Бухоро НҚИЗда омборхоналар ҳисобини автоматлаштиришнинг самарадорлиги ўрганилди
Аввал хабар қилганимиздек, моддий омборларини бошқаришни оптималлаштириш, бўлинмаларни моддий ва товар бойликлари билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш учун шароит яратиш, уларни тайёрлаш ва логистика учун иш вақтининг йўқотилишини камайтириш, шунингдек, сақлашни қисқартириш мақсадида Бухоро НҚИЗ мутахассислари томонидан штрихкодлаш технологияси ёрдамида омбор жараёнларини автоматлаштириш бўйича иш олиб борилди.
Бухоро НҚИЗда 3та асосий омбор хўжалиги мавжуд бўлиб, уларда ҳар хил моддий-техник заҳира(МТЗ)лар сақланади. Ҳар бир омбор маълум тоифадаги товарлар сақланадиган зоналарга бўлинади.
Бухоро НҚИЗнинг Ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази ва Ускуналар базаси мутахассислари корхона омбор хўжаликларининг ушбу тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича ишлар олиб борди. Хусусан, корхона 1C платформасида штрихкодлаш ёрдамида 1C-Омбор қуйи тизими такомиллаштирилди.
Маълумот учун: Омборда товарларни штрихкодлаш тизимининг ишлаш принципи шундаки, товарга индивидуал идентификатор – штрихкод ўрнатилади. Ҳар бир кодда товар ва материаллар ҳақидаги одатий маълумотлар(номи, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган жойи) ва унинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар бўлиши мумкин: яроқлилик муддати, серия рақами, қандай ускунада ва қайси йўналиш учун ишлаб чиқарилганлиги ва бошқалар.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ молиявий ва комплаэнс назорат департаментининг “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ бўйича бош комплаенс инспектори З.Сатторов томонидан заводга тегишли бўлган 1, 2, 3-хўжалик омборхоналарида завод масъул ходимлари иштирокида ушбу тизим иш фаолиятининг самарадорлиги ва ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди.
Жумладан, завод омборхоналарининг ҳолати текширилиб, қабул қилинаётган материалларнинг кириш назорати тартиби ўрганилди, товарларни сақлаш шароитлари ва муддатлари билан танишилди.
Ўз навбатида, комплаенс инспектори З.Сатторов штрих кодлаш тизимининг ишлаш принципи, товарлар қандай ёрлиқланиши, товар қабул қилиниши ва буларнинг барчаси 1C тизимига қандай интеграциялашгани билан танишди.
Штрихкоднинг асосий афзаллиги шундаки, у электроника томонидан осонгина "ўқилади". Штрихкодни "ўқиган" қурилма рўйхатга олиш ва қайта ишлаш учун маълумотларни омборнинг 1C ахборот тизимига ўтказади. Бу маълумотларни киритиш хатоликларини бартараф этишга имкон беради.
Шунингдек, Бухоро НҚИЗ омборхона хўжаликлари ишчиларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича айрим масалалар ўша ернинг ўзида муҳокама қилинди.