Бола пулини олиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинмайди!
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарорига кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа 12 ой муддатга тайинланади, бироқ бола тегишлича ўн тўрт ёки икки ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади. Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам оила аъзоларининг тақдим этган аризаларига асосан кам таъминланган оилаларга тайинланади.
Болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа ёхуд моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига яъни “маҳалла идоралари”га тақдим этилади ва рўйхатга олинади.
Қандай ҳолатларда оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам пуллари берилмайди?
- Ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан (1 февралдан бошлаб бу 393,8 минг сўм) сўмдан ошганда;
- Ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;
- Ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган:
- Ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;
- Жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;
- Ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;
- Ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда бозор қийматидаги қимматли қоғозлари мавжуд бўлганда;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;
- Оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;
- Оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;
- Даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам пули берилмайди.
Ферузабону Рахимова