June 4, 2021

Фермерлар қишлоқ хўжалиги ривожининг драйвери

Фермер хўжаликлари фаолиятида маъмурий буйруқбозликнинг ҳамон сақлаб қолинганлиги, айрим мансабдор шахсларнинг фермерлар ишига аралашуви оқибатида уларнинг чинакам қишлоқ хўжалиги ривожининг “драйвер”ларига айланишига тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, шартномалар тузишда, ҳомийлик ишларига мажбурлаш, пул маблағларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Фермер хўжаликлари фаолиятида учраётган юқоридаги ками муаммоларни ечимини топиш, фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 24 майдаги "Фермерга мадад" ҳуқуқий акциясини ўтказиш тўғрисида"ги буйруғи қабул қилинди.

Фермерларни қийнаётган муаммоларни таҳлил қилиш, уларга тегишли қонунчиликни қўллаш амалиётини ўрганиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш акциянинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Акция жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида соҳа мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча ҳудудларида ўтказилади.

Акция доирасида фермерлар мурожаатларини анъанавий шаклда қабул қилиш билан бирга 1008 – ишонч телефони ҳамда "telegram" ижтимоий тармоғидаги @fermermadadbot махсус телеграм-боти орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй қабул қилинади.

Шунингдек, фермер хўжаликлари ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлар, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловдан ўтказилади, хорижий тажриба ва миллий амалиёт ўрганилиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Акция доирасида ҳудудий адлия органлари томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилиши назарда тутилган:

  • фермер хўжалиги раҳбарлари ва ходимларидан келиб тушадиган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли таъсир чораларини кўриш;
  • ҳудуддаги ҳар бир қишлоқ хўжалиги массивлари ҳудудида йил якунига қадар камида бир маротаба учрашувлар ўтказиш;
  • туман (шаҳар) адлия бўлимдари тўмонидан фермерлар билан учрашувлар, сайёр ва уйма-уй қабуллар, шунингдек тарғибот тадбирларини амалга ошириш;
  • тегишли ташкилотлардан соҳага оид статистик маълумотларни олиш ва ушбу маълумотларни солиштириш йўли билан таҳлил қилиш;
  • акция доирасида фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказиш;
  • фермер хўжаликларига ер участкаси ажратиш, ундан фойдаланиш ва ерга бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, хўжалик ишлаб чиқариш, меҳнат ва шартномавий муносабатларда қонунчиликка риоя этилиши, моддий ресурслар ва хизматлардан кенг фойдаланиш имконияти мавжудлиги, давлат органлари билан муносабати, кооперацияга бирлашиш ва агрокластерлар билан муносабатлари, фермерларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таклифлар киритиш.