October 22, 2021

1. Фотиҳа сураси

--------------------------------------------------------------------------------

Етти оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлган. У «Фотиҳа», яъни «Очувчи сура» деб аталади. Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида аввалги ўринда тургани ва қисқа бўлишига қарамасдан Қуръоннинг асосий маъно-моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам у Қуръон мазмунини «Очувчи» деб номланган.

Бу сурада ягона Аллоҳга бўлган эътиқод, Унинг ўзигагина ибодат қилиш, охират куни борлигига ишониш, ёлгиз Аллоҳнииг ўзидан мадад-ёрдам сўраш, ҳақ дин ва тўғри йўлни Унинг ўзигина кўрсата олишига иймон келтириш каби Ислом динининг асосий талаблари ўз аксини топган. Шунинг учун бу сурани «Уммул-Қуръон» — «Қуръоннинг онаси — асли» деб ҳам атайдилар.

1. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

2-3-4. Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, Меҳрибон ва Раҳмли, жазо (қиёмат) кунининг Эгаси — Подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир.

И з о ҳ. Мақтов-олқишга ҳақдор бўлиш учун башар оламига подшоҳ бўлишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки коинотдаги барча сайёралар ва улардаги бор жонли-жонсиз мавжудотнинг ҳаммаси устидан илму ҳикмат ва раҳм-шафқат билан эгалик қиладиган, бундан ташқари, охиратдаги ҳисоб-китоб кунида ҳам ягона подшоҳ бўлган Аллоҳ таолониг Ўзигина ҳамду санога лойиқ зотдир.

5. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз.

И з о ҳ. Яъни, Сендан ўзганинг олдида бошимизни эгмаймиз ва Сендан ўзгага ёрдам сўраб илтижо ҳам қилмаймиз.

6-7. Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан.

И з о ҳ. Мазкур зотлар — барча пайғамбарлар, ҳақиқий иймон-эътиқод эгалари ва ўз ақидалари йўлида жонларини фидо қилган кишилардир.