Бухоро давлат университети биринчи директори Каримжон Ваҳабовни биласизми?
Бухоройи Шарифнинг маънавий – маърифий ҳаётида ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган зиё маскани - Бухоро Давлат университети 94 ёшни тўлдирди. Мазкур олийгоҳнинг тамал тошини қўйган, унинг номини жаҳонга машҳур қилган кўплаб маърифатли инсонлар тақдири ва тарихини ўрганмоқ, ўз ҳаётини ушбу даргоҳ билан бир умрга боғлаган устозларнинг илмий ва маънавий камолот сари босиб ўтган ибратли ҳаёт йўлидан сабоқ чиқариш ва улардан ёш авлодни тарбиялашда унумли фойдаланиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундай инсонлардан бири олийгоҳнинг биринчи директори Каримжон Ваҳобов (1902 – 1959) дир.
Бухоро Олий Педагогика институтининг биринчи директори
Каримжон Ваҳобов 1902 йил (айрим ҳужжатларда 1901 йил) 8 май кунида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви ҳужжатларида К. Ваҳобовнинг 12 ёшдан бошланган таржимаи ҳоли келтирилган. 1913–1918 йиллар Наманган шаҳридаги этикдўз устага шогирд тушган, 1918 – 1919 йилларда Наманган шаҳридаги 1-сон мактабда қоровул, 1919 – 1921 йилларда армия сафида хизмат қилган, 1921 – 1923 йилларда косибчилик билан шуғулланган, 1924 йилда Бухородаги партия мактабида таҳсил олган, 1924 – 1925 йилларда сиёсий – маърифий бўлим ўринбосари, 1925 – 1927 йилларда Ғиждувон тумани халқ Маориф бўлим (РайОНО) бошлиғи, 1928 – 1929 йилларда Бухоро шаҳар халқ Маориф бўлим (ГорОНО) бошлиғи вазифаларида ишлаган.
Каримжон Ваҳобовнинг 1922 йилда Бухоро халқ шўролар республикасининг Савдо ва саноат нозирлигида бўлим бошлиғи бўлганлигини тасдиқловчи гувоҳномаси бор.
БХШР Халқ маориф нозирлигининг 1924 йил 30 ноябрдаги № 30 сон буйруғи билан Бухоро халқ шўролар республикаси Халқ маорифи нозирлиги бўлим мудири лавозимига тайинланган. Халқ маорифи нозирлигида масъул лавозимда ишлаган Каримжон Ваҳобов 1924 йилда Бухоро халқ республикасида чаласаводликни тугатишга ҳам катта ҳисса қўшган. Шунингдек, Зарафшон округ ижроия қўмитасининг 1 декабрь 1924 йил № 16 сон буйруғи билан Зарафшон округ сиёсий - маърифий бошқарма бошлиғи, 30 декабрь 1924 йил № 13 сон буйруғи билан бир вақтда Облоно мудири ўринбосари ҳамда вилоят матбуот ва нашр ишлари бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган. Ваҳобов 1926 йил 17 апрелдаги Ғиждувон уезд ижроия қўмитаси пленуми қарори билан Ғиждувон уезд халқ маорифи мудири этиб тайинланади.
1927 йилда эски Бухородаги Зарафшон вилоят Халқ маорифи бўлимига қарашли Низомия номидаги Ўзбек педагогика институтининг ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курси тингловчиси бўлган. Бундан ташқари, 1930 йил Ўзбекистон Халқ маорифи комиссариатининг икки муҳим ҳужжати Каримжон Ваҳобовнинг Бухоро Олий (ўша давр изоҳли луғати бўйича Алий) Педагогика институтининг биринчи директори этиб тайинланганлигини тасдиқлайди. 1) Ўзбекистон Халқ маорифи комиссариатининг 9 сентябрь 146 – сон буйруғи ва Ўзбекистон Халқ маорифи комиссариатининг 1 октябрь 1930 йил коллегияси йиғилишининг № 91 - сон баённомаси; 2) К. Ваҳобовнинг 1931 йил 1 апрелидан бошлаб Москва шаҳрига, Крупская номидаги Академияга ўқишга юборилаётганлигидан далолат беради. Каримжон Ваҳобов 1933 - 1936 йилларда Ленинград қишлоқ хўжалик университетини муваффаққиятли тугатди.
Каримжон Ваҳобов 1939 - 1940 йилларда Тошкент шаҳар Октябрь район партия қўмитасининг котиби лавозимида ишлаганлиги ҳам маълум бўлди. У 3 сентябрь 1940 йил Ўзбекистон Халқ маорифи комиссариатининг № 1712 а буйруғи билан Ваҳобов Ўзбекистон Тарихи Марказий музейининг (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи) директори лавозимига тайинланган.
II жаҳон уруши йилларида К. Ваҳобов биринчилар қаторида кўнгиллилар сафида жангга отланади. 2- Украина фронти қўшинларида капитан К. Ваҳобов кўрсатган жасоратлари учун қатор медал ва орденлар билан тақдирланган. “Жанговор хизматлари учун” медали ва икки карра “Қизил юлдуз” ордени шулар жумласидандир.
1946 йилдан К. Ваҳобов Бухоро вилоят маориф бўлим мудири сифатида фаолият олиб борган. 1950 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳар Москва райони халқ маориф бўлими мудири лавозимида ишлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам мавжуд. Унда Каримжон Ваҳобовнинг умрининг охирги йилларида Бухоро вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаганлиги ва “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланганлиги ҳам қайд этилган. 1959 йил 29 декабрда Каримжон Ваҳобов вафот этган.
2016 йилда БухДУнинг 85 йиллик юбилейи муносабат билан очилган олийгоҳ музейи ҳам К. Ваҳабовнинг фаолиятини ёритиб берувчи экспозициядан бошланади. Бугун 94 ёшни тўлдирган Бухоро давлат университетининг тамал тошини қўйган фидойи инсонлар ва минглаб профессор-ўқитувчилар ёди барҳаёт.