August 22, 2020

Комиссиянинг қароридан норози бўлган фуқаролар ҳақ деб топилдилар

Ғиждувон тумани Халқобод МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Н.М. ҳамда Ғиждувон тумани Ғавшун МФЙда яшовчи фуқаро А.А.лар туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ғиждувон туман бўлимига имтиёзли ёшга доир пенсия тайинлаш юзасидан қилган мурожаатлари пенсия тайинлаш комиссиясининг қарорлари билан рад қилинганлигидан норози бўлиб амалий ёрдам беришни сўраганлар.

Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганилиб, аниқланишича, фуқаро Н.М.нинг умумий иш стажи 25 йил 6 ой 29 кун бўлиб, шундан имтиёзли даври 10.03.2007 йилдан 10.03.2020 йилгача жами 13 йил “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖда 4-даражали пармаловчи (бурғуловчи) ёрдамчи вазифасида, фуқаро А.А.нинг умумий иш стажи 34 йил 4 ой бўлиб, шундан имтиёзли даври 29.06.2004 йилдан 06.10.2008 йилгача ва 23.03.2011 йилдан
04.09.2019 йилгача жами 12 йил 8 ой 20 кун “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖда
4-даражали пармаловчи (бурғуловчи) ёрдамчи вазифасида расман ишлаганликлари, бироқ уларнинг ишлаган даврлари пенсия жамғармасининг туман бўлими томонидан меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходим сифатида қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаш рад этилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасида б)-бандида, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (3-сонли рўйхат, I қисм) эркаклар — иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган «Талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-рўйхати»нинг 1-қисми, ХIII-боб, 2-кичик банди, 11292-сонли кодли рўйхатда қудуқларни капитал таъмирлаш пармаловчи (бурғуловчи) лари қайд этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2011 йил 25 январдаги 2-Қ, 5-сонли қарори билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 12 мартда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 2337) “Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 6-бандида, имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига Рўйхатларда, 1-сон Рўйхатнинг «Учувчи ва синовчи учувчи таркибнинг ишчилари» III-қисм ва «Спортчилар» VII-қисм ҳамда 3-сон Рўйхатнинг «Ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим бериш муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбиявий колониялар ўқитувчилари» VII-қисм ва «Ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари» VIII-қисмлар бундан мустасно, кўзда тутилган ишларни бажаришда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ишчилари эгалиги, мазкур Йўриқноманинг 7-бандида, тўлиқ иш куни давомида бандлик деганда Рўйхатларда кўзда тутилган ишларни тегишли ишлаб чиқариш тармоқларида, иш вақти аттестациясига мос келувчи шартларда, қонунчилик билан белгиланган иш вақтининг камида 80% билан банд бўлиш тушунилиши, бунда, ўз меҳнат вазифаларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида тайёрлаш, ёрдамчи, жорий таъмирлаш ишларини бажариш, шунингдек ўз иш жойидан ташқарида бўлган ишларни бажариш, ишчини имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги, мазкур Йўриқноманинг 14-бандида, 3-сон Рўйхатнинг I-қисмида ишчилар касби умумий номланиш асосида киритилган ҳолатларда, имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқига ушбу касбларнинг мазкур ишлаб чиқаришда ва ишларда банд бўлган барча номланишидаги ишчилари эга бўлиши, шу жумладан бош ва катта ишчилар ҳамда уларнинг ёрдамчилари ҳам фойдаланишлари қайд этилган.

Шунга кўра, Ғиждувон туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан Ғиждувон туман маъмурий судига шикоят киритилиб, суднинг 06.08.2020 йилдаги ҳал қилув қарорларига асосан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ғиждувон туман бўлими пенсия тайинлаш комиссиясининг фуқаро Н.М.га нисбатан чиқарилган 29.05.2020 йилдаги ҳамда фуқаро А.А.га нисбатан чиқарилган 13.05.2020 йилдаги рад этиш ҳақидаги қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди ва мазкур ташкилотга фуқароларнинг ишлаган даврлари меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходим сифатида умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия тайинлаш мажбуриятлари юклатилди.

МЕҲРИДДИН ЖЎРАЕВ, Ғиждувон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси