August 16, 2020

ОДИЛ СУДЛОВ ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ!

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда суд ҳокимиятининг ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга олиб чичиқлмоқда десак, муболаға бўлмайди.
Хусусан, сўнгги йилларда амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланганлигини, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, уларни ўз оилалари даврасида қолдирилганлигини, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлигини кўриб гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бироқ, амалиётни кузатар эканмиз, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳанузгача мавжудлигини, суд қарорларини қайта кўриш босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида юртбошимизнинг 2020 йил 24 июлдаги "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6034-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга кўра 2021 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар жорий қилинади:

- ишларни назорат тартибида кўриш институти тугатилади;

- жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлашда қарорларни тортишув тамойили асосида тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади, дастлабки эшитув босқичи киритилади.

- туманлараро, туман (шаҳар) судининг қарорини вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган суднинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

- апелляция тартибида кўрилган суд қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

- Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

- давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят иши тугатиш;

Шунингдек, фармонга кўра эндиликда прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари бўйича ишлар тарафлар мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан чақириб олиб ўрганилади.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади ва судлов таркиби 20 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестицияни амалга оширган инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўради. Қолган турдаги инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Бандан ташқари, Олий суд тузилмасида ҳам ўзгаришлар амалга оширилиб, қуйидагилар ташкил қилиниши белгиланди:

·         Олий суд аппарати раҳбари лавозими;

·         Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси;

·         Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари ташкил этилади.

Суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилади ва лойиҳага кўра, жумладан: - вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;
- маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўришни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;
- туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади;

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўрувчи туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.

2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар одамларни ортиқча сарсонгарчилик ва оворагарчилигига чек қўйиб, уларда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи