October 25, 2024

ЯШИЛ МАКОН УМУММИЛЛИЙ ДАСТУРИ АМАЛДА: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР ХУСУСИДА

Холлиев Аскар Эргашович,биология кафедраси профессори, биология фанлари доктори

Норбоева Умида Тоштемировна Экология ва география кафедраси профессори, биология фанлари доктори

Куни кеча Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий дастури ижроси ва кузги мавсумда ишларни жадал ташкил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий дастури ижроси ва кузги мавсумда ишларни жадал ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, вилоят ҳокимларига ҳар бир вилоятда 1 тадан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети техникумини ташкил қилиш топширилди. Техникум атрофида илмий-амалий машғулотларни олиб бориш учун дендрология боғи ҳам ташкил қилинади. Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети янги ўқув йилидан университетда дуал таълимни йўлга қўйиш, уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши бўйича қисқа курслар ташкил қилиб, ҳар йили 1 минг нафар ходимнинг малакасини ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион дарахт ва бута экиб, яшилликни 2030 йилгача 30 фоизга етказиш бўйича марра олинган. 2020 йилда яшиллик даражаси 8 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 12 фоиз. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди. Жорий йил баҳорида 138 миллион дона кўчат экилгани, йил бошидан 10 минг гектардан зиёд “яшил белбоғ”, 257 та “вазирлик” ва “ҳокимлик” боғлари барпо қилингани таъкидланди. Шу йилдан бошлаб йўл, дарё ва каналларга туташ 2 минг гектар ер 10 минг аҳоли ва тадбиркорларга экиш учун ижарага берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм берилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда баҳор мавсумида 28 та туман дарахт экишда режани бажармагани танқид қилинди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган. Ҳар бир ҳоким, вазир, ташкилотга қаерга, қанча кўчат экиш эгаси, жойи, суви ва маблағи билан аниқ белгилаб бериш топширилди, мутасаддилар бунинг ижроси бўйича қатъий сўров бўлиши ҳақида огоҳлантирилди. Йиғилишда энг аввало юртимиз иқлимига мос сифатли кўчатни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. Фанлар академияси, экология, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, карантин тизимидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олийгоҳлар, кафедралар, ин-витро лабораторияларидан самарали фойдаланиб, уруғ ва кўчат етиштириш ҳажмини ошириши зарурлиги айтиб ўтилди.

Нукус, Арнасой, Қоракўл, Муборакда кейинги йилда сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимликларидан иборат 4 та боғ барпо қилинади. Уруғ олиш учун ўрмон хўжаликларидан соғлом оналик плантациясини танлаш орқали йилига 1,5 минг тонна уруғ тайёрланиши, Корея тажрибаси асосида сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида 2 миллион кўчат етиштириш тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва водий вилоятларидаги 327 гектар ерда ноёб мевали кўчатларни ин-витро усулида етиштиришни йўлга қўйиш топширилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмдаги 250 минг гектар чўлда сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экиш ишлари бўйича кўрсатма берилди. Октябрь-ноябрь ойларида маҳаллаларда 40 миллион дона манзарали ва мевали дарахт янги тизим асосида экилиши белгиланди.

“Маҳалла еттилиги” ҳар бир маҳаллада 30 тадан камбағал оила хонадонига 20 тупдан, 20 минг якка ёлғиз кексалар хонадонига 10 тупдан мевали дарахтлар тарқатилиши белгиланди. Шунингдек, еттилик ўзига бириктирилган кўчаларда жами 6 миллион дона манзарали дарахт, кўчалар, уйлар, кўп қаватли уйлар атрофига жами 3 миллион мевали ва манзарали дарахт экишни ташкиллаштириши муҳимлиги қайд этилди.Таълим тизими раҳбарларига 20 мингдан зиёд боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 2,5 миллион дона кўчат экишни ташкил қилиш топширилди. Ёшлар ишлари агентлиги 155 минг ёшларга бўлиб берилган 60 минг гектар ерда жами 1,5 миллионта мевали дарахт экишга кўмаклашади.Барча маҳаллаларда кўчат ярмаркасини ташкил қилиб, 30 миллионта кўчат етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.

Телевидение, радио, газета ва ижтимоий тармоқларда дарахт экиш нуронийлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, санъаткор ва спортчилар иштирокида кенг тарғиб қилинса, ишларнинг самараси бундан-да юқори бўлиши таъкидланди.Президентимиз аҳолини дарахт экишга жалб қилиш бўйича яхши тажрибалар кўпаяётганини қайд этиб, тўлов ташкилотлари ва электрон савдо платформаларининг бундай лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Дала четларида 21 миллион туп терак, тут ва узум экиш, тармоқ корхоналарида 5 миллион кўчат экиб, “яшил белбоғ” барпо қилиш муҳимлиги таъкидланди. Президент кейинги йилда “Яшил макон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратилишини эълон қилди. Эндиликда дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилади.

Вилоят ҳокимликларига “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича яшил боғ яратишга камида 1 гектар, яшил жамоат парки учун ярим гектардан ер ажратиш топширилди. Фанлар академияси билан биргаликда 20 гектарда тажриба-синов майдончаси қилиб, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклайдиган ўсимликларни етиштиришни ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Сўнгги вақтларда юртимизда чанг бўронлари тез-тез содир бўлаётгани қайд этилди.Бунга глобал иқлим ўзгариши билан бирга ноқонуний дарахт кесилиши, сув камайиши, тартибсиз чорва боқилиши оқибатида чўл яйловлари деградацияга учраётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Чўллардаги ўсимликлар турлари ҳам кескин камайган. Давлатимиз раҳбари аҳоли кўпайиб бораётган шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг катта захирамиз – яйловлар эканига эътибор қаратди. Шу боис, яйловлардан фойдаланишга эҳтиёж йилдан-йилга кўпайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.