Мактабгача таълим соҳаси ривожланиш йўлида
Мамлакатимизда “Таълим-тарбия гўдакликдан бошланади” деган ҳикматли сўзга амал қилинган ҳолда келажак авлоднинг билим олиш даражасини янада ошириш мақсадида таълим тизимининг энг қуйи босқичи бўлмиш мактабгача таълим тизими янада ривожлантирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 декабрдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунига асосан ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилиб, муҳим ҳаётий қоиданинг ижросини таъминлаш орқали аҳолининг билим даражасини ошириш ва уларнинг дунёқарашини ўзгартиришни қуйи бўғиндан бошлаш орқали жамиятимизнинг фаровонлигини ошириш, камбағаллик кўламини қисқартириш мақсад қилинган десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, сўнгги икки йил давомида юртимизда болалар боғчалари сони 1 минг 400 тага ортиб, 6 мингдан ошди ва давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилаётган хусусий мактабгача таълим масканлари сўнгги бир йилда икки баробар кўпайди ва 568 тани ташкил этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 30 январь куни "Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилиниши мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади. Мазкур қарорга асосан 2019 йилнинг 1 декабрига қадар қурилиш ишлари 25 фоиздан юқори бўлган лойиҳаларга йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши, қолган лойиҳаларга халқаро молия институтларининг кредитлари (қарзлари) ва грантлари жалб қилингандан сўнг Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 фоизли ставкада, туман марказларида 8 фоиз ставкада, туманларнинг олис худудларида 5 фоизли ставкада ажратилиши белгиланди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керак, халқаро молия институтларидан олинган кредитлар ставкалари 1 фоиздан юқори бўлиб, қарзнинг қолган қисмини давлат ўз бўйнига олган. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик муассасаларини очган тадбиркорларга ҳар ой ҳар бир болага бюджетдан 50 фоиз субсидия ажратилади. Тадбиркор 50 фоиз коммунал тўловлардан ҳам озод қилинади.
Ушбу қарор орқали тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган кўплаб муаммоларни ягона ёндашув орқали бартараф этиш имконияти туғилди ва Мактабгача таълим тизимини, шу жумладан мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикчилиги учун қулай шакл ва шарт-шароитлар яратилди.
Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилик битимларини молиялаштириш мақсадида Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг хайрия эҳсонлари, кредитлари (қарзлари) ва грантларини жалб этиш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда Ўзбекистонда давлат–ҳусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлар сони 6776 тани ташкил этиб, қамраб олинган болалар сони 204 мингдан ошди ва келгусида яна 2 мингта оилавий ҳамда 420 та давлат–ҳусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини очиш режалаштирилган.
ШЕРАЛИ СУБҲОНОВ, Шофиркон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси