June 2, 2021

ЎҚИТУВЧИНИ ЎРМАНГ, СЎКМАНГ ФАҚАТ БИЛИМИНИ ЎҒИРЛАНГ

11-май куни Виктор Соловьёв билан “Оқшом” дастурида россиялик бир гуруҳ сиёсатчилар, таҳлилчи ва журналистлар Қозондаги 175-гимназияда содир этилган қуролли ҳужумдан сўнг хукуматдан шуни талаб қилишди.

“...Нам нужно срочно, объезательно вернут казненную смерть за совершению таких безпридел”


Айнан мана шу таклиф билан дастур якунланди. Очиғи, 11-май куни Соловьёвнинг ушбу дастурида нафақат бошловчи, балки таклиф этилган меҳмонлар ҳам (ҳиссиётга тўла бўлса-да) аммо, аниқ, исбот талаб қилмас далиллар билан айтиш мумкинки, ЯХШИ таклифларни ўртага ташлашди. Мени қизиқтирган ва бемалол маъқуллаган фикрим бу: “Агар биз келажакда мана шунақа “моняк”, “гнида”ларни ўзимиз тарбиялаб, яна ўзимиз уларнинг қилган ишларидан лол бўлиб, кейин ўтириб олиб мана бунақа муҳокама қилаверсак, ҳаёт кўз ўнгимизда ўтиб кетаверади, биз эса ҳеч нима қила олмаймиз. Аксинча, ўзимиз вояга етказган ва тарбиялаган шунақа аблаҳларнинг қурбони бўлиб қолаверамиз”,-деди бир сиёсатчи.


Мен, ўзини “худо”ликка даъво қилган қотил Ильназ Галявиевнинг кимлиги, унинг шахсияти, руҳий ҳолати ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Чунки, бу шундоқ ҳам ҳаммага маълум бўлиб улгурди. Воқеадан кейин унинг таржимаи-холи, феъл-атвори, оиласи, дўстлари, қўни-қўшнилар умуман у билан боғлиқ ҳар қандай нарса ОАВ эътиборидан четда қолгани йўқ ва омма унинг аслида қандай одам (инсон эмас) эканлигига шубҳа қилмаяпти. Қуйида ёзмоқчи бўлганларим орқали мени ўйлантирган, ҳаттоки, ташвишга солган бир фикр ҳақида ўз қарашларимни билдирмоқчиман холос.


Дастурда Россиядаги умумий ўрта таълимдаги камчиликлар, айтиш мумкинки, “очиқ, оғриқли нуқсонлар” ҳақида баҳслашишди. Бир профессор АҚШ да бўлганини ва унга ўрта мактабда икки соат рус тили фанидан сабоқ бериш учун чақирилгани зўр ҳаяжон билан айтиб берди.


“... Мен синфга кираяпман ва партада қўлида чипс ушлаб олган, оёқларини унинг устига қўйиб олганча, бемалол кейинги партага деярли ётиб олган бир йигитчани кўраяпман. Қолган ўқувчилар ҳам мақтанарли аҳволда эмас. Энг ачинарлиси мен синфга кириб келдим ва ўқувчиларга ўзим салом бердим. Улар ҳатто алик ҳам олишмади. Ҳалиги ўқувчига оёқларини тушириб ўтиришини ва чипсни кейин тановвул қилишини айтганимда, у бепарво безрайиб ўтираверди. Бирдан синфда енгил кулгу кўтарилди. Мен дарсни бошлашдан аввал уни бир неча марта тартибга чақирдим. Аммо у томондан ҳеч қандай “реакция” бўлавермагач, жаҳл билан бориб очиқ деразадан унинг чипсларини қоғоз халтачаси билан бирга отиб юбордим ва менга ҳайратланиб қолган болаларга эътибор бермай дарсимни ўта бошладим. Энг қизиғи, дарс тугагач, мени директор ўз хонасига чақирди ва мен ўқувчининг шахсий қарашларини, эркинлигини бўғишга уринганим учун ундан узр сўрашим кераклигини айтди. Тасаввур қилаяпсизми, бу нақадар беъманилик, тарбиясизлик. Яхшиям, мен атиги икки кун дарсда қатнашдим. Бўлмаса, у ерда асло ишлай олмасдим”


Яна бир сиёсатчининг фикрига кўра, бугун Россияда ўқитувчиларнинг обрўси умуман қолмаган. Истаган одам уларга қўл кўтариши, устидан кулиши ва масхаралаши мумкин. Лекин, ўқитувчи бунга жавоб қайтара олмайди. У бунга ожиз. Сабаби касб этикаси бунга йўл қўймайди. Ўқитувчини ўзини бунақа тутиши ўқувчилар онгига салбий таъсир кўрсатар эмиш.


Мана яна бир узоқни кўзланган эҳтимоллик назарияси.
“Ҳозир бизда мактабларда эркак ўқитувчилар деярли йўқ. Агар жисмоний тарбия фанини ҳисобга олмаса, мактабда фақат қоровул, бухгалтер ва таъминотчидан бошқа ҳамма аёл киши. Улар орасида ҳам ёшлари кам. Чунки ҳеч ким, эътибор беринг охирги ўн йилда ҳеч ким ўқитувчи бўламан демаяпти. Биринчидан, ойлик маош кам, ўқитувчи “страховка” қилинмаган ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланмаган. Бунақада эртага мактабда ўқитувчи қолмайди. Бугунгига ўхшаш ҳолатлар содир бўлса-чи, борлариям мактабни ташлаб кетади-ку. Унда бизга прокурорни, кимёгарни, дизайнерни, геологни, ҳарбийни, ҳатто Президентни ким тайёрлаб беради?”


Келинг, азизлар Ўзбекистонга қайтамиз. Чунки ёзмоқчи бўлганларим демоқчи бўлганларимдан, ўйлаганларим ёзаётганларимдан-да кўп. Шунчаки, ҳолат сизга таниш эмас, балки танишроқдек туюлмаяптими? Нега дейсизми? Оддий. Бизда ҳам бугун ўқитувчилар беқадр бўлиб кетишмаяптими? Уларни бемалол уришади. Тепишади. Озор беришади. Масхара қилишади. Яхшиям бизда очиқчасига қурол савдоси қонун билан таъқиқланган. Йўқса, онги ҳар нарсадан заҳарланишга тайёр кимсалардан ҳар нарсани кутиш мумкин.


Бу оддий ҳолга айланиб қолишидан аввал, миллат келажагини яратувчилар, қалб меъморлари, азиз ўқитувчилар, устозлар, педагогларни авайлайлик. Ойлиги фалон пул-ку деб ёзғирмайлик. Чунки ўқитувчи бўлмаса ҳеч ким, ҳеч қандай касб эгаси бўлмайди. Буни унутмайлик! Шунчаки огоҳ бўлайлик. Ўз келажагимизга ўзимиз болта урмайлик. Худди ўқитувчини ўрган каби.
***
Америкада кексалар қолиб, ёшларнинг “бидирлаши” – бу ОЗОДЛИК дегани экан. Бизда эса бу тарбиясизлик. Чунки, ўзидан ёши катта, тажрибали ва умуман кўпни кўрган инсон ўтирганида ҳадеб сўзамоллик қилиш бефаросатликдан ташқари, маданиятсизликдан ҳам далолат беради. Бу албатта мени шахсий фикрим. Шунчаки демоқчи бўлганим ғарб услубини ўзлаштираман деб яна ғарб тарбиясини ўзлаштириб олмайлик. Чунки биз буни ҳазм қила олмаймиз. Кўтара олмаймиз. Яхшиси, ўша эски мақол бизнинг менталитетимизга ҳам, тарбиямизга ҳам ҳусн беради.


“... Устоз, эти сизники, суяги бизники. Шу боламни одам қилиб беринг”
Сиз нима дейсиз?!


Отабек Жовлиев