Писта кўчатини етиштириш бизнеси
Писта кўчатини юртимизда жуда кўп инсонлар қидириб сарсон бўлишади. Айрим жойларда қимматига йўл кира қилиб сотиб олиб келишади. Мен бугун ушбу мақоламда уй шароитида бир неча мингта (сони Сизнинг ажратилган майдонига боғлиқ) кўчатни 1 йилда етиштириб сотиш ёки боғ яратиш сирини ошкор қиламан.
Аввалом бор қиш кунларига (Декабр..январ) иссиқхона ёки уйингизни бирон бир илиқ хонасини мулжаллаб, 1 йиллик (кузда янги терилган бўлмасин) сақланган яхши навли писта сотиб олинади. Целофандан қопчалар, яъни контейнерлар тайёрлаб қўйилади. Контейнерлар селофан материалдан 5х25 см ҳажмда тайёрланади. Ҳаво алмашиниб туриши учун селофан қопчаларнинг қуйи қисмида майда тешикчалар ҳосил қилинади. Селофан қопчалар тупроқ, қум ва гўнг аралашмаси билан тўлдирилади ва 2–3 см чуқурликда биттадан уруғ экилади. Ўстириб олинган ниҳоллар март-апрель ойларида доимий жойга ўтқазилади. Ниҳолларни экиш вақтида селофан қопча ўткир пичоқча ёки бошқа асбоб билан кесилади ва илдиз атрофи тупроғи бузилмасдан экилади. Уни имкон қадар тупроқ кўп сувламасдан дренаж яхши бўлишини таъминлаш керак (балчиқ бўлиб кетмаслиги керак), гуёки томчилангандек суғориб турилади. Писта ниҳоллари март..апрель ойларида бир қаричдан баланд бўлиб, ўниб чиқади. Кўчатчилар шундай кўринишда сотишади, бироқ уни пайвандласа сер ҳосилли бўлади.
Унинг учун писта дарахти қаламчаларидан топиб, тайёрлаб туриш керак. Қаламчалар 10 кунгача намликда сақлаш мумкин. Пайванд қилинади (июнь..июль ойларида эрта саҳарда ёки кечаси). Бири улаш ишини бажаради, иккинчиси уланган куртакларни боғлайди, куртакли пўстлоқни устки қисми билан уланадиган куртакнинг тепа қисмидаги оралиқ 1 мм бўлиши керак. Уланган куртак плёнка билан боғланади. Бунда барча кесилган қисм плёнка билан ёпилади, куртак эса очиқ ҳолда қолдирилади. Полиэтиленли плёнканинг узунлиги 30–35, эни 1–1,5 см бўлиши керак. Куртак уланувчи билан 15–20 кундан сўнг бирлашиб кетади. Шу вақтга келиб ленталар ечилади. Тутиб кетган куртаклар саноқдан ўтказилади ва кейинги эрта баҳорда Сизга тайёр кўчат булади.
Агар боғ қилиш истаги бўлса, 6 х 6 оралиқда экилади. Уруғдан экилган кундан бошлаб 7..8 йилларда ҳосилга кира бошлайди.
Хурматли Томорқам телеграм канали обуначилари, агар ушбу мақолам бўйича тушунмаган жойларингиз бўлса, ўз фикрларингизни пастки қисмда (комментарияда) қолдиринг. Яхши даромад топинг, топганингизга оллоҳим барака берсин.