ўзидан яхши ном, унутилмас асарлар ва меҳрга тўла хотиралар қолдирди. Умрини эзгуликка ва адолатга бахш этган Устоз Қурбон Эгамбердиевнинг сиймоси ўзбек халқи ва воҳа аҳли қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.

Лочин ЭЛМУҲАММАД,
“Хазина”нинг махсус мухбири

БАРҲАЁТ ҚАЛАМ

Марҳум журналист ва адиб Қурбон Эгамбердиевни хотирлаб

Устоз, нима учун дунёга келдик,
Не учун талашиб яшаймиз амал?
Ўткинчи дунё деб югурдик, елдик,
Қишда қолиб кетдик... келса ҳам ҳамал...

Ҳали уйғонмадик... ширин тушдамиз,
Бизлар тирик – ўлик ё ҳуд ё беҳуд.
Ёнамиз, куямиз, йўлда, ишдамиз,
Бизни ютиб борар йиллар – беҳудуд...

Кўнгил кўзгусидан боқмайин қўйдик,
Ташвишлар лойига ботиб қолдик жўн.
Нимага қониқмай, нимага тўйдик?
Ким биздан норози, ким эса мамнун?

Умр газетадек сарғайиб борар,
Журналист қалбидек қайнайди олам.
Ким тошни, ким эса бошларни ёрар,
Ёппасига ҳамма – интернетодам!

Синади ёлғонлар, сохталар бир кун
Ҳақиқат келганда тўхтаб қолурлар.
Дунёга бўлмагай одамзод устун...
Қаламлар  барҳаёт синмас, ёзурлар!
 
Меҳрибон, очиқкўнгил, шогирдларининг энг яқин маслакдоши, сирдоши бўлган устоз Қурбон Эгамбердиев бугун орамизда йўқ. Лекин у кишининг нурли сиймоси, ҳамиша кулиб турувчи самимий чеҳраси ҳеч қачон кўз олдимиздан кетмайди. Илоҳим, руҳларингиз шод бўлсин, Устоз!

Лочин ЭЛМУҲАММАД
27 июнь 2024 йил