ЯХШИЛИК ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ...
Жорий йилнинг 28-30 сентябр кунлари Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига Польша Республикаси дан бир қатор музей иши мутахассисларининг илмий-ҳамкорлик доирасидаги ташрифи амалга оширилди. Делегация таркибида Гданьск шаҳридаги II Жаҳон уруши музейининг тадқиқот ва таълим бўлими бош мутахассиси - Дмитрий Панто, Белосток шаҳрининг Сибирь хотира музейи директори - Войцех Слешиньски, Белосток университети халқаро муносабатлар факультети деканининг ўринбосари - Артур Конопацки, Торун шаҳрининг Николай Коперник номли Университети доценти - Йоанна Мария Печовяк хонимлар бор.
Меҳмонлар музейда бўлиб, ҳамкорлик масалалари бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларни билдиришди.
Меҳмонларимизга эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, БухДУ тарих йўналиши профессор-ўқитувчилари билан Польша олийгоҳлари ўртасида грант лойиҳалари доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган долзарб масалалар ҳақида фикрлар алмашинди.
Охирги икки йил давомида БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи Гданьск шаҳридаги II Жаҳон уруши музейи билан қизғин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қатор ҳамкорлик лойиҳалари биргаликда амалга ошилди. Бухородаги польяк қабристонлар, II Жаҳон уруши вақтида Бухорога эвакуация қилинган польяклар, уруш болалари шулар жумласидандир. Уруш болалари лойиҳаси бўйича Польшадан эвакуация қилинган опа-сингил Таисия ва Жанна Пузевичлар ҳақидаги тадқиқотимиз Польша ҳукуматида катта ҳам қизиқиш уйғотди. Ушбу оила билан яқиндан танишиш мақсадида польшалик меҳмонлар Шофиркон туманида истиқомат қилувчи Жўраевлар хонадонида бўлишди.
Жўраевлар хонадонига II Жаҳон уруши йилларида польяк миллати вакилларига кўрсатган беғараз ёрдамлари учун Польша ҳукумати номидан ташаккурнома тақдим этилди.
Меҳмонлар ўзбекона дастурхон атрофида оила тарихи билан боғлиқ маълумотларга аниқлик киритди. Улар опа-сингил Таисия ва Жанна Пузевичларнинг қариндошлари, фарзандлари, невара-эваралари билан эсдалик суратга тушишди.
Польшалик профессор Войцех Слешиньски катта ва аҳил оила билан танишар экан: “Ушбу оилалар Ўзбекистон ва Польша давлатлари ўртасидаги дўстликнинг тимсоли”, деб таърифлади. Жаноб Дмитрий Панто: “Шофиркон ва Вобкентда яшовчи Жўраевлар ва Музаффаровлар оилалари польяк миллатининг бир бўлаги”, - дея эътироф этди.
Ўзбекистон ва Польшани 6000 км масофа ажратиб туради. Польша ҳукумати II Жаҳон уруши йилларида миллат бошига тушган оғир синовлар вақтида Ўзбекистонга нажот истаб келган ёшу қарини бағрини очиб, кутиб олгани ва етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олган бағрикенг ўзбек халқининг жасоратини ҳалигача унутгани йўқ...
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, суронли уруш йилларида Ўзбекистонга олиб келинган, поляк миллатига мансуб бирорта ҳам боланинг тақдирига, гарчи, улар аллақачон вафот этган бўлса-да, бугунги Польша ҳукумати бефарқ эмас. Биз эса, илмий ҳамкорлик ва изланишларимиз икки ҳалқ ва давлатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, деган умиддамиз.
БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори доцент Азалшоҳ Ҳамроев