9- СЕНТЯБР-БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУН
Янги марралар сари дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг, қолаверса, шариф шаҳримиз Бухоронинг маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Бухоро давлат университети 94 ёшни қаршилади. Университет тарихини, олийгоҳнинг тамал тошини қўйган, унинг номини жаҳонга машҳур қилган, келажагини ўйлаган, илми, касби, фаолияти билан университет шонига шон қўшган қанчадан-қанча инсонлар ҳаёт йўлини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Ўз ҳаётини муқаддас илм даргоҳи билан бир умрга боғлаган устозларнинг илмий-ижодий, педагогик йўли, ибрати ёш авлод камолоти учун зарурдир.
Мустақиллигимизнинг биринчи кунлариданоқ илм маскани равнақига эътибор қилина бошланди. 1992 йилнинг 28 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1992 йилнинг 15 мартидан Ф.Хўжаев номли Давлат педагогика институти негизида Бухоро Давлат дорилфунуни очилиши ҳақида”ги Фармонини мамнуният билан таъкидлаш лозим.
Бухоро давлат университети қачон ташкил топган деган саволга жавоб бериш учун бир қатор ҳужжатли метериалларга мурожаат қилиш лозим.
Бухоро округ маориф (Завокроно) бўлими бошлиғи Вахабовнинг ЎзССР Маориф халқ комиссариати (Наркомпрос) га ёзган маълумотига қараганда, Маданият ва маориф (Культпрос) коллегияси йиғилишида 1930 йил 14апрелда Маориф ХКС режаси бўйича давлат бюджети ҳисобидан Бухоро округида Олий педагогика институти ва 6 та техникум: тўқимачилик, ипакчилик, медицина, тожик педагогика техникуми, зоотехникум ва пахтачилик техникуми очилиши ҳақида қарор қабул қилинган. 1930 йилнинг май ойида Бухорода 3-ўлка партия конференцияси бўлиб ўтади. Унда Бухородаги педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи кўриб чиқилади.
Бухоро вилоят архивидаги ҳужжатлар ҳам 1930 йилда янги ўқув йилига тайёргарлик бораётганлигини тасдиқлайди. Жумладан, 1930 йил 4 апрелида Бухоро Окроно (округ халқ маорифи) шаҳар совети ҳузуридаги горкомхозга очилажак Олий педагогика ўқув юрти учун бино таклиф қилишини сўраб мурожаат қилади.
Бунга жавобан Бухкомстарис Нодир Девонбеги мадрасаси 1930 йил 1 сентябрдан ижарачилардан бўшатилиб, педагогика институтининг ётоқхонаси сифатида фойдаланилиши мумкинлиги хақида маълумот беради. Ушбу ҳужжатлар ҳам Бухоро округида янги пединститут очилишига тайёргарлик ишлари бошланганлигидан далолат беради.
ЎзРес МДАнинг 94-фонди Наркомпрос (ЎзССР Маориф ХКС) ҳужжатларини ўзида жамлаган. Шу ҳужжатлардан аён бўлдики, Бухоро Олий педагогика институтига 1930 йилнинг кузида режа бўйича 105 қабул режаси ўрнига 70 талаба қабул қилинганлиги қайд этилган. Шунингдек, Маориф ХКС Ўзбекистонда 1929-30, 1930-1931 йилдаги ўқув даргоҳларининг номлари келтирилган рўйхатда 1929-30 ўқув йилида Бухорода олийгоҳнинг ҳали йўқлиги, 1930-1931 ўқув йилда режалаштирилганлигини ҳам билиб олса бўлади.
ЎзССР Маориф ХКС коллегиясининг 1930 йил 2 июндаги йиғилишида олий ўқув юртларида, жумладан, Бухоро олий педегогика институтига қабул жараёнида тавсия билан келадиганларга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланади.
ЎзССР МИҚ нинг 1930 йил 17 июл ойидаги йиғилишида ЎзССР Маориф ХКС 1929-1930 ўқув йили якунлари ва 1930-1931 ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳақида Боту маъруза қилган. Унга кўра Бухоро олийгоҳи дастлаб мактаб ўқитувчилари тайёрлашга ихтисослашган ва ижтимоий-адабий, биология бўлимларидан иборат бўлган.
2016 йилда БухДУнинг 85 йиллик юбилейи муносабати билан биз томонимиздан олиб борилган изланишлар натижасида илк маротаба олийгоҳ тузулишига оид муҳим ҳужжат топилиб, нусхаси БухДУ илмий-амалий музейига қўйилди.
Шуниси диққатга сазоворки, 85 йил давомида изланган муҳим ҳужжат на Ўз.Рес.МДА, на ОЎМТВ архиви, на БухВДАдан эмас балки, биринчи директор Каримжон Ваҳабовнинг шахсий фонди жамланган Давлат бадиий меъморчилик музей – қўриқхонаси тасарруфидаги Бухоро тасвирий санъат музейидан топилди. Ушбу ҳужжатнинг қиммати шундаки, унда олийгоҳ ташкил этилган кун – 1930 йил 9 сентябрь санаси қайд этилган. Шунинг учун ҳам 9 сентябрни БухДУ ташкил топган кун деб нишонланса ва бу аньанага айлантирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Сфрагистик (муҳршунослик) тадқиқоти шуни кўрсатадики, ёзилган ҳужжатлар остидаги муҳрларда институтнинг асл номи - Бухоро Олий педагогика институти (Бухарский высший педагогический институт-БВПИ) деб қайд этилган.
Бундан ташқари, Давлат бадиий меъморчилик музей – қўриқхонаси тасарруфидаги Бухоро тасвирий санъат музейиданБухоро Олий педагогика институтининг биринчи директори Каримжон Ваҳобовнинг шахсий фонди экспонатлари орасидан 1930 йил 7 ноябрь куни мазкур олийгоҳнинг тантанали очилиш куни тасвирга туширилган сурат ҳам топилди.
Бухоро олий педагогика институтининг очилиш мароси. 7 ноябрь 1930 йил.
Суратда институтнинг биринчи директори, институт номи ва дастлабки ўқитувчилар таркиби, қолаверса, биринчи ўқув биноси (ҳозирги Бухоро шаҳридаги 6-сон мактаб) ҳақида қимматли маълумотларни олиш мумкин. Суратда илгари Бухоро округи маориф бўлимининг бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган, олийгоҳни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган, 1930 йилда Бухоро Олий Педагогика институтининг биринчи директори этиб тайинланган Каримжон Ваҳобов ҳам бор (биринчи қатор ўнгдан бешинчи).
Бухоро Олий Педагогика институтининг биринчи директори
ЎзССР Маориф ХКС ҳисоботларида Бухоро Олий педагогика институтига 1930 йил кузида жами 64 та талаба, шундан 49 та йигит ва 15 та қизлар талабаликка қабул қилинганлиги қайд этилган. Ўқиш муддати 3 йил бўлган. 1933 йили Бухоро Олий педагогика институтини 35 киши тугатган.
Бухоро олий педагогика институтининг биринчи битирувчилари. 1933 йил
1930-31 ўқув йилида факультетлар ташкил этилмаган бўлиб, бўлимлар деб аталган. 1930 йилда ижтимоий-адабий ва химия-биология бўлимлари фаолият кўрсатган бўлса, 1931 йил аграр-педагогикава 1932 йил бошида физика-техника бўлимлари фаолият кўрсата бошлаган. 1931 йил 1 январь ҳолатида ижтимоий – адабий бўлимда – 27 та, химия -биология бўлимида 26 та, жами 53 талаба таҳсил олган. 1931 йил аграр -педагогика бўлимида – 40та, 1932 йил бошида физика-техника бўлимида 16 талаба таҳсил олган. Унда дастлаб Иоагансон, Дмитриев, Кожин, Каменко, Шариф-зода, Руднянский, Раҳимий, Саид-Аҳмадий, Ситников каби профессор-ўқитувчилар талабаларга сабоқ беришган.
Талабалар рус тилини яхши билмаганлиги учун таржимон ассистентлар ишга қабул қилинган. Шу йилнинг ўзида институтнинг кечки курслари Бухоро ва Когонда ташкил этилган. Бухорода олий ўқув юртига кирувчиларни тайёрлов курсларига ҳам катта эътибор қаратилган. Масалан, батрак ва ишчиларнинг бир йиллик тайёрлов курси, бир неча қисқа тайёрлов курслар ва икки йиллик педкурсларни санаб ўтиш мумкин.
1932 йил охирларига келиб Бухоро Олий педагогика институтида 7 та: химия; биология; физика; математика;тарих; иқтисодиёт; адабиёт каби янги бўлимлар ташкил этилиши режалаштирилганлиги ҳақида маъумот олиш мумкин. Бухоро Олий педагогика институти ҳузурида икки йиллик филиал – Хоразм педагогкадрлар тайёрлаш институти фаолият кўрсатган бўлиб, унга корақолпоқлик талабалар ҳам ўқишга қабул қилинган.
БВДА да 1930-33 йилларда Бухоро Олий педагогика институтига қабул қилинган талабалар сонининг ўсиши графиги келтирган ҳужжатга кўра талабалар сони 1930 йил 56та, 1931 йил 180та, 1932 йил 246та, 1933 йил 211 та бўлган.
Муҳим ҳужжатлардан бири Ф.Хўжаев имзоси билан ХКС нинг 1935 йил 29 мартда собиқ Ўзбекқоракўл биносини Бухоро пединститутига доимийга бериш ҳақидаги қароридир. Шу тариқа пединсититут ўзининг биносига ҳам эга бўлган.
Бухородавлат университетининг дастлабки номларига ҳам тўхталиб ўтсак. 1930 йилда Бухоро Олий педагогика институти деб аталган бўлса, 1931 йилдан Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро Олий педагогика институти,1933 йилдан Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро Давлат педагогика институти, 1937 йилдан Серго Оржоникидзе номидаги Бухоро Давлат педагогика институти, 1938 йилдан 1954 йилгача Серго Оржоникидзе номидаги Бухоро Давлат педагогика ва ўқитувчилар бирлашган институтидеб юритилган. 1981йилдан С.Орджоникидзе номидаги “Ҳурмат белгиси” орденли Бухоро Давлат Педагогика институти, 1990 йилдан Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро Олий педагогика институти ва 1992 йил 15 мартидан Бухоро Давлат дорилфунуни (университети) деб аталган.
Байрам муборак бўлсин ҳамкасблар!
Ўзбекистон Тарихчилар жамияти Бухоро бўлими раиси,
БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори